Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:01

SMS хабарлар тарқатиш – мухолифатнинг янги кураш усули


Хабарларга кўра, Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда мобил телефонларига ўзбек, рус ва инглиз тилларида “Йўқолсин Каримов!”, “Андижонни унутманг! Муҳаммад Солиҳ” сўзлари ёзилган SMS хабарлар тарқатилган.

Маълум бўлишича, бундай сўзлар ёзилган SMS “Ўздунробита” тармоғида бўлган телефонларга ҳам етиб борган.

“Тахминан икки мингтача SMS жўнатдик”, - деди ўзини “Эрк” партияси ёшлар қаноти фаоли деб таништирган йигит.

SMS хабарлар Ўзбекистондаги етакчи мобил телефон хизмати компанияси бўлмиш “Ўздунробита”нинг веб сайти орқали ўзбекистонликларга тарқатилган. Ушбу компания мижозлари “Андижонни унутманг!” сўзлари ёзилган SMS хабарларни мамлакатнинг турли вилоятларда ҳам ўқиган.

“Мақсадимиз ахборот олиш имконидан маҳрум этилган ўзбекистонликларга бир йил аввалги Андижон қирғинини эслатиш ва мухолифат борлигини билдиришдир”, - деди ёшлар қаноти фаоли.

Ўзбекистонда ҳукумат ОАВ устидан қанчалик назорат ўрнатмасин, мухолифат Интернет ва мобил телефон хизмати орқали ўз ғояларини мамлакат ичига ёйишга имкон қидираётган кўринади.

“Эрк” партиясининг ёшлар қаноти Ўзбекистонда биринчи бор бу ишга қўл урди.

Бунга ўхшаш SMS-кампания сўз эркинлиги чекланган Эрон ва Беларусдаги президент сайловлари пайти ўтказилган эди. Ўзбекистонда эса бу биринчи бор амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, SMS орқали ёппасига мобил телефонларга чиқиш имконсиз. Қолаверса, аксар ўзбекистонликлар мобил телефонга эга эмас.

“Ўздунробита” компанияси мижозларининг айримлари бундай кўринишдаги SMS хабар олмаганини билдирди.
XS
SM
MD
LG