Линклар

logo-print

Сочидаги кутилмаган учрашув

  • Озодлик

http://gdb.rferl.org/11188EEC-5D7B-4839-BD54-05E5B4F7A14E_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/11188EEC-5D7B-4839-BD54-05E5B4F7A14E_mw800_mh600.jpg 12 май куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш учун унинг Сочидаги қароргоҳига келди. Бу ташриф ҳақида аввалдан эълон қилинмаган эди.

“Коммерсант” газетасининг ëзишича, Ислом Каримовнинг бир ой тинимсиз қилган илтимосидан сўнг бу ташриф амалга ошган.

“Андижондаги қонли воқеалардан бир йил ўтиб, борган сари Ғарбнинг кучлироқ босими остида қилаëтган жаноб Каримовда ўз режими барқарорлиги борасида жиддий хавотирлар пайдо бўлган. Россия тобора заифлашиб бораëтган бу иттифоқчисига ëрдам қўлини чўзишга тайëр, аммо бунинг эвазига Каримовдан улкан иқтисодий ва геополитик ëн беришни талаб қилмоқда”, - деб ëзди “Коммерсант” газетаси 12 май куни.

“ИТАР-ТАСС” агентлигининг Сочи учрашуви ҳақида тарқатган хабаридан Путин-Каримов учрашувида “Коммерсант” хабар қилган ëн беришларнинг амалга ошганини сезиш қийин эмас.

Бу хабарга кўра, И.Каримов В.Путинга Ўзбекистондаги, ўз сўзи билан айтганда, энг ширин объектларни олишни таклиф қилган.

“Ўзбекистон бугун йирик ишлаб чиқариш муассаларини хусусийлаштиришга тайëр. Постсовет ҳудудларида хусусийлаштириш имконини таклиф қилаëтган давлатлар анчагина, аммо яхшироқ қаралса, у ерда хусусийлаштириладиган нарсанинг ўзи қолмаган. Ўзбекистон эса бу борада бошқалардан ажралиб туради, зотан, биз хусусийлаштириш жараëнига шошилмадик. Мамлакатдаги энг ширин, стратегик объектлар хусусийлаштирилишни кутиб турибди”, - дер экан Каримов Россия ширкатларига бу объектларнинг энг муҳимлари эгасига айланишни таклиф қилди.

Путин-Каримов учрашуви Россия президенти Ўзбекистон билан иттифоқчилик муносабатларига оид келишувни тасдиқлаганининг эртасига бўлиб ўтмоқдаки, бу ҳақда Путиннинг ўзи журналистларга маълум қилди.

“Биласиз, мен кечагина иттифоқчилик муносабатларига доир келишувни ратификация қилиш ҳақидаги қонунга қўл қўйдим. Бу сифат жиҳатдан янги муносабатларимиздаги ўзига хос босқичдир. Бугунги суҳбатда ана шу мавзу, қолаверса, Марказий Осиëдаги вазиятни муҳокама қиламиз. Биз бу вазиятга бефарқ эмасмиз, чунки бу минтақа бизнинг уйимиздир”, - деди В.Путин И.Каримов билан ëпиқ эшик ортида суҳбат бошлашдан аввал.

Яккама-якка сўзлашув арафасида И.Каримов ҳам Путин ва Россияга мураккаб кунларда кўрсатаëтган таянчи учун яна бир бор ўз ташаккурини билдирди.

“Мен, биринчи навбатда, Россия Федерация кенгашига иттифоқчилик муносабатларига оид келишувни ратификация қилгани, сизга эса Владимир Владимирович, бу тарихий жиҳатдан муҳим ҳужжатга кечагина қўл қўйганингиз учун ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдирмоқчиман”, - деди И.Каримов.

Хўш, В.Путиннинг иттифоқчилик муносабатларига оид келишувни 11 май куни қонунга айлантирганию, И.Каримовнинг айнан Андижондаги қонли воқеалар бир йиллиги кунларида В.Путин билан дунëга кўриниш бераëтгани тасодифми?

“Шахсан мен учун 12 май кунги учрашув Москва Путиннинг Каримовга унинг Андижондаги исëнни ваҳшийларча бостиришига нисбатан бир йил аввал кўрсатилган таянчни бугун ҳам бераëтганининг ëрқин намойишидир. Москва бу билан Ғарбга қарата “ўзиникини бошқаларга едириб қўймаслиги, унинг нархини билиши” кўрсатмоқчи. Ишончим комил¸ москвадагилар Андижондаги қотиллик кўлами, унинг нархини ҳақиқатан ҳам яхши билади. Аммо манфаатлари учун қўл келар экан, бундан имкон қадар фойда олишни давом эттираëтир”, - дейди москвалик кузатувчи Аркадий Дубнов.

“Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ эса Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги бирдамликни Ғарбга намойиш этиш В.Путиндан кўра ҳам И.Каримовга кўпроқ кераклигини айтди.


М.Солиҳ 11 май куни Европа парламентида Андижон фожеасининг бир йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган давра суҳбатида иштирок этди. Айни шу йиғинда ЕИнинг Каримов режимига қарши янги, кескинроқ жазо чоралари қўллаш эҳтимоли ҳақида гап борди. Бу чоралар ичида эса И.Каримов ва оила аъзоларининг иттифоқ ҳудудларига киришини тақиқлаш, уларга тегишли банк ҳисобларини музлатиш таклифи ҳам тилга олинди. Айни шундай талабни куни-кеча АҚШдаги нуфузли сенатор Жон Маккейн ҳам тилга олди.

В.Путин, Сочи учрашуви кўрсатаëтгандек, И.Каримовни ўз ҳимоясига олиб турган бир пайтда бундай таклифларнинг амалга ошиши қанчалар реал?

“Ғарб Каримов режимига қарши кескин чоралар қўллашга ўтар экан, Москва буни тўхтатишга уриниб кўради, аммо тўхтата олмаса, масалага қўл силтаб қўя қолади”, - деди М.Солиҳ.

А.Дубновнинг фикрича ҳам Москва И.Каримовни ҳимоя қилишда ўз фойдасидан нарига ўтмайди. Бугунги Россия сиëсатининг ўзак –негизи прагматизм экани кундек равшан. Бошқача айтганда, Москва Ғарбда яккамоховга айланган Лукашенкони ҳимоя қилишда қанчаликка борган бўлса, Каримов борасида ҳам ундан нарига ўтмайди.

А.Дубновнинг таъкидлашича, Ғарб давлатлари июль ойида Санк-Петербургда бўладиган “Катта саккизлик” саммитида Ўзбекистон масаласини ҳам муҳокама қилиш истагида. Москва бу масалани кун тартибига киритмаслик учун бор дипломатик имконини ишга солади. Аммо бунга муваффақ бўла олмаса, И.Каримовни деб Ғарб билан муносабатларини бузиб ўтирмайди.
XS
SM
MD
LG