Линклар

logo-print

Россияда ишлаш муҳожирлар учун қийинлашгандан қийинлашмоқда

  • Барно Анвар

Россия президенти Владимир Путин 10 май куни парламентнинг ялпи йиғилишида қилган йиллик мурожаатида Россиядаги демографик бўҳрон хусусида ҳам алоҳида тўхталди.

Россиядаги бугунги демографик вазиятни таҳлил қилган демографлар тахминича, 2020 йилларга бориб мамлакатда ҳозирги 145 миллиондан ортиқроқ аҳолидан 125 миллион қолиши мумкин. 2050 йилга бориб эса бу рақам 98 миллионга тушиши эҳтимоли бор. Россиядек катта давлат учун бу жуда катта инқирозни англатади ва бунинг сабаби туғилишнинг камлиги ҳамда ўлим даражасининг ортишидир.

Ана шу инқирознинг олдини олиш учун кўрилаётган тезкор чоралар, биринчи галда, туғилишни кўпайтириш ва миграция сиёсатни яхшилаш бўлмоқда. Президент В.Путин бундан ташқари мамлакатга малакали ишчи кучини жалб этиш заруриятини алоҳида таъкидлади.

“Миграция сиёсати соҳасида асосий эътибор хориждаги ватандошларимизни жалб этиш бўлиб қолмоқда. Шунингдек, мамлакатга келаётган малакали муҳожирлар оқимини кучайтириш (саводли ва қонунга бўйсунадиган инсонларни жалб қилиш) ҳам асосий вазифа бўлиб қолади. Айни вақтда Россия келаётган одамлар Россия маданияти ва миллий қадриятларимизга ҳурмат билан муносабатда бўлиши зарур”, - деди В.Путин.

Президентнинг бу сўзлари Россияда юрган миллионаб осиёлик муҳожирларнинг муаммосини ҳал этармикин, деган савол туғилади. Боиси, мамлакат аҳолиси, хусусан, ёшлари ўртасида юзага келган миллатчилик, ирқчилик кайфияти бу юртга ишлагани келган миллионлаб муҳожирнинг оғир аҳволини яна-да оғирлаштирмоқда. Яъни ҳуқуқ-тартибот ходимларидан қочиб юрган муҳожирлар бора-бора кайфияти бузуқ руслардан ҳам қочишга маҳкум.

“Россиядаги демографик вазият борган сари фожеавий тус олаётганига анча бўлган. Лекин шу фожеадан қутқариши мумкин бўлган миграция сиёсати шу вақтга қадар муҳожирларнинг жалб этишга эмас, балки уларни қайтаришга хизмат қилди. Келган муҳожирларнинг рўйхатдан ўтиши, вақтинчалик яшаш ёки доимий яшаш ҳуқуқини олиш ва ёки фуқароликни олиши жуда мушкул. Ҳукуматнинг бу сиёсатига қараб вазият яқин-орада ўзгаришига ишониш қийин. Тўғри, президентнинг кечаги сўзларидан кейин муҳожирларга муносабат яхшиланар, деган умид туғилади. Кўрамиз-да, энди ҳар ҳолда президентнинг ўзи айтяпти буни”, - дейди Россиядаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, “Фуқаровий кўмак” қўмитаси ходими Иралия Усмонова.

Унинг сўзларига кўра, бу муаммонинг ҳал этилишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган яна бир жиддий сабаб кейинги вақтда Россия ёшлари ўртасида миллатчилик, ирқчилик, муҳожирларга нисбатан нафрат кайфияти кучайиб кетаётганидир.

“Деярли ҳар ҳафта бирор осиёлик ёки қора танли муҳожир талаба калтаклангани, ҳақоратлангани ёки уриб ўлдирилганини эшитамиз. Аянчлиси, ҳукумат бу ҳолатларга деярли кўз юмаяпти. Ҳукумат гўёки бу билан аҳолини ва Россияга келаётган катта миқдордаги муҳожирларни доимий қўрқув, назоратда ушлаб туришга ҳаракат қиляпти. Шу боис, мамлакатга қўрқиб-қалтираб кириб келаётган муҳожирлар ҳисобига демографик инқироздан қочишга умид қилиш бир қадар мантиқсиздай туюлади” , - деди Иралия Усмонова.

Ўзбек йигити Фурқат 6 йилдан буён Россиянинг Новосибирск вилоятида ишламоқда. У россияликлар ўртасидаги муҳожирларга нисбатан туғилган тоқатсизлик, нафрат ва ирқчилик кайфияти ҳали бери йўқолмаслигини айтди.

“Мен россияликларнинг бошқа юртлардан келаётганларга муносабати ўзгаришига ишонмайман. Биласизми, улар биз тарафлардан келганларни ҳам бошқаларни ҳам бирдек “чурка” дейди. Ёшлари ҳам, анча-мунча катталари ҳам шунақа муносабатда, улар муносабатини ўзгартиришига мен ишонмайман. Биз бу ерга ишлаш учун келганмиз ва қанчалик қийин бўлишига қарамай, ишлашга мажбурмиз”, - дейди Фурқат.

Унинг айтишича, сўнгги йиллар ичида бу ерда яшаш, рўйхатдан ўтиш, вақтинчлик яшаш ҳуқуқини олиш қийинлашса қийинлашганки, аммо енгиллашмаган.

“Мисол учун, уч ой яшаш учун рўйхатга турадиган бўлсам, 2 минг рубл тўлашим керак. Агар рўйхатдан ўтмай юрадиган ва уч ой ичида бор-йўғи беш марта милицияга тушадиган бўлсам, 500 рубл билан қутулиб кетаман. Шу қулай-да менга! Агар вақтинчалик яшаш учун рўйхатга тураман, деб борсангиз, бир дунё қоғозни тўлдириб келиш керак. Камчилик топади, у йўқ, бу йўқ, дейди. Пора сўрайди, хуллас, дарди пулда! Аввал рўйхатдан ўтиш анча осон эди. Бирорта танишинг билан борардинг, рўйхатга турардинг. Ҳозир эса бу иш паспорт столга ўтказиб қўйилди, умуман ҳаммаси мураккаблашиб кетди”, - деди Фурқат.

Россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Иралия Усмонова эса шу кунларда Россия ички ишлар органларида муҳожирларни рўйхатга олиш бўйича тартиб қоидаларни кучайтиришга қаратилган янги ички буйруқ бўлганлигини билдирди.

“Мен уч кун муқаддам пасспорт столда ишлайдиган ходима билан гаплашдим. Унинг айтишича, бундан буён фақат Россияда яқин қариндоши бўлган, яъни фамилияси бир хил бўлган муҳожирларгина вақтинчалик яшаш ҳуқуқини олиш мумкин бўлар экан. Бу энди умуман ҳазм қилиб бўлмайдиган тартиб”, - деди И.Усмонова.
XS
SM
MD
LG