Линклар

Андижон фожиасининг бир йиллиги муносабати билан шанба куни Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида олтмишга яқин одам пикет ўтказди.


Рухсат этилмаган пикет қатнашчилари дунё жамоатчилигини Андижон воқеаларида қурбон бўлганларини унутмаслик ва президент Ислом Каримовни жавобгарликка тортишга чақирган. Пикетни кузатган Озодлик мухбири Брюс Паниерга кўра, тадбир тинч ўтган. Қирғизистонда қочқинлик мақомини олган Мухолифатдаги ЭРК партияси аъзоси Исроилжон Ҳолдоров пикет ҳақида Озодлик мухбирига бундай деди: “Биз Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги божхонага 50 метрча етмасдан ўзимизнинг сиёсий акциямизни ўтказдик. Ўтган йилги Андижон воқеаларини эслаш, уни унутмаслик, Каримов диктатурасини тўхтатиш масаласида пикет уюштирдик”, – дейди Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида паноҳ топган ЭРК фаоли.
Шунингдек, 13 май куни Москва, Британия пойтахти Лондон, Швециянинг Калмар шаҳари ва Бельгия пойтахти Брюсселда ҳам пикетлар ўтказилди.
Андижон фожиасининг бир йиллиги муносабати билан жума куни Нью Йорк, Истанбул ва Киевда ҳам пикет ва намойишлар ўтказилган эди.
Тошкентда ҳуқуқ ҳимоячилари уюштирмоқчи бўлган пикет ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан тарқатиб юборилди. Улар Андижон воқеалари юзасидан текширув ўтказишни талаб қилмоқчи бўлган.
Андижон фожиасининг бир йиллиги муносабати билан Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсати мутасаддиси Хавиер Солана 12 май куни баёнот эълон қилган эди.
Шанба куни АҚШ ҳукумати Андижон фожиаси юзасидан мустақил текширув ўтказиш ҳақидаги халқаро чақириққа қўшилди.
XS
SM
MD
LG