Линклар

“Озодлик” мухбири турли сабабларга кўра шу кунларда Қозоғистонда бўлиб турган минглаб ўзбекистонликлардан айримларининг Андижон воқеаларига муносабатини ўрганди.

“Наманганданман, (Андижонда) жанг бўлганини биламан, лекин у ерда террорчиларми ёки тинч аҳоли бўлганми, буни билмайман”, - дейди қурилишда ишлаётган йигит.

Андижондан эканини айтган мардикор эса кимга ишонишини билмаслигини, эшитганларининг кўпи миш-миш эканини, “акрамий” сўзини ўша кунлари эшитганини билдирди.

Хоразмлик йигит эса бу воқеалар ҳақидаги гап-сўзлар у ёқларга етиб бормаганини айтиб қўя қолди.

“Биз Наманганнинг Чуст туманиданмиз. Андижон воқеасининг бизга аҳамияти йўқ. Андижон бизга анча узоқ”, - деди йигитлардан бири.

”Озодлик” мухбири ўзбекистонлик ўнлаб гастарбайтерлар билан суҳбатда бўлди. Бироқ улар билан суҳбатлашиш осон кечмади. Кимдир Андижон воқеалари тўғрисида умуман гапиришни хоҳламаса, бошқалари бу ҳақда эшитганини, аммо эслай олмаслигини айтди. Кўпчилик эса бу воқеа бўйича жуда кўп билишини, бироқ микрофонга ҳеч гап айтмаслигини таъкидлади. Маълум бўлишича, кўпчилик бу воқеа тафсилотларидан хабардор, аммо гапиришга қўрқади.

”Қўрқади, қўрқмай илож ҳам йўқ. Чунки амалдорлар одамларни чумоли ўрнида ҳам кўрмайди. Вақти келса, босиб-янчиб ўтаверади. Ўлдириб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Чунки амалдорлар бир нарсага ишонади. Улар ўлдирган ёки азоб берган кишини ҳадди сиғиб суриштирадиган одамнинг ўзи топилмайди. Шунинг учун улар бемалол хоҳлаган ишини қилади. Халққа босим ўтказиб, уларни эзади. Эзилган халқ эса ўз фикрини очиқ айтишга қўрқади”, - дейди ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиларидан бири.

Суҳбатдошлар ичида ўз фикрини билдиришдан чўчимайдиганлар анчагина эканига ҳам маълум бўлди.

“Бундай тўполон бўлиши керак эди. Чунки халқнинг кўпчилиги оч-наҳор. Ҳар қаерда сарсон бўлиб юрибмиз”, - деди фарғоналик киши.

Ўзини тошкентлик деб таништирган йигит эса халқ қийналганидан қўзғолон кўтарганини таъкидлади.

“Етишмовчилик натижасида андижонликларнинг барчаси Қозоғистонга келиб, гастарбайтерлик қиляпти. Биз тошкентликлар ҳам бу ерга келишга мажбур бўлдик. Ўзбекистонда маош камлигидан оила боқишнинг иложи йўқ”, - деди йигит.

Хоразмлик гастарбайтер эса бу вилоятда халқнинг барчаси ҳукуматдан норози экани билдирди.

Айни пайтда Қозоғистонда яшаётган ўзбекистонлик шоир Баҳром Ғойиб Андижон воқеалари пичоқ суякка бориб етгандан сўнг юз берди, деган фикрда.

“Афсуски, бу исён уюшмаган, стихияли кўтарилгани учун тезда тугади. Бунга Ўзбекистон ҳукуматининг намойишни шафқатсизларча бостириши сабаб бўлди. Бу воқеа Қиргизистонда бўлганида балки президент алмашиши билан тугаган бўлармиди!? Агар Асқар Ақаевга ўхшаган маданиятли президент бўлганида, халқнинг қонини тўкмасдан, ўз вазифасини ташлаб кетган бўлармиди?! Лекин, афсуски, бизда бундай бўлмади. Менимча, ҳеч қачон бўлмайди ҳам”, - деди Б.Ғойиб.

Ўзбекистонлик адабиётшунос Ботир Норбоев айни пайтда Жанубий Қозоғистон университетида дарс бермоқда.

“Андижон воқеалари халқимизнинг жуда катта фожеаси бўлди. Ким айбдор? Оддий халқни, болаларни, аёлларни отишга ким буйруқ берган? Ҳали булар текширилмади. Вақти келиб барибир барча ҳақиқат юзага чиқади. Мен бегуноҳ қурбон бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдираман. Бу фожеа ҳаммамизнинг юрагимизнинг энг оғриқли яраси бўлиб қолади”, - деди Б.Норбоев.

Шу кунларда Қозоғистонда гастрол сафари билан келган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирзабек Холмедов ҳам бу воқеаларга ўз муносабатини билдирди: “Шу мусибатлар бўлди бизда ҳам. Одамлар ҳаётдан кўз юмди. Ўтганларни Аллоҳ раҳматига олсин. Фақат худодан сўраймизки, бунақа мусибат бошқа қайтарилмасин. Ҳозир гапираяпману, юрагим тўлқинланиб кетяпти. Ўша фожеа бўлганида куёв билан келиннинг йиғлаганини кўрганман. Куёв водийдан, келин Тошкентдан. Бири бирига етиша олмай йиғлаяпти. Чегаралар бекилиб қолганидан. Портлаш бўлганидан. Мен намозхон одам сифатида айтаманки, бунинг барчаси синов. Халқ шундай кунлар пешонасида бор экан, кўриши керак. Энди буёғига яхши чиройли кунлар келади. Келмай иложи йўқ. Шу мусибатларга, ташвишларга сабр қилган, шукур қилганларга Аллоҳнинг мукофотлари бўлади, албатта”.

Айримлар Ўзбекистондаги бугунги вазият туфайли Андижондаги воқеалар яна такрорланиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Ботир Норбоевнинг таъкидлашича, Андижон воқеаларидан кейин Россия билан Хитойдан ташқари дунёдаги кўплаб мамлакатлар Ўзбекистон билан муносабатларини узиб қўйган. Бунақа вазиятда узоққа бориш қийин. Халққа жабр бўлади, ҳукуматнинг ўзига ҳам қийин келади. Агар вазият ўнгланмаса, Андижон воқеаларидан ҳам даҳшат тўполонлар бўлиши мумкин.

Баҳром Ғойиб эса: “Ҳар қандай арзимаган воқеа қуриб турган шох-шаббага тушган учқундай олов олиши мумкин. Ўзбекистонда вазият пишиб, етилиб турибди. “Ёлонғоч сувдан қайтмайди”, “ўладиган ҳўкиз болтадан тоймайди” деганларидек, ҳар қандай арзимаган воқеа исён кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин”, - деди.
XS
SM
MD
LG