Линклар

Жеймс Никси: “Андижондан сўнгги олишувда бугун Ислом Каримов ғолибдир”

  • Замира Шукур

Андижон воқеалари дунёнинг фаол сиёсат юритадиган давлатларини Ўзбекистон билан муносабатларда икки қутбга бўлиб қўйди. Орадан бир йил ўтганига қарамай, бу қутбларнинг мазкур воқеаларга ёндашувлари ўзгаргани йўқ.

Ғарб Андижон воқеаларида ҳукуматнинг қуролсиз аҳолига қарата ўт очганини қоралаб, бу қирғин айбдорларини топиб жазолаш учун халқаро мустақил тешириш ўтказишни талаб қилган бўлса, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари бу фожеа Ўзбекистоннинг ички иши эканини билдирди.

Лондондаги қироллик институтининг халқаро муносабатлар бўйича таҳлилчиси Жеймс Никсининг таъкидлашича, томонлар бундай қарашларини ҳали ҳам ўзгартиргани йўқ.

“Кейинги бир йил давомида Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан халқаро муносабат ўзгаришсиз қолди, зотан Андижон воқеаларидан сўнг мамлакат бўйлаб бошланган террор бу муносабатнинг ўзгаришига жой қолдирмади”, - дейди британиялик таҳлилчи.

Деҳлидаги халқаро муносабатлар институти шарҳловчиси Киар Жавоҳарнинг Андижондан кейин Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳукуматлари ўртасидаги яқинлашув хусусида айтган гаплари эса нега Шарқ давлатлари бу фожеани “Ўзбекистоннинг ички иши” деб атаб, бундай қарашни ўзгартирмаганига жавоб бўлади. Яъни, унинг сўзларига кўра, Ҳиндистоннинг инсон ҳуқуқлари борасидаги қарашлари Ғарбникидан фарқли ва у ҳар бир халқнинг ўз миллий анъаналарига асосланиши керак, деган принципдадир.

Россиялик мустақил кузатувчи Виталий Портников Ғарб ва Шарқ ҳукуматларининг Андижонга нисбатан тутган қарама-қарши позицияси ва унинг ҳамон ўзгаришсиз қолаётганини икки қутб сиëсатчилари таянадиган қадриятлар билан изоҳлайди.

“Шундай бир чизиқ борки, ундан ҳатлашга бирор Ғарб сиëсатчиси ботина олмайди. Бу ўз халқини ëппасига репрессия қилиш ва бундай қатағонлар бўйича иссиғида текширув ўтказишга йўл бермасликдир. Айни шу омилга кўра, Андижон воқеаларидан кейин Ғарб ва Ўзбекистон ўртасидаги аввалги муносабатларни сақлаб қолиш мутлақ имконсиз эди. Россия ва Хитой сиëсатида бундай маънавий чизиқ йўқ, улар учун фақат манфаатлар бор, холос. Шу боис, улар Андижоннинг эртасигаëқ Каримовга қучоқ очди”, - дейди В.Портников.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Ғарб ва Шарқ сиëсий маданиятидаги айни шу тафовутдан Ислом Каримов усталик билан фойдаланмоқда. Ўзбекистон миллий бойликлари, хусусан, ëнилғи ва бошқа стратегик захираларини тақдим этиш эвазига Москва, Пекин ва Деҳли билан яқинлашиб, шу орқали Ғарб бошлаган яккалаб қўйиш жараëнига чап бермоқда.

Жеймс Никси кабилар Шарқдаги қудратли давлатлар пинжига кириш оқибатида И.Каримов бугун Ғарб билан Андижондан сўнг давом этаëтган олишувда ғолибдир, деган ишончда.

“Каримов ҳокимиятини омон сақлаб қолишга муваффақ бўлди ва айни шу нарса унинг мутлақ мақсадидир. Уни на халқаро майдондаги ўз обрўси, на демократик тизимлару шаффофлик қизиқтиради. Шу маънода, Каримов бугун ғолиб, зотан у ҳамон от устида қолмоқда. Аммо Марказий Осиë, хусусан, Ўзбекистондаги вазият ўзгаришсиз қолмайди, у ривожланишда давом этади. Эртага бу минтақада қандай воқеалар юз беради, буниси номаълум. Аммо унга қадар Каримов Ғарб билан олишувнинг ҳозирги раундида ғолиб чиқди”, - деди Ж.Никси.

Россиялик мустақил кузатувчи Виталий Портников эса британиялик таҳлилчининг бу фикрига қўшилмади ва Андижондаги воқеаларнинг ўзиëқ Ислом Каримов учун ютқизиқ даврини бошлаб берганини таъкидлади.

“Мен бундай фикрга қўшилмайман ва Андижонгача Каримов анча кучли эди, деган ишончдаман. У Марказий Осиëдаги вазиятга қандайдир таъсир қилиш қудратига эга эди. Бугун у ҳеч ким эмас, минтақанинг ягона лидери Нурсултон Назарбоев. Каримов эса бугун ўзи узоқ йиллар писанд қилмай келгани Россиянинг барча инжиқликларини жимгина бажаришга мажбур”, - деди В.Портников.

Хўш, Андижондаги қонли воқеалардан бир йил ўтиб, бу воқеаларга нисбатан халқаро майдонда пайдо бўлган икки қарама-қарши муносабат ўзгаришсиз қолган экан, бундан буëғига нимани кутиш мумкин? Икки қутбдан қай бири ўз муносабатини ўзгартиради?

Саволни янаям аниқроқ қўйсак, Ғарбдан Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан ўз позициясини юмшатишни кутиш мумкинми? Зотан, бугун Ғарб ҳукуматлари яна икки қарама-қарши мазмундаги талаблар босими остида қолмоқда.

Бир томонда, британиялик таҳлилчи Ширин Акинер кабилар. Яъни Ш.Акинер кабилар Ғарб ҳукуматларини Каримов ҳукуматига қарши эмас, балки у билан бирга ишлашга чақирмоқда ва акс ҳолда Ғарб вазиятга таъсир этиш имконидан маҳрум бўлиб қолажагидан огоҳлантирмоқда.

“Агар Марказий Осиëдаги вазиятга таъсир кўрсатишни истаса, Ғарб ҳукуматлари минтақадагилар, хусусан, Ўзбекистон билан бирга ишлаши лозим. Истамаса, танқидини давом эттираверсин. Аммо халқаро ҳамжамият деганда фақат Ғарбни назарда тутишни тўхтатсин. Зотан, халқаро муносабатларда Шарқ, Осиë давлатлари муҳим ва улар аҳамияти келажакда янада ошади”, - дейди Ш.Акинер.

И.Каримовга хайрихоҳликда айбланиб келинаëтган Ш.Акинер хонимникига тескари талабни эса жаҳондаги барча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Европаларламентнинг айрим депутатлари ва АҚШ сенаторлари илгари сурмоқда.

Бу талабни ифода қилаётган “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакиласи Рейчел Денбер ЕИ ва АҚШ И.Каримов ҳукуматига қарши санкцияларни кучайтириши, хусусан, у ва оила аъзоларига виза чеклови жорий этиши ва уларнинг банклардаги бойликларини музлатиши лозимлигини айтмоқда.

Хўш, шу каби икки хил талаб остида қолган Ғарб давлатлари И.Каримов ҳукуматига нисбатан Андижон воқеаларидан сўнг бошланган босимни бундан кейин юмшатадими ëки аксинча?

Жеймс Никсининг таъкидлашича: “Бундан кейин Каримовга нисбатан Ғарб босими ўла бошлайди. Ўзи шундоқ ҳам Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жуда қаттиқ босимни кўрганимиз йўқ. Бу факт. Андижон воқеаларидан кейин И.Каримов Америкага орқа ўгириб, Россия билан яқинлашишга ўтди. Ўзбекистонга босимни кучайтирган АҚШ эса мамлакатдаги вазиятга таъсир қилиш имкониятларидан ҳам маҳрум бўлди. Ўзбекистон Ғарб учун олис ва тушуниксиз ўлка. Эрон билан бош қотираëтган Ғарб ҳукуматларининг бундан кейин ўзбек диктатори билан ади-бади айтишиб ўтиришга хоҳиши ҳам, вақти ҳам йўқ”.

Виталий Портников эса бу сафар ҳам Ж.Никсининг фикрига қўшилмади.

“Менимча, Ғарб давлатлари Каримов билан яхши муносабатлар ўрнатиш масаласида анча эҳтиëткор бўлади. Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан жорий қилган ва қилиши мумкин санкциялар фақат Каримов ҳокимиятдан кетгачгина бекор этилиши мумкин”, - дейди В.Портников.
XS
SM
MD
LG