Линклар

logo-print

Ислом Каримов халқаро терговни нега рад этмоқда?

  • Алишер Сиддиқ

http://gdb.rferl.org/CFA51903-3DAC-4BC9-B891-F12AF1E71D92_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/CFA51903-3DAC-4BC9-B891-F12AF1E71D92_mw800_mh600.jpg Андижонда 2005 йил 13 май куни содир этилган хунрезликлар борасида мустақил халқаро текширув ўтказишни рад этиши Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари билан муносабатларидаги бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди.

Бу борадаги халқаро чақириқларни эътиборсиз қолдирган расмий Тошкентнинг Европа давлатлари ва АҚШ билан муносабати мисли кўрилмаган даражада ёмонлашди. Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиш чораси сифатида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қурол-яроғ эмбаргоси жорий этди. Ўзбекистоннинг ушбу воқеаларга бевосита жавобгар топилган 12 амалдори ЕИ ҳудудига киритилмайдиган бўлди.

Бунга жавобан И.Каримов “Ўзбекистон мустақил давлат ва бу ердаги вазиятни ўзи ҳал этиши”ни таъкидлади.


Андижондаги хунрезликлар борасида ҳеч қандай халқаро тергов ўтказиш талаблари янграмаган бир чоғда, 2005 йил 18 май куни И.Каримов Ғарб раҳбарларини танқид остига олиб, бирор бир хорижий тергов гуруҳи мамлакат қўйилмаслигини қатъиян билдирди.

“Ўзингизда бундай воқеалар содир бўлганда бизни таклиф қиласизларми? ...Гўёки Цезарнинг хотинидек, сизларни танқид қилиб бўлмайди. Бизда бирор воқеа содир бўлса, бу ерда Европа ва АҚШ вакиллари иштирок этишини талаб қиласиз. Сизларда бирор нарса бўлса, нима учун биз қатнашмаймиз”, - деганди Ўзбекистон президенти.


И.Каримовнинг бу баёнотидан сал ўтиб, 19-20 май куни Европа Иттифоқи ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати кучлари Андижонда қуролсиз намойишчиларга қарата ўт очгани борасида хавотир изҳор этди.

ЕИ расмий Тошкентни мустақил халқаро тергов ўтказиш учун розилик беришга чақирди ва рози бўлиш учун муҳлат берди. Ушбу чақириқларга бир неча кундан сўнг НАТО қўшилди.

НАТО бош котиби Яап де Хооп Шеффер 2005 йил 20 майдаги баёнотида:
“НАТО Андижонда содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказилиши шарт экани борасида БМТ, ЕИ ва ЕХҲТ томонидан қилинган чақириқларга қўшилади”, - деди.

НАТО бош котибининг Марказий Осиёдаги махсус вакили Роберт Симонс эса “Ўзбекистон томони халқаро терговга тайёр эмас экан, алъанс у ерда хавфли воқеа рўй бергани ҳақиқат бўлиши мумкинлиги борасида хавотирланиши”ни айтди.

Ўша йилнинг 23 май куни Ўзбекистонда Андижондаги воқеаларни ўрганиш бўйича Олий Мажлиснинг комиссияси ташкил этилди.

Беш сенатор ва 11 депутатдан иборат комиссия Бош прокуратуранинг тергов натижаларини ҳаққоний топди.

Расмий Тошкент Андижон воқеаларидан бир йил ўтиб ҳам мустақил халқаро тергов ўтказиш ғоясига танқидий кўз билан қарайди. Ўзбекистон ҳукуматининг бундай рад жавоби ҳеч кимни таажжубга солмаётган кўринади.

Андижондаги воқеаларни ўрганган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи таҳлилчиси Майкл Холнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро терговни рад этиши мутлақо таажжубга лойиқ эмас. Чунки, авваламбор, улар (расмий Тошкент) мамлакат ичидаги халқ норозилиги айни исёнга сабаб бўлганини кўрсатувчи хулосаларни қабул қилишни истамайди. Иккинчидан, қирғин содир этилган 13 май куни хавфсизлик кучларининг хатти-ҳаракати борасида ҳам жиддий хавотирлари бор.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти воқеалар борасида Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўтказилган тергов ва суд жараёнларини кескин шубҳа остига олиб келади.

Ташкилотнинг сўнгги баёнотида ёзилишича: “Халқаро ва мустақил тергов ўтказишдан бош тортган Ўзбекистон ҳукумати ўзи содир этган қирғинни яширган ва кўргазмали суд жараёнлари уюштириб, намойишларда иштирок этганликда гумон қилинган юзлаб одамни қамоққа олган”.

Буюк Британиядаги қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Ширин Акинер Андижондаги воқеалар борасида расмий Тошкент мавқеини ўрганган. У Ўзбекистон ҳукумати халқаро терговга йўл қўйганда буни “ўта ғайриоддий ҳолат”, деб баҳолаган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Унинг фикрича, ҳар қандай мустақил халқаро тергов Андижондаги воқеалар борасида расмий Тошкентнинг воқеалар иштирокчилари борасидаги даъволарини ҳам инобатга олиши керак.

“Мабодо халқаро тергов уюштирилса, нафақат Ўзбекистон ҳукуматининг ўша пайтдаги хатти-ҳаракати, балки бу воқеанинг бошқа иштирокчилари роли ҳам ўрганилиши керак. Воқеаларни юзага келтирган барча омиллар, барча фитна омилларини ўрганишимиз, далилларга қарашимиз лозим”, - дейди Ш.Акинер.



АҚШдаги Массачусетс университети профессори Эрвин Стоуб қирғин содир этилган давлат ҳукуматлари камдан-кам ҳолларда ҳақиқатни қидириб, халқаро жамоатчилик билан ҳамкорлик қилишини қайд этади.

“Бундай ҳукуматларнинг ўз ихтиёри билан ҳамкорлик қилиши каби истисно ҳолат эсимга ҳам келаётгани йўқ. Одатда улар ўз жавобгарлигини рад этади. Ҳукуматлар бирор гуруҳларга қарши зўравонлик содир этса, улар доимо ушбу ҳаракат оқлангани тўғрисида ўзларини ишонтиради. Бу ҳаракат тартибни сақлаш учун қилинганига ишонади. Улар қандай иш қилиб қўйганини билган тақдирда ҳам ўзини мутлақо айбдор ҳисобламайди”, - деди профессор.

“Ҳюьман райтс уотч” ташкилоти вакиласи Алисон Гиллнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукуматининг жаҳон жамоатчилигининг халқаро тергов талабларидан бўйин товлаши Андижон борасидаги энг асосий саволларни очиқ қолдираверади.

XS
SM
MD
LG