Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 05:25

ШҲТ ва Эрон


15 май куни бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилишида кун тартибидан ўрин бир неча муҳим масалалар қаторида Эроннинг ядровий дастури ҳам муҳокама қилинди.

Шанхайда ўтган ушбу учрашув ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15 июнь куни бўладиган саммитига тайёргарлик бочқичидир. Айнан 15 июнь куни ШҲТ тузилганига 10 йил тўлади.

Uzreport.com сайти тарқатган хабарга кўра, ШҲТ ташқи ишлар вазирлари ўз йиғилишида Эроннинг ядровий дастури борасидаги бўҳроннинг дипломатик йўллар орқали ҳал этилишини бир овоздан маъқуллаган.

“Рейтер” ахборот агентлиги Тожикистон ташқи ишлар вазири Талбак Назаров сўзларидан иқтибос келтириб: “Эрон мустақил давлат ва унинг ядровий дастури музокаралар орқали ҳал этилиши лозим. Агар Теҳроннинг ядровий дастури масаласини ҳал этиш учун бошқа чоралар кўрилса, бу кутилмаган натижаларга олиб келади”, - деб ëзди.


ШҲТнинг бундай чақириқлари Ғарб ҳукуматларининг Теҳронга қарши санкция қўллаш позициясини қанчалик ўзгартира олади?

Теҳрондаги халқаро ҳуқуқ мактаби профессори доктор Ҳермидас Бованд “Озодлик”ка берган интервюсида бу борада: “Эрон ўз ядровий дастури атрофида юзага келган бўҳронни музокаралар орқали ҳал этиш тарафдори. Айни шу масала Россия ва Хитой ҳукумати томонидан кўтарилган эди. ШҲТ Эроннинг ядровий дастурини тинч музокаралар орқали ҳал этиш ҳақида қонун лойиҳасини ишлаб чиқса, бу қайсидир маънода Ғарб ва АҚШнинг Теҳронга нисбатан позициясини сусайтириши мумкин”, - деди.


Ўтган ҳафтада Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам Эроннинг ядровий дастури борасидаги бўҳронни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган эди.

“Муаммони ҳарбий йўл билан ечиб бўлмайди. Миллионлаб одам манфаатидан келиб чиққан ҳолда ҳар қандай масалани дипломатик йўл орқали ҳал қилса бўлади”, - деган эди Ўзбекистон раҳбари.

Ислом Каримов, шунингдек, дунё бўйлаб нотинчлик кучайиб бораëтгани, Афғонистон, Ироқ ва Эрон бунга яққол мисол эканини айтганди. Унинг сўзларига кўра, кучайиб бораётган кескинлик ва Эроннинг атом иншоотларига эҳтимолий ҳужумни оқлаш ҳаракатларига йўл қўйиб бўлмайди.

“Агар Эроннинг атом заводларига ҳужум қилинса, бунинг минтақа, хусусан, Ўзбекистон экологиясига салбий таъсири катта бўлади”, - деганди И.Каримов.

2003 йилда АҚШнинг Ироққа ҳужуми арафасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Вашингтон ҳаракатини қўллаб-қувватлаган эди. Бугун эса унинг акси кузатилмоқда.

“Тошкент позицияси ўзгаргани Ислом Каримовнинг айби эмас, балки унинг фожеасидир. Ироқ уруши даврида Каримов АҚШ позициясидан келиб чиқиб иш тутган бўлса, бугун Пекин ва Кремль билан ҳисоблашиши керак. Андижон воқеаларидан сўнг Тошкент Ғарб ва АҚШ учун ўз дарвозаларини ëпди ва бугун ўзига ўхшаган, яъни Ғарб билан муносабатлари совуқлашган мамлакатларга яқинлашишга ҳаракат қилмоқда. Шу маънода, Эрон Ўзбекистон учун Россия ëки Хитойдан кўра ҳам кўпроқ иттифоқчи ҳисобланади”, - деди москвалик мустақил кузатувчи Виталий Портников Ислом Каримов сиёсатининг ўзгарувчанлигига изоҳ берар экан.

Айни пайтда Мўғулистон, Ҳиндистон, Эрон ва Покистон ШҲТда кузатувчи мақомига эга.

В.Портников Эрон бу ташкилотга аъзо бўлган тақдирда ҳам жаҳон сиёсий саҳнасида кескин бурилишни кутиш керак эмаслигини билдирди.

“ШҲТ МДҲ ҳудудида ташкил топган барча ташкилотлар каби виртуал аҳамиятга эга. ШҲТ Хитойнинг собиқ совет республикалари билан юзага келган чегара муаммоларини ҳал этиш мақсадида тузилган эди. Охиригача бўлмаса-да, ташкилот ўз олдига қўйган мақсадларга эришди, чегара масалалари ҳал қилинди. Ундан кейин эса ташкилот расмийлари унинг салоҳияти кенгайгани ва уни геосиëсий блокка айланганини маълум қилди”, - дейди В.Портников.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ШҲТнинг 15 июндаги саммитида иштирок этиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG