Линклар

logo-print

Москва жомеъ масжидида марҳум ўзбекларнинг жанозаси ўқилди

  • Озодлик

12 май куни Москва жомеъ масжидида 8 май куни Москва вилоятида юзига ниқоб тутган шахслар томонидан отиб ўлдирилган ўзбекистонлик уч фуқаронинг жанозаси ўқилди.

Жиноятчилар йўл бўйига қурилган қаҳвахонага кириб, бу ерда ишлаётган ўзбеклардан пул беришни талаб қилган, улар талабни бажаришдан бош тортгандан сўнг отиб ўлдирилган эди.

Марҳум ўзбекларнинг жаноза намозида Россия муфтийлари кенгаши раиси Равил Ғайнутдин тиловат қилди.

Россия муфтийлар кенгаши матбуот хизмати раҳбари Гулнор Райзиеванинг айтишича, жаноза чоғида муфтий муҳожирларга қарши ҳужумларни қоралаган.

“Жума намози вақтида Равил Ғайнутдин марҳумлар ҳаққига тиловат қилиб, Аллоҳдан уларнинг руҳини қабул қилишни ва шифохонадаги ўзбекнинг (жиноятчилар томонидан отилган 4 ўзбекнинг бири айни пайтда шифохонада даволанмоқда) тузалиб кетишини сўради. Ўз оиласини боқиш мақсадида тирикчилик учун келганларга нисбатан бундай ҳаракатлар ўта оғир жиноят эканини таъкидлади”, - деди Гулнор Райзиева.

Айрим маълумотларда ўлдирилган ўзбекистонликлар Россиядаги қуролли гуруҳлардан бирининг аъзоси бўлгани ва бу жиноят ирқчилик асосида эмас, балки икки қуролли гуруҳнинг келиша олмагани оқибатида юз бергани айтилмоқда.

“Озодлик” мухбири марҳум ўзбекистонликлар ва уларнинг бошидан яраланган шериги шахси, келиб чиқишини аниқлашга кўп бор уринди. Аммо бунинг имкони бўлмади.

Сўнгги пайтларда Россияда муҳожирларнинг борган сари кўпроқ ирқчилик қурбонига айланаëтгани кузатилмоқда. Деярли ҳар куни мамлакатнинг у ëки бу шаҳрида кимнингдир калтаклангани, жароҳат олгани ëки ўлдирилиб кетилгани ҳақида маълумот пайдо бўлади.

Москвадаги “Бойқуш“ ахборот-таҳлилий маркази маълумотларига кўра, шу йилнинг ўзида миллатчилик асосида юзга яқин жиноят содир этилган. Натижада 92 киши жароҳат олган, 14 одам ҳалок бўлган. Бу рақам кундан-кунга ортиб бормоқда. Агар Москва вилоятида ваҳшийларча ўлдирилган 3 ўзбекистонликни ҳам ҳисоблайдиган бўлсак, ирқчилар ҳужумидан қурбон бўлганлар сони 17 тага етади.

“Ҳақиқатдан ҳам сўнгги пайтларда Россияда ирқчилик, ксенофобия кучайиб бораëтганини кўриш мумкин. Бу юқоридан бошланади. Давлат Думаси депутатларининг чиқишларида ҳам, агар аҳамият берган бўлсангиз, ирқчилик, миллатпарастлик руҳи акс этади”, - деди Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходими Баҳром Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG