Линклар

Ҳизбчи аёллар узоқ муддатларга қамалди

  • Садриддин Ашур

Тожикистондаги Хўжанд шаҳри жиноят ишлари суди 9 аёлни “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига мансубликда айблади ва уларни 5 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этди.

“Ҳизб ут-таҳрир”нинг минтақавий раҳбарлари, деб топилган беш аёл - Бобоева, Мамадалиева, Қуронбоева, Ҳасанова ва Мирзохоновага 9-10 йил, қолган 4 аёлга эса 5 йиллик қамоқ жазоси белгиланди. Бу аёллар 37-40 ёшда бўлиб, Хўжанд шаҳри, Бобожон Ғафуров ва Спитамен туманларида истиқомат қилган.

Бу аёллар миллий, ирқий, маҳаллий ва диний низолар келтириб чиқаришда, экстремистик ташкилотга аъзо бўлган ҳолда амалдаги ҳукуматни куч билан ағдариб ташлашга даъват қилишда айбланди. Лекин судланувчилар ва уларнинг яқинлари бу айбловни тан олмаяпти.

“Ҳизб ут-тахрир” аъзолари ҳеч қачон давлатни зўрлик билан эгаллаш тарафдори эмас. Бизнинг вазифамиз - шариатда кўрсатилган амалларни бажариш. Биз халифалик ўрнатиш тарафдоримиз. Муҳими эса куч ёки қурол билан эмас, балки даъват этиш, тушунтириш, яъни тарғибот- ташвиқот орқали мақсадга интиламиз. Ҳукумат эса жуда қаттиқ жазо чораларини кўрмоқда”, - деди “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўз исмини ошкор этмаган ҳизбчи.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси аъзоси Замира ҳизбчилар орасида аёллар кўпайиб бораётгани ташвишли ҳол эканини билдирди.

“Ҳизб ут-таҳрир” давлат билан зиддиятга киришади. Улар халифалик давлати тарафдорлари. Энди бу адашган йўлга аёлларни жалб қилишмаса, яхши бўларди. Бу аёлларга 9-10 йиллик муддат жуда оғир жазо. Аёл кишига 1-2 йил қамоқ ҳам яхши танбеҳ бўларди. Бундай йўл билан курашиш нотўғри. Аксинча, зиддиятни янада кучайтиради”, - дейди Замира.

Маҳаллий кузатувчилар ҳам ҳизбчи аёлларга жуда қаттиқ жазо берилгани, илгари бундай ҳолат кузатилмаганини таъкидлади.

“Агар қўшни Ўзбекистонни мисол қилиб оладиган бўлсак, у ерда барча исломийларни бараварига қамай бошлашди. Бу билан “Ҳизб ут-таҳрир” ёки ваҳҳобийлик каби оқимлар оқимлар заифлашмади, аксинча тарафдорлари кўпая бошлади. Ҳизбчилар билан Тожикистонда ҳозир фақат ҳукумат курашяпти. Бунинг учун анъанавий ислом уламоларига кенг йўл очиб бериш керак. Менимча, ҳозир Тожикистонда ҳақиқий исломни тушунтириб берадитган уламолар учун катта минбар йўқ. Узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этишлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак”, - дейди маҳаллий кузатувчи Мунаввар Содиқов.
XS
SM
MD
LG