Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:46

Миссионерлар Тожикистон билан хайрлашадими?


Ҳабибулло Ботиров Тожикистонда виждон эркинлиги ва диний уюшмалар тўғрисидаги янги қонуннинг лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда. Кўпчилик ушбу қонун диний уюшмалар фаолиятини чеклашидан хавотир билдиряпти.

Тожикистон Дин ишлари қўмитаси раиси Муродулло Давлатов янги қонун диний уюшмалар вакиллари тавсиялари асосида қабул қилинишига ишонтиришга ҳаракат қиляпти.

Тожикистонда айни пайтда амалда бўлган дин ва диний ташкилотлар ҳақидаги қонун 12 йил муқаддам қабул қилинган.

“Ҳозир амал қилаётган қонун диний ташкилотларни тузиш ва уларни қайддан ўтказиш соҳасида юзага келадиган муносабатларни тартибга солмайди. Қонунда, шунингдек, диний уюшмалар фаолиятини тўхтатиб қўйиш масаласи умуман кўзда тутилмаган. Бундан ташқари, диний ташкилотлар фаолиятини назорат қилишни такомиллаштириш бўйича ҳам бир қанча муаммолар мавжуд эди. Эски қонун дунёвий давлатнинг барча воқеликларини акс эттирмайди. Зеро, дунёвий давлат шароитида атеистлар ҳам борки, улар ҳуқуқларини ҳам ҳурмат қилиш ва қонун билан тартибга солиш лозим”, - дейди М.Давлатов.

Бироқ янги қонун лойиҳаси жамоатчилик ўртасида кўп баҳсу мубоҳасаларга ва диний ташкилотлар вакиллари норозилигига сабаб бўлмоқда.

Тожикистондаги диний оқимлар вакиллари, жумладан, ислом тарафдорлари янги қонун лойиҳасида ўзларининг виждон эркинликларини поймол этувчи жиҳатлар мавжудлигини қайд этаётир. Мусулмонлар янги қонун лойиҳаси исломий ташкилотлар фаолиятини чеклашга қаратилганини айтмоқда.

Тожикистон ислом университети фикҳ бўлими мудири Зайниддин Наботов виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси “шариатга хилоф ва мусулмонлар ҳуқуқларига дахл қилиши”ни таъкидлади. У қонун лойиҳасида жомеъ масжидини ташкил этиш учун қишлоқ жойларда 20 минг, шаҳарларда 30 минг ва Душанбе шаҳрида 50 минг кишининг имзоси тўпланиши кераклиги тўғрисидаги банддан норози эканини билдирди.

“Шариатга кўра, уч киши жам бўлиб, жамоат намозини ўқиши мумкин. Жомеъ масжидларда 500-600 одам жамланиб, жума намозини ўқиса, кифоя. Битта масжидга 5 минг, 50 минг кишини йиғиш шарт эмас”, - деди З.Наботов.

Тожикистондаги насроний ва баптистлар уюшмалари иттифоқи раиси Георгий Акимовнинг айтишича, ҳозир амал қилаётган қонунни ўзгартириш керак эмас, чунки бу қонун диний мазҳаблар амал қилишини ҳимоя этади.

“Янги қонун лойиҳаси ғайриисломий мазҳабларга бир қанча тўсиқлар юзага келтиради. Масалан, янги қонун лойиҳасига кўра, маҳаллий ноисломий уюшма тузиш учун икки юз ва марказлашган ташкилот тузиш учун олти юз имзо тўплаш керак бўлади. Ҳисобимизча, Тожикистонда протестантлар миқдори аҳолининг 0,1 фоизини ва ҳатто ундан ҳам камроғини ташкил этади. Янги қонун лойиҳасида диний озчиликни ташкил этувчилар амалга оширишга ожиз бир қанча қоидалар мавжуд. Масалан, насронийлар ибодатхонасини очиш учун 220 имзо тўплаш ҳеч бир рисолага тўғри келмайди”, - деди Г.Акимов.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Душанбедаги маркази диний ишлар маслаҳатчиси Томас Крапф янги қонун лойиҳасининг кўп бандлари халқаро андозаларга тўғри келмаслигини таъкидлади ва бундай номувофиқликлар камида 20 та эканини айтди.

“Янги қонун кичик-кичик диний гуруҳлар ва ташкилотларнинг қайддан ўтишини имконсиз ва фаолият юритишини ғайриқонуний қилиб қўяди. Ҳокимиятнинг диний ташкилотлар ички ишларини ҳаддан зиёд қаттиқ назорат этишига олиб келади. Бундан ташқари, балоғатга етмаганлар диний маълумот олишдан маҳрум этилади”, - деди Т.Крапф.

Лойиҳада, шунингдек, бир диндагиларни бошқа динга жалб этишга қаратилган хатти–ҳаракатлар маън этилади. Хорижлик фуқароларнинг Тожикистонда диний ташкилотлар тузиши ҳам тақиқланади. Хорижликлар, лойиҳада белгилаб қўйилганидек, у ёки бу диний ташкилот аъзоси ёхуд иштирокчиси бўла олади. Аммо уларнинг ўзи диний ташкилот таъсис эта олмайди.
XS
SM
MD
LG