Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:11

Маркус Бенсманн: “Ислом Каримов режими Германияни ўзининг даражасига туширмоқда”


Эркин демократлар партияси аъзоси, Германия Бундестаги (парламенти) депутати Буркҳардт Мюллер-Зенксен расмий Берлиндан Ислом Каримов режимига қарши фаол ва қатъий чоралар кўришни талаб қилди.

Бундестагда Андижон воқеаларига бағишланган тадбирда сўзга чиққан депутат Германия ҳукумати “Ислом Каримов режими қатағонларига панжа орасидан қараётгани”ни таъкидлади.

“Германия Ўзбекистоннинг икки томонлама алоқалардаги муҳим ҳамкори ҳисобланади. Айнан икки томонлама муносабатдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги режимга босим ўтказилса, самарали бўларди. Аммо Германия ҳукумати Андижонда одамларни қирган Каримов ҳақида йил давомида оғзига талқон солиб ўтирди”, - деди Б.Мюллер-Зенксен.

Андижон воқеаларига бевосита гувоҳ бўлган немис журналисти Маркус Бенсманн Будестаг депутатининг бу танқиди таҳсинга сазовор эканини айтди.

“Депутатнинг бу гаплари таҳсинга лойиқ, аммо Берлиндаги немис сиёсатчилари 2005 йил 13 майда Андижон шаҳрида бўлиб ўтган қонли воқеалар ҳақида гапиришни ҳам, эшитишни ҳам ёқтирмайди. Ўшанда менинг кўз олдимда ҳукумат қўшинлари кўп минг кишилик намойишни ўққа тутган, юзлаб, балки минглаб айбсиз фуқароларни ўлдирганди”, - дейди журналист.

Унинг сўзларига кўра, Берлиндаги сиёсатчиларнинг Андижон воқеаси хусусида мум тишлаб ўтириши Германиянинг манфаатлари билан боғлиқ. Ўзбекистон жанубидаги Термиз ҳарбий базасини сақлаб қолиш Германия манфаатларининг ажралмас қисмидир.

“Бундесверга (Германия Қуролли кучлари) Афғонистондаги тинчликпарварлик миссиясини қўллаш учун зарур бўлган бу база андижонликларнинг ҳаётидан ҳам, инсон ҳуқуқларидан ҳам, демократик Германия обрўсидан ҳам муҳимроқ бўлиб чиқди”, - деди М.Бенсманн.

Айни фикрни Бундестагдаги тадбирда депутат Буркҳардт Мюллер-Зенксен ҳам айтганди.

“Германия ҳукумати Ўзбекистон раҳбарларининг ëнини олаëтганини бир факт билан исбот қилиш мумкин. Андижон воқеаларининг асосий айбдори бўлган Зокир Алматовини ЕИ ҳудудига киритмаслик ҳақида қарор бўлишига қарамай, Германия унга виза берди. “Халқаро амнистия”, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотлари З.Алматовга нисбатан жиноят иши очилишини сўраб Германия прокурорига мурожаат қилди. Аммо З.Алматов Германия фуқароси эмас, деган важ билан прокурор бу таклифни рад этди. Аммо З.Алматов ҳалқаро кўламдаги жиноятчи сифатида халқаро қонунларга кўра судга тортилиши лозим эди. Халқаро келишувлар бўйича З.Алматов Германия ҳудудида дарҳол қамоққа олиниши керак эди, аммо бундай бўлмади. Бу ҳолат халқаро ҳуқуқ меъëрларига доимо амал қилиб келган Германиянинг обрўсига соя туширди”, - деди депутат.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей ҳам Термиздаги ҳарбий база немислар учун рамзий жиҳатдан ўта муҳимлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Термиздаги ҳарбий база Германия Иккинчи жаҳон урушидан кейин хорижда очган ягона базадир.

“Балки шунинг учун ҳам, - дейди бу фикрни қўллаган ҳолда журналист Маркус Бенсманн,- немис сиёсатчилари таҳдид ва ультиматум шаклидаги қатъий чора-тадбирлар ўзбек ҳукмдорларини ранжитиши мумкин ва у ҳолда улар Ғарб таъсиридан умуман четлаб кетади, деб ҳисоблайди. Аммо Тошкент режими билан ўйнашишда давом этаётган немис сиёсатчилари ўзининг юмшоқлиги ва хушмуомалалиги билан мустабид режимни демократик қадриятларни ҳурмат қилишга ишонтира оламиз, дея фақат ўзини алдаяпти. Аслида диктаторлик режими Германияни Андижондаги қирғинларга ва ундан кейин мамлакатда авж олган кенг кўламли қатағонларга кўз юмишга мажбур қилмоқда ва Берлинни ўзининг даражасига туширмоқда. Президент Ислом Каримов режими одамларни ўлдириш яхши эмаслигини, бундай қилиш мумкинмаслигини билмагани учун ҳамда маслаҳат ва мулоқотга муҳтож бўлгани учун Андижонда намойишчиларга қарата ўт очгани йўқ. Режимга қарши чиқишга ҳар қандай уринишни йўқ қилиб ташлаш учун андижонликларни онгли равишда ўлдирди”.

М.Бенсманнинг айтишича, германиялик сиёсатчилар Андижонда нима бўлганини билади, улар қирғин гувоҳлари сўзларини, журналистларнинг репортажлари, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, БМТ, ЕХҲТ ҳисоботларини шубҳа остига олмайди ва рад этмайди.

Яқинда немис депутатларидан бир гуруҳи Ўзбекистонга сафар қилиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG