Линклар

Жорж Бушнинг сўзи қонунлардан устивор...ми?

  • Озодлик

Сўнгги юз йиллик давомида АҚШДа президент ваколати кучаëтгани ва бунинг натижасида ҳукуматнинг халқдан узоқлашгани кузатилмоқда. Оқ уй раҳбари салоҳиятининг кучайиши, айниқса, Ричард Никсон президентлиги даврида яққол кўзга ташланган эди.

Ўша пайтда ҳукуматда юз берган тўполондан сўнг Р.Никсон истеъфога чиққан, кейинроқ эса Конгресс президент ваколатини чеклаш ҳақида бир неча қонун қабул қилганди. Бироқ орадан 30 йил ўтиб, аниқроғи 2001 йил январида амалдаги президент Жорж Буш Оқ уй раҳбари этиб сайланганидан сўнг унинг тарафдорлари янада қудратлироқ ҳукумат тузишга ваъда берган эди. Бугун эса Бушнинг президентлик даврида ўз ваколатини ошириб, махсус органлардан рухсат олмасдан иш тутаëтганини мубоҳасага сабаб бўлмоқда. Унинг бундай ҳаракатларидан бири шу кунларда катта эътирозлар уйғотаётир. Гап америкаликлар устидан жосуслик кузатуви ўрнатилгани, аниқроғи уларнинг мамлакат ичидаги телефон сўзлашувлари ëзиб олингани ҳақида кетмоқда. Буш эса телефон сўзлашувларини яширин ва оммавий равишда ёзиб олиш ҳақида буйруқ берганини терроризмга қарши самаралироқ кураш олиб бориш мақсадида қилинганини таъкидлаяпти.

Хўш, бу каби вазият уруш пайтида АҚШ президенти ваколатининг мамлакат қонунларидан ҳам юқори туриши мумкинлигидан далолат берадими?

Ўтган ҳафта “USA Today” газетаси Оқ уй раҳбари АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигидан фуқаролар телефон сўзлашувларини махфий ва оммавий равишда ёзиб олишни сўрагани ҳақида маълумот тарқатган эди. Газетанинг ёзишича, АҚШдаги 4 та йирик телефон ширкатидан 3 таси мижозлари сўзлашувлари ëзиб олинган тасмаларни агентликка тақдим этган.

Ушбу маълумот Конгресс аъзоларининг кўплаб танқидларига сабаб бўлаётир. Айримлар Ж.Бушнинг ушбу ҳаракатини маъқуллаган ва бунинг жамоатга ошкор қилиниши террорчиларга қўл келишини айтиб, бундан афсус билдираётган бўлса, бошқалар миллионлаб фуқаро ортидан жосуслик кузатуви ўрнатиш АҚШни янада хавфли мамлакатга айлантирганини таъкидламоқда.

Эндиликда очиқ жамиятда яшашга ўрганган америкаликлар нафақат эҳтимолий террор ҳужумларидан, балки ўз ҳукуматининг улар ортидан жосуслик кузатуви ўрнатганидан ҳам қўрқиб яшайдиган кўринади.

“Бу маъмурият мамлакатимизда қўрқув уруғини сочди. Улар қўрқув муҳитини яратиш орқали қонун қанчалар қўпол бузилишидан қатъий назар ўзлари хоҳлаган ишни қила олиши мумкин, деб ўйлайди. Улар Миллий хавфсизлик дастури орқали худди шундай қиляпти”, - дейди АҚШ Вакиллар палатасининг демократ депутати Морис Ҳинчей.

Вашингтондаги Америка университети профессори Петер Кузник “Озодлик” мухбири билан суҳбатда президентнинг бу ҳаракатлари америкаликларни қўрқувга солгани ва халқнинг хавфсизлик эвазига айрим фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум бўлишга ҳам тайëрлигини кўрсатишини айтади. Унинг сўзларига кўра, “Ал-Қоида”нинг бундан 4,5 йил аввал АҚШ объектларига қилган ҳужумидан сўнг Ж.Буш маъмурияти мамлакатнинг аввалги айрим раҳбарлари йўлини тутмоқда.

“11 сентябрь воқеаларидан сўнг Ж.Буш маъмурияти аввалги президентлар Гарри Трумэн, Дуайт Эйзенҳауэр тутган ишни такрорлашга муваффақ бўлди. Иккала президент ҳам ўз вақтида халқни бўлар-бўлмас таҳдидлар билан қўрқитиб, бунинг эвазига АҚШ халқи эришган ҳуқуқ ва демократик эркинликларни олиб қўйган эди “, - дейди П.Кузник.

Огайо штатида жойлашган Майами университетининг сиëсий тадқиқотлар ўтказиш бўлими профессори Кристофер Келлей ҳам П.Кузник фикрига қўшилди.

“Буш ва унинг тарафдорлари президентга берилган катта ваколатлар фақат конституция ва президент идорасини эмас, Америка халқини ҳам ҳимоя қилади, деган даъвони илгари сурмоқда. Аммо уларнинг мамлакат ичида фуқаролар устидан жосуслик кузатувини ўрнатиш баробарида америкаликлар эркинликларини ҳам ҳимоя қилаётгани тўғрисидаги гапларига ҳеч ким ишонмайди”, - деди Кристофер Келли.

Республикачилар назоратида бўлган Конгресс Ж.Бушнинг президентлик ваколатларини ҳаддан зиëд кучайтирганига шу пайтгача индамай келди. Аммо кейинги кунларда Конгресснинг сабр-косаси тўла бошлаганини кўрсатувчи айрим мисоллар кўзга ташланмоқда.

Хўш, Конгресс ижрочи ҳокимият устидан назорат ўрнатишга киришиб, беш йил давомида ўз билганини қилиб келган президент тизгинини тортиши мумкинми? Яқин орада президентнинг Конгрессга ваколат борасида ëн бера бошлаганига гувоҳ бўлиш мумкинми?

К.Келли бундай дейишга кўп ҳам асос йўқлигини билдирди.

“Уни қилгиси келмаган ишни қилишга ҳеч ким мажбурламайди. Буш президент сифатида Конгресс йиғилишларида қатнашмасдан, унинг чақириқларини писанд қилмайдиган ижрочи ҳокимият тузиши мумкин. Бироқ шундай бўлса, Конгресс унга жуда қаттиқ босим ўтказиши эҳтимолдан холи эмас”, - деди К.Келли.
XS
SM
MD
LG