Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:46

Ингушетия Ички ишлар вазири ўринбосари Жаброил Костоев суиқасд қурбони бўлди


17 май куни Ингушетия пойтахти Назранда автомашинага ўрнатилган қурилма портлади. Кучли портлаш оқибатида Республика Ички ишлар вазири ўринбосари Жаброил Костоев, унинг икки қўриқчиси ва бир неча фуқаро нобуд бўлди. Ингушетия ҳуқуқ-тартибот органи мутахассислари воқеа юзасидан текширув олиб бормоқда.

Ингушетия республикаси прокурори Маҳмуд Али Калиматовга кўра, пойтахт Назраннинг Тутаева кўчасида йўл четига қўйилган машина Ички ишлар вазири ўринбосари Жаброил Костоевнинг машинаси ўтиб кетаётган пайтда портлаган.

Ингушетия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Назир Евлоев Ройтер ахборот агентлиги мухбирига портлаш қандай содир бўлгани ҳақида бундай деди:

“Портлаш Костоев кетаётган “Жип” машинасини 20 – 25 метр нарига улоқтириб юборган. Шу пайт қарши томондан келаётган автомашина “Жип”га келиб урилган. Оқибатда ўша машина ичидаги республика тўрт фуқароси ҳам нобуд бўлган. Воқеада жаъми етти одам нобуд бўлди”, – деди Ингушетия Ички ишлар вазирлиги расмийси.

Мутахассислар “ВАЗ-21099” русумидаги автомобилга жойлаштирилган портловчи қурилма кучи 100 килограмм тротилга тенг эканини тахмин қилмоқда.

Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, ҳозирда Ингушетия прокуратурасида Костоевга суиқасд уюштирилишининг сабаблари ўрганилмоқда. Республика прокурори ўринбосари Дмитрий Гурулевга кўра, аксарият мутахассислар Костоевга суиқасд уюштирилиши унинг иш фаолияти билан боғлиқ, деган фикрда.

Прокуратура расмийсига кўра, Ички ишлар вазири ўринбосари ҳаётига суиқасд уюштирилгани юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг терроризм, қотиллик, ноқонуний равишда қурол олиб юриш ва сақлаш, ҳуқуқ-тартибот органи ходими ҳаётига суиқасд уюштириш каби моддалари бўйича жиноий иш очилган.

Назир Евлоевга кўра, Костоев Назран шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаганида у жиноятчилик ҳамда Республикадаги ижобий ўзгаришларга қарши бўлган кучларга нисбатан шавқатсиз кураш олиб борган.

Федерация кенгашининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси Исса Костоев фикрича, Ингушетия Ички ишлар вазири ўринбосари жиноятчилик ва терроризмга қарши муросасиз олиб борган кураши учун бандитлар ундан ўч олган.

ИТАР ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, Россия Бош прокуратураси Ингушетия Ички ишлар вазири ўринбосари Жаброил Костоевга уюштирилган суиқасд юзасидан олиб борилаётган қидирув-тергов ишларини ўз назоратига олган.
XS
SM
MD
LG