Линклар

logo-print

Экологияга оид халқаро хабарлар

  • Ҳасанжон

БМТ мутахассислари ўтказган тадқиқот натижасига кўра, дунё аҳолисининг тахминан ярми ўз уйида овқат пишириш учун ўтин, кўмир, тезак ва бошқа турдаги ёқилғидан фойдаланади. Бу эса Ер атрофига тўпланиб глобал иқлим исишига сабаб бўлаётган атмосферадаги зарарли газлар миқдорининг кўпайишига ҳисса қўшмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйича ҳар йили бир ярим миллион одам ўз уйида тутундан заҳарланиб нобуд бўлмоқда. Айниқса, Африка ва Осиё давлатларида аёллар ва болаларнинг зарарли тутунлардан нобуд бўлиш ҳоллари тез-тез кузатилади.







*** *** ***

Жаҳон банкининг Тадқиқот ишлари бўйича мутасаддиси Роберт Ватсон одам фаолияти туфайли глобал иқлим аввал тахмин қилинганидан анча тез исиб бораётганини маълум қилди.
Олимлар фикрича, глобал иқлимнинг йил сайин исиб бораётгани натижасида қурғоқчилик, кучли сел, довул каби турли табиий офатлар тез-тез рўй бериши мумкин. Айни пайтда, Арктика музликлари эришининг денгиз сув сатҳи кўтарилишига олиб келиши айтилмоқда.







*** *** ***

Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши оқибатида дунёнинг турли минтақаларида тоза ичимлик суви танқис бўлиб бормоқда. Шу боис ҳукуматлар аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш чораларини кўрмоқда. Хусусан, Хитойнинг Шенжен шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли туроржой бинолари ва меҳмонхона ҳожатхоналарида бундан буён денгиз суви ишлатилади. Мутахассислар фикрича, бу лойиҳа 10 миллион одам яшайдиган шаҳарда ичимлик сувини тежашга ёрдам беради. .







*** *** ***

Британиянинг айрим минтақаларида охирги 100 йил ичида кузатилмаган қурғоқчилик рўй бериши мумкин. Шу боис Британия ҳукумати ва сув таъминоти билан шуғулланувчи ширкатлар миллионлаб аҳолининг сувдан фойдаланишига чеклов жорий қилишни режаламоқда. Британия Атроф-муҳит агентлиги маълумотига кўра, мамлакат жанубидаги айрим минтақаларга ҳозирга қадар Судан ва Ўртаер денгизи давлатларидагидан кам миқдорда ёмғир ёққан. Лондон расмийлари сув ширкатларига охирги 11 йил ичида биринчи марта муҳим бўлмаган объектларга сув таъминотини чеклаш салоҳиятини берди. Шу боис Британия жанубида голф майдонларида ўтлар қовжираб ётибди, сузиш хавзаларида эса сув йўқ. Британия Атроф-муҳит вазири Айн Пирсон эълон қилган баёнотда сув омборларида сув сатҳи яхши экани, бироқ дарё ва ер усти сувлари сатҳи таҳликали даражаси пасайиб кетгани айтилади.







*** *** ***

Атроф-муҳит ҳимоячилари ген хужайралари ўзгартирилган, яъни, трансген ўсимликлардан озиқ-овқат маҳсулотлар тайёрлашга анчадан бери қарши бўлиб келмоқда.

Бу борада Россияда ҳам маълум тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан “Greenpeace” халқаро ташкилотининг Россиядаги бўлими ходимлари болалар овқатига трансген моддалар қўшилишига мораторий эълон қилиш бўйича 13-14 май кунлари Москва ва Санкт Петербург шаҳарларида имзо тўплаш кампанияси ўтказди.

Икки кунлик кампания давомида болалар овқатига трансген моддалар қўшишни таъқиқлаш ҳақида қонун қабул қилишни сўраб Россия президенти номида ёзилган мактубга беш минг 400 фуқаро имзо қўйди.

“Greenpeace” ташкилоти вакили Вера Бакашева Озодлик мухбири билан суҳбатда бу тадбир нима учун айнан май ойида ўтказилгани ҳақида бундай деди:

“Гап шундаки, июн ойида турли ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини тартибга солувчи Федерал қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилиши режалаштирилгани. Мазкур қонун лойиҳасига болалар овқатларига трансген моддалар қўшишни таъқиқловчи бандни киритиш мумкин бўлади. Бизнинг мақсадимиз қонун лойиҳасига шундай бандни киритишдан иборат”, – дейди россиялик атроф-муҳит ҳимоячиси.

Вера Бакашевага кўра, Россия пойтахтида ўтказилган тадқиқот натижалари сўнгги йилларда трансген маҳсулотларини истеъмол қилиш сезиларли камайганини кўрсатган:

“2004 йил билан солиштирганда таркибида трансген моддалар бўлган болалар озиқ-овқат маҳсулотини истеъмол қилиш 37 фоиздан 12 фоизгача камайган” – дейди россиялик атроф-муҳит ҳимоячиси.

“Greenpeace” фаоллари болалар озиқ-овқат маҳсулотига трансген моддалар қўшилмаслиги кампаниясини март ойида бошлаган. Вера Бакашевага кўра, шу давр мобайнида фуқаролардан тўпланган барча имзо 1 июн “Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни”да Россия президенти идорасига жўнатилади.







*** *** ***

Расмий маълумотларга кура, кейинги йилларда Қозоғистонда экологик муаммолар кўпайиб бораяпти. Мамлакатнинг Орол денгизига яқин ҳудудларидаги экологик муаммолар денгиз қуриши билан боғлиқ бўлса, бошқа ҳудудларда ҳам турли хил экологик муаммолар мавжуд.Бу ҳақда Меҳрибон сўз юритади.

Қозоғистон иқтисодиёти борган сари ривожланаётганига қарамай, мамлакатдаги экологик муаммолар камаяётгани йўқ. Аксинча, ишга тушаётган йирик корхоналар мавжуд аҳволга салбий таъсир этмоқда.

Жанубий Қозоғистон вилояти аҳли ҳам экологик муаммолардан азият чекаётир.
“Ҳозир ишлаётган заводлар тозаликка риоя қилаётгани айтилса-да, улардан чиқаётган тутун атроф-муҳитга зарар етказмоқда. Қозоғистон мустақилликка эришгандан кейин мамлакатнинг иқтисоди маълум даражада яхши томонга ўзгарди. Ҳозир деярли ҳар бир оилада биттадан автомобиль бор. Баъзи хонадонларда 2-3 та машина борлиги ҳам маълум. Транспортнинг кўплиги ҳавонинг заҳарланишига сабаб бўляпти. Тўғри, халқимиз яхши яшаяпти. Лекин бизда ҳали маданият унчалик ривожланмаган. Махсус идишлар тургани ҳолда унинг ёнидан оқиб ўтадиган ариққа чиқиндиларни ташлаймиз. Катта-кичик ариқларнинг барчаси ифлосланган. Бу эса аҳоли орасида турли касалликлар кўпайишига олиб келяпти”, - дейди чимкентлик Мунаввара Қирғизбоева.

Жанубий Қозоғистонда экологик муаммолар кўплигини вилоят атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Татьяна Ленникова ҳам тан олади.

“Вилоятда атроф-муҳит аҳволи доимий равишда ёмонлашиб бормоқда. Бу ҳудуддаги саноат чиқиндиларининг атроф-муҳитни ифлослантириши натижасида йиғилиб қолган муаммолар ёки атмосфера, гидросфера ҳамда тупроқ билан, шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонат дунёси, ер ости ва ер усти сувининг сифатсизлиги билан боғлиқ жуда кўплаб муаммолар бор”, - деди Т.Ленникова.

Қозоғистон маорифи аълочиси Холида Тешабоеванинг таъкидлашича, аҳоли ўртасида экологик таълим-тарбия ва экологик маданият шаклланмас экан, бундай муаммолар барҳам топиши қийин.

”Бизда экологик маданият этишмайди. Камчиликларимиз жуда кўп. Ариқ сувларининг ифлосланиши... Бозорларга борсангиз, йиғлагингиз келади. Табиатга нисбатан жуда қўпол муносабат шаклланган. Биз бу нарсаларга лоқайд қараб турсак, келажагимизни йўқотишимиз мумкин”, - деди Х.Тешабоева.

Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳаси мутасаддиларининг билдиришича, айни пайтда мамлакат жамоатчилиги томонидан муҳокама этилаётган “Экология кодекси” қабул қилингач, кўплаб муаммолар ўз ечимини топиши мумкин.
XS
SM
MD
LG