Линклар

Эрон Европа Иттифоқи расмий Теҳрон уранни бойитишдан воз кечиши эвазига таклиф этаётган рағбатлантирувчи имтиёзларни рад этади.


17 май куни Эрон телевидениеси орқали қилган чиқишида мамлакат президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот “ЕИ таклифини қабул қилиш ёнғоқ ва шоколадга тилла алмашишни англатиши”ни таъкидлади.
М.Аҳмадийнажот Эрон бундай имтиёзларга рози бўлмаслигини ва уранни бойитиш дастурини давом эттиришини билдирди.
“Улар бизга имтиёз беришни хоҳлаётганини айтяпти. Биз эса имтиёзлар уларнинг ўзига буюришини билдирамиз. Зеро, биз улардан яхшилик кутмаймиз, бизга ёмонлик қилмасалар бўлди”, - деди Эрон президенти.
ЕИ Эроннинг уранни бойитишдан воз кечиши эвазига унга электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ўта такомиллашган ядровий технологияларни таклиф этган эди.
Дипломатларнинг билдиришича, Буюк Британия, Франция ва Германия Эронга таклиф этаётган имтиёзлар орасида енгил сувда ишлайдиган ядровий реакторлар ҳам бор.
Эроннинг бу имтиёзлардан воз кечиши АҚШ ва ЕИ давлатларида Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқариш технологиялари устида ишлаётгани борасидаги хавотирларни кучайтирмоқда.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса “Эрон халқаро таклифларга констуктив жавоб бериши керак”лигини билдирди.
XS
SM
MD
LG