Линклар

Душанбеда Жанубий ва Марказий Осиёда наркотик моддаларга қарши кураш мавзусига бағишланган уч кунлик халқаро анжуман ўтказилди


Ҳабибулло Ботиров Анжуманда сўзга чиққан Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов мамлакатда 800 амалдор наркотиклар савдоси учун ҳибсга олинганини маълум қилди.

Халқаро анжуман ташкилотчиларидан бири - хавфсизлик масалаларини ўрганувчи Жорж Маршалл маркази вакили тадбир якунлари ўлароқ ҳеч қандай ҳужжат қабул қилинмагани, аммо кейинчалик ҳисобот тайёрланиб, иштирокчиларга тарқатилишини билдирди.

АҚШ Бош қўмондонлигининг наркотикларга қарши кураш бўйича махсус маслаҳатчиси генерал Майкл Ҳиз эса халқаро анжуман яхши ўтгани, лекин Афғонистонда наркотиклар билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун йиллар зарур бўлишини таъкидлади.

“Аммо бу тадбирда Афғонистондаги вазиятни яхшироқ англашимга ёрдам берган Тожикистон президенти ва куч ишлатиш тизимлари раҳбарларига миннатдорлик билдираман”, - деди генерал.

Хўш, АҚШ вакилига вазиятни яхшироқ ўрганишга ёрдам берган Тожикистон президенти анжуманда нималар ҳақида гапирди?

И.Раҳмонов ўз мамлакати Афғонистондан тарқалаётган наркотикларнинг ғайриқонуний савдосига қарши курашнинг олдинги сафида туришини, Тожикистонда кейинги ўн йил ичида 60 тонна наркотик модда мусодара этилганини баён қилди. Унинг сўзларига кўра, кейинги беш йил ичида Тожикистонда наркобизнес билан шуғулланиб келган 800 амалдор, жумладан, юқори мартабали шахслар ҳибсга олинган.

“Чегарадан катта миқдорда наркотиклар олиб ўтиш операциялари ортида қўшни мамлакатнинг уларга ўхшаган катта шахслари туради”, - деди И.Раҳмонов.

Тожикистон президенти аксилтеррор амалиётлар бошлангандан кейин Афғонистонда кўкнори майдонлари камаймаганига алоҳида эътиборни қаратди.

“Кейинги йиллар давомида Афғонистонга неча миллиард маблағ сарфланди, у қаерга кетди? Нима учун кўкнори майдонлари қисқармаяпти? Нималар бўляпти ўзи? Афғонистонда аксилтеррор амалиётлар бошлангандан кейин наркотиклар ишлаб чиқариш уч баравар кўпайди! Аммо баъзилар кўкнори майдонлари камайгани, бироқ яхши ҳосил олингани учун героин ишлаб чиқариш кўпайгани тўғрисида ҳисобот бермоқда. Бу Афғонистонда ва умуман бизнинг минтақада наркотиклар муаммоси билан ишлаётган тизимларнинг ўз-ўзига ҳисоб беришидир”, - деди И.Раҳмонов.

Тожикистон президенти Европа мамлакатлари наркотикларга қарши кураш учун ҳар йили миллирдлаб евро сарфлаётгани, бироқ жуда оз миқдорда афюн мусодара этилаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, агар умумий концепция ишлаб чиқилиб, шу маблағнинг бир қисми Афғонистон атрофида наркотикларга қарши “белбоғ” ташкил этиш учун сарфланса, жиноятчилик, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик муаммоси камроқ бўларди.

Ўз мамлакатидаги вазият тўғрисида Афғонистоннинг наркотикларга қарши курашиш идораси бошлиғи ўринбосари генерал Худойдод гапирди.

“Афғонистон ва унга чегарадош мамлакатлар чегарачилари, полиция ва наркотикларга қарши кураш идоралари ўртасида ўзаро алоқа ва контрабандачилар ҳақида етарли маълумот мавжуд бўлмагани учун наркотиклар ғайриқонуний савдоси билан шуғулланувчилар ўзини эркин сезяпти. Қолаверса, кўкнори етиштиришдан катта фойда олаётган деҳқонларга муқобил даромад оладиган экинлар экиш таклиф этилмаган”, - деди Худойдод.

Афғонистондаги аксилтеррор амалиётларда иштирок этаётган 10 давлат вакиллари қатнашган уч кунлик халқаро анжуман ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.
XS
SM
MD
LG