Линклар

logo-print

Эрон мавзуси долзарблашиб бормоқда

  • Озодлик

Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Фатҳали Теҳрон ўз фуқаролари ҳуқуқларини кафолатловчи ва ядровий дастур атрофидаги бўҳронни ҳал этишга қаратилган ҳар қандай конструктив лойиҳани маъқуллашини маълум қилди.

Аввало, мазкур мавзуда Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг ўз мамлакати телевидениеси орқали қилган чиқишига тўхталсак. Яқинда у Европа Иттифоқининг ядровий дастурдан воз кечиши эвазига Теҳронга турли рағбатлантирувчи имтиёзлар бериш тўғрисидаги таклифи “ёнғоқ ва шоколадга тилла алмашишни англатиши”ни таъкидлаган ва Эрон бундай имтиёзларга рози бўлмаслигини ва уранни бойитиш дастурини давом эттиришини билдирганди.

“Улар бизга имтиёз беришни хоҳлаётганини айтяпти. Биз эса имтиёзлар уларнинг ўзига буюришини билдирамиз. Зеро, биз улардан яхшилик кутмаймиз, бизга ёмонлик қилмасалар бўлди”, - деганди Эрон президенти.

Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Фатҳали ҳам Тошкентда журналистларга берган интервьюсида ўз президентининг ядровий дастур борасидаги сиёсатини қўллаб-қувватлади, албатта.

“ЕИ Теҳроннинг ядровий масаласи атрофида юзага келган бўҳронни ҳал қилишни кўзлайдиган қонун лойиҳаси устида ишлаëтган бўлса, бу ҳужжатда икки муҳим омил, яъни оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик ҳақида келишувга асосланган ҳолда Теҳроннинг ядро дастури устида ишлаш ҳуқуқи борлиги ва ушбу ҳуқуқлардан фойдаланишини кафолатлашни расман тан олиш кераклиги кўрсатилиши лозим”, - деди элчи.

Нега бугун халқаро ҳамжамият Эроннинг ядровий дастурига катта эътибор бермоқда?

“Жаҳон ҳамжамиятининг ҳар куни Эрон ҳақида гапириб келаëтгани боиси шуки, мамлакат ядровий қуролга эга бўлган мамлакатларга яқинлашмоқда. ЕИ расмийлари билан олиб борилган музокаралардан сўнг Эрон ядровий дастури устидаги ишларни вақтинча тўхтатган эди. Аммо ўтган йилнинг август ва шу йилнинг январь ойидан бошлаб, Теҳрон яна уранни тўйинтириш амалиëтини давом эттирди. Эрон сўнгги 20 йил ичида олиб бораëтган ядровий дастури ҳақида дунë ҳамжамиятини огоҳлантирмагани ва у билан яқиндан таништирмагани туфайли ҳам халқаро жамоатчилик ишончини йўқотди”, - дейди Лондондаги халқаро муносабатлар тадқиқоти институти ходими Марк Фитзпатрик.


Москвадаги Карнеги маркази ходими Алексей Малашенконинг сўзларига кўра, вазият жуда оғир бўлгани боис, Эроннинг атом дастури атрофидаги бўҳроннинг қай тарзда бартараф этилишини айтиш қийин.

“Биринчидан, Эрон айтайлик 4-5 йилдан сўнг ядровий қурол яратишга қодирми? Бу қуролни яратишни истайдими? Бунга жавоб топиш керак. Чунки Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг ҳатто аксиламерика руҳидаги нутқларидан ҳам Теҳрон ядровий қурол устида ишлаш ниятида эмаслиги маълум бўлади. У бу дастур тинч мақсадларига қаратилганини қайта-қайта такрорлаяпти. Бошқа томондан эса М.Аҳмадийнажотнинг айрим сўзларидан Эрон атом бомбасига эга қудратли давлатлар сафидан жой олиш истагидалигини кўриш мумкин. Бир-бирига зид бу каби баëнотлар фонида Эрон ядровий масаласи атрофидаги музокараларнинг қай йўсинда кетаëтганини аниқлаш қийин”, - дейди А.Малашенко.

М.Фитзпатрик эса Вашингтон Эроннинг ядровий дастури борасидаги зиддиятни ҳарбий йўллар орқали ҳал этиши эҳтимолини инкор этмайди.

“Шундай бўлса-да, мен АҚШ Эронга уруш эълон қилади, деб ўйламайман. Тўғри Вашингтон бу йўлни ҳам ўрганяпти, бироқ бундай ҳаракат жорий йилда кузатилмаса керак. Чунки олдинда бўҳронни дипломатик йўллар орқали ҳал этиш мумкин бўлган бир қанча босқич турибди”, - деди М.Фитзпатрик.
XS
SM
MD
LG