Линклар

Миродил Абдураҳмонов “қора кучлар” ҳақида...

  • Фаррух Юсуфий

НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схефер ўтган йилнинг 13 майида Андижонда рўй берган қонли воқеалар юзасидан ҳамон мустақил халқаро текширув ўтказилмаганидан афсусда эканини билдирди.

Бош котиб Ўзбекистон ҳукумати НАТО, Европа Иттифоқи ва бошқа кўплаб йирик халқаро ташкилотларнинг мустақил текширув ўтказиш тўғрисидаги чақириқларини инкор этаётганидан ҳам таассуфда эканини маълум қилди.

Айни пайтда Ўзбекистондаги бир неча сиёсий партиялар НАТО, ЕИ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг мустақил текширув ўтказиш чақирувларини “Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашув” ва “ғараз мақсадлардаги сиёсат” сифатида баҳоламоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлисидаги барча сиёсий фракциялар, жумладан, ўзларини бир-бирига мухолиф, деб эълон қилган Халқ демократик партияси, “Миллий тикланиш”, Либерал демократлар, “Фидокорлар” партиялари шу кунларда бир ёқадан бош чиқариб, юқоридаги каби мазмундаги баёнотларини эълон қилмоқда.

ЎзЛДП аъзоси, партия нашри бўлмиш “21 аср” газетаси бош муҳаррири Миродил Абдураҳмонов “сиёсий партияларнинг ўз мамлакати манфаатларини ҳимоя қилиши кимгадир ёқмаса, бу уларнинг иши” эканини таъкидлади.

М.Абдураҳмоновнинг бу позициясига НАТО матбуот котиби Жеймс Аппатурай муносабат билдирди.

“Бу ерда асосий масала шундаки, НАТО ва ЕИ аъзолари ўз мамлакатларида муайян демократик қадриятларга амал қилади ва уларнинг бу қадриятлар бошқа мамлакатларда ҳам ҳурмат этилишини сўраш ва талаб қилишга тўла ҳуқуқлари бор. Шу ўринда Ўзбекистон НАТОнинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури аъзоси эканини эслатиб ўтишимиз жоиз. Бу келишувни имзолаганлар эса мен айтиб ўтган қадриятларни ҳурмат қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Ўтган йили Андижонда рўй берган воқеалар Ўзбекистон ҳукумати бу қадриятларни оёқ ости қилганига ишора бўлади. Шу сабабли НАТО ҳам, Европа Иттифоқи ҳам Ўзбекистон ҳукуматидан қонли воқеалар тегишли равишда тергов этилишини талаб қилган ва талаб қилишда давом этади”, - деди Ж.Аппатурай.

М.Абдураҳмонов эса Андижон воқеаларидан кейин НАТО ва бошқа халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини қатттиқ танқид остига олгани, боз устига, бу воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишни талаб қилиши ўзаро ҳамкорлик келишувларининг амал қилишига путур етказишини таъкидлади.

ЎзЛДП вакили фикрини давом эттириб, “Ўзбекистон ҳеч қачон қора ниятдаги кучларнинг мамлакат ички ишларига аралашишига йўл қўймаслиги”ни қўшимча қилди.

НАТО матбуот вакили Жеймс Аппатурай ўзбекистонлик сиёсатчи ва сиёсатшунос М.Абдураҳмоновнинг фикрлари инкор этиб, Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш талаблари ва инсон ҳуқуқлари борасидаги танқидлар Ўзбекистон ҳукумати билан имзоланган ҳамкорлик келишувларига путур етказмаслиги, аксинча бу талаблар ҳамкорликнинг бир қисми бўлиши лозимлигини таъкидлайди.

“Албатта, биз Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилганмиз ва бу ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз. Айниқса, Афғонистонда НАТО етакчилигидаги кучларнинг ўз миссиясини амалга оширишида Ўзбекистоннинг ёрдамини юқори баҳолаймиз. НАТОнинг Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликдан бутунлай воз кечиш нияти йўқ. Бу ҳамкорликни сақлаб қолмоқчимиз, Андижон воқеалар юзасидан мустақил, халқаро текширув ҳам айни ҳамкорликнинг бир қисми бўлиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун бу чақириқларимизни яна бир бор такрорладик”, - деди НАТО матбуот котиби.
XS
SM
MD
LG