Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:39

Мўътабар Тожибоева ўз талабларида қаттиқ турибди


Тошкент вилояти жиноят ишлари судида фарғоналик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева устидан апелляция жараёни бошланди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг, асосан, иқтисодий характердаги жиноятларга, шунингдек, туҳмат, порахўрликка тааллуқли 20 га яқин моддаси бўйича айбланган М.Тожибоевага дастлабки суд ҳукми билан 8 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди.

Апелляция суди бошланишидаёқ М.Тожибоева ҳайъат аъзоларидан бири Исматулла Мамановга раддия берди. М.Тожибоеванинг таъкидлашича, илгари И.Маманов билан ўрталарида кескин зиддият бўлгани боис, у бу шахс судда холис бўлишига ишонмайди.

Бироқ суд ҳайъати бу раддияни “етарли асосга эга эмас”лиги сабаб қаноатлантирмади.

“Мен суд-техник экспертизаси тайинлаш тўғрисида иккита илтимоснома киритдим. Мўътабар Тожибоева эса дастлабки тергов ва суд жараёнидаги хатоликлар, қўшимча гувоҳлар чақиртириш бўйича 18 та илтимоснома киритди”, - дейди судланувчининг адвокати Ҳусан Маҳбубов.

Бу илтимосномаларнинг тақдири ҳозирча номаълум. Аммо М.Тожибоева ўз талабларида қаттиқ турибди.

“Суд жараёнида ҳеч қандай қонунбузарликлар бўлгани йўқ. Барча келтирилган талаблар, илтимосномалар суд ҳайъати томонидан охирича эшитиляпти, шароитлар яратиб бериляпти. Лекин киритилган илтимосномаларга жавоб қандай бўлиши ҳозирча қоронғу. Мўътабар Тожибоева эса ўзини яхши ҳис қиляпти, соғлиғи жуда яхши”, - деди адвокат.

Суд жараёнини бир қанча хорижий ташкилотлар, жумладан, “Ҳьюман райтс уотч”, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, АҚШ элчихонаси вакиллари, хорижий ОАВ журналистлари ва ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари кузатмоқда.

Аммо, маълум бўлишича, айрим инсон ҳуқуқлари фаоллари, жумладан, Елена Урлаевага нисбатан тўсқинлик бўлган ва суд залига киритилмаган. Иккинчи куни эса у судга кела олмаган ҳам.

Суд жараёнини кузатиб бораётган “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғуновнинг билдиришича, Е.Урлаева уйидан чиқарилмаган бўлиши мумкин.

“Биз турли тўсқинликлар бўлишига кўникиб ҳам қолганмиз. Лекин суд мажлисида қатнашишимизга имкон бериляпти. Аниқ кўриниб турибдики, бу суд жараёни Мўътабар Тожибоеванинг овозини ўчириш учун уюштирилган. Аммо Тожибоеванинг ўзи ҳам ҳозир қаттиқ турибди ва биз ҳам бор имкониятимиз билан унинг озод этилишига ҳаракат қиляпмиз”, - деди А.Турғунов.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари суд иши бошдан оёқ уюштирилгани, М.Тожибоева эса айбсиз эканини таъкидламоқда.

М.Тожибоева 2005 йилнинг 7 октябрида Дублинда бўладиган халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари анжуманига кетиш олдидан ҳибсга олинганди. Унга қўйилган айблар орасида “тақиқланган ташкилотга аъзолик” моддаси ҳам бор. Айни шу модда туфайли дастлабки судда 2005 йилнинг декабрида эълон қилинган амнистия М.Тожибоевага нисбатан қўлланмади.
XS
SM
MD
LG