Линклар

logo-print

Молиявий разведканинг “қўллари узун”

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг фармонига биноан мамлакат Бош прокуратураси ҳузурида молия разведкаси бошқармаси ташкил этилди. Бу тузилмага жуда катта ҳуқуқлар берилган.

Бу бошқарма яқин ойлар ичида энг қудратли тузилма сифатида танилиши мумкин. Идоранинг шахсан президент қарори билан ташкил этилгани ҳам шундан далолат беради.

Молия разведкаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари вазирликлар, давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари идораларидан тортиб, барча хориж ташкилотлари, хусусий ширкатлар ва оддий фуқароларнинг молиявий операциялари устидан назорат олиб боради.

Прокуратура шу тариқа терроризмнинг молиялаш илдизларига болта урмоқчи ҳамда жиноий йўллар билан топилган маблағнинг қонунийлаштирилишига чек қўймоқчи.

Бошқарма томонидан бу каби фаолиятда гумон қилинган исталган ташкилот терговчиларга ўз молиявий фаолияти тўғрисидаги барча ахборотни тақдим этиши шарт. Бошқарма, ўз навбатида, ташкилот фаолиятини тўхтатиб туриш ва жиноят иши қўзғатиш ваколатига эга.

“Аммо бу прокуратуранинг янги бошқармасига чексиз ҳуқуқ берилганини англатмайди,- дейди ўз исми ва ишлаш жойи ошкор этилишини истамаган давлат мулозими. - Бугунги кунда террорчиликни молиялашга қарши қаратилган чоралар дунёнинг аксар давлатларида кўрилмоқда”.

Бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқова “янги бошқарманинг ташкил этилиши ҳукуматнинг мамлакатда тартиб ўрнатиш учун истакдан амалий ишга ўтишини англатиши”ни таъкидлади.

Аммо Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг иқтисодий масалалар бўйича мутахассиси Марк Болтес Ўзбекистон ҳукумати ягона идоранинг қўли билан мамлакатда амалга оширмоқчи бўлаётган чоралар конституцияга зид бўлиши мумкин”, деган хавотирини яширмади.

“Ўзбекистонда прокуратура мустақил эмаслигини билган ҳолда молиявий назорат масаласи ушбу ташкилотга юклатилаётгани мени хавотирга солмоқда. Агар прокуратура ҳам текширса, ҳам тергов ўтказиб, жавобгарликка тортса, унинг холис бўлиши юзасидан жиддий шубҳаларим бор. Аксар давлатларда бу конституцияга қарши ҳаракат сифатида қабул қилинади”, – деди М.Болтес.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тадбиркорликнинг кучли сиқув остига олиниши Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улушининг ортиб боришига сабаб бўлган. Вазиятни ҳал этиш учун ҳукумат назоратни янада кучайтириш йўлидан борди.

Ўзбекистон ҳукуматининг даво қилишича, ўтган йили Андижонда содир этилган ҳукуматга қарши намойиш мустақил манбалар томонидан молиялаштирилган.


Янги бошқармасининг ташкил этилиши Ўзбекистон ҳукуматининг мана шу иккала муаммони ҳал этишга қаратилган ўзига хос усулидир.


Марк Болтеснинг сўзларига кўра, бугунги кунда бир қанча давлатларда терроризмга қарши кураш баҳонасида турли сиёсий ва иқтисодий масалаларни ҳал этишга уринишлар кузатилмоқда.


Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сурат Икромов молиявий разведка бошқармаси “ҳукумат буюртмасини бажариб, мамлакатдаги турли нодавлат ҳамда инсон ҳуқуқлари ташкилотларини террорчиликни молиялашда айблаши мумкин”, деб ҳисоблайди.

Унинг айтишича, бундан буён терроризм айблари билан ҳукумат оддий тадбиркор ва фуқароларини ҳам даҳшатга солади.

“Эндиликда молиявий томондан террорчиликда айбланиб қамаладиган оддий одамлар сони кўпаядиганга ўхшайди”, – дейди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG