Линклар

БМТ АҚШни қийноқларни тўхтатишга чақирди

  • Ҳасанжон

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси АҚШ ҳарбийлари ва ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан ҳибсга олинган маҳбусларнинг ҳар қандай кўринишда қийноққа солиниши ҳамда уларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш ҳоллари тўхтатилиши кераклигини билдирди.

Бу чақириқ қўмитанинг май ойи бошида Женева шаҳрида бошланган муҳокамалари хулосасидан ўрин олган.

Ҳужжатда қўмита Вашингтон расмийларини ўзининг барча махфий қамоқхоналари, жумладан, Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасини ҳам ёпишга даъват этган.

“Биз Гуантанамо қамоқхонаси, албатта, ёпилиши кераклиги ҳақидаги фикримизни билдирдик. Биз амалда қўлланилаётган баъзи сўроқ усуллари БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси томонидан тақиқланганини билдириб, бундай сўроқ усуллари қўлланилаётганига аниқ мисоллар келтирдик”, - деди Женевада ўтказилган матбуот анжуманида БМТнинг АҚШ бўйича махсус маърузачиси Фернандо Марино Менендез.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакили Женнифер Даскал “Озодлик” мухбири билан суҳбатда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ҳисоботида АҚШ танқидга учраши кутилганини маълум қилди.

“Бу худди кутганимиздек бўлди. Улар АҚШнинг Ироқ, Афғонистонда юритаётган сиёсати ва Гуантанамо қамоқхонасида маҳбусларга нисбатан қилинаётган муомалани танқид қилди”, - дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

10 аъзодан иборат қўмита БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси АҚШ томонидан қандай бажарилаётгани масаласини шу ой бошида муҳокама қила бошлаган эди. Қўмита ҳисоботида қийноққа солиниши эҳтимоли бўлган ҳар қандай давлатга маҳбуслар топширилмаслиги кераклиги таъкидланади.

Қўмита муҳокамаларида иштирок этган АҚШ комиссияси аъзолари маҳбуслар қийноққа солингани ҳоллари бармоқ билан санарли эканини айтиб, Вашингтон расмийларининг аксилтеррор кампаниясини оқлашга ҳаракат қилди.

Жумладан, АҚШ Давлат департаменти ҳуқуқшуноси Жон Б.Беллингер маҳбусларга нисбатан қийноқ усуллари қўлланилаётгани ҳақидаги иддаолар бўрттириб кўрсатилганини билдирди.

“Мен маҳбуслар қийноққа солиниши ва АҚШ ҳарбийлари хатти-ҳаракатлари ҳақида матбуотда пайдо бўлган иддаолардан яхши хабардорман ва уларга ишонмаслигингизни сўрайман. АҚШ ҳарбийлари ва разведка хизмати ходимлари ҳақидаги иддаолар абсурд даражага етди”, - деди Жон Б.Беллингер.

АҚШнинг Женевадаги расмийлари БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси эълон қилган ҳисоботни ҳозирча шарҳлагани йўқ.
XS
SM
MD
LG