Линклар

Руслар кўп туға бошлайдими?


Клер Биг Россия президенти Владимир Путин ўтган ҳафтада Федерал йиғинда қилган йиллик мурожаатида мамлакатдаги демографик вазият ҳақида жуда куйиниб гапирган эди.

В.Путин Россия аҳолиси йилига 700 минг кишига камайиб кетаётгани, бу келажакда демографик таназзулга олиб келишини айтиб, кўп болали оилаларни рағбатлантириш миллий дастурини илгари сурганди.

Хўш, В.Путин илгари сурган бу миллий дастур аёлларни кўп болалиликка ундаши мумкинми?

Бола катта қилиш ҳар жойда бўлгани каби Россияда ҳам анча қиммат.

“Болалар аравачаси 20 минг рубль, тахминан 750 доллар, автомобилга ўрнатишга мўлжалланган болалар ўриндиғи 7000 рубл. Стол, стул... у ёғини гапирмаса ҳам бўлади. Ҳатто керакли оддий нарсалар нархи ҳам осмонда”, - дейди икки фарзандни тарбиялаётган 33 ёшли Нелья.

Қизчасини боққа сайр қилдиргани чиққан 35 ёшли Светлана ҳам бола ўстириш осон эмаслигидан нолийди ва яқинда бир яшар қизчасига оддий туфлини 800 рубль, яъни 30 долларга олиб берганини айтади.

Светлана асли тасвирий санъат ўқитувчиси. Бир йил аввал иккинчи фарзандини туққанидан кейин ишламай қўйган. Эри эса сайёҳлик фирмаси ходими. Светлананинг айтишича, эри топадиган пул оилани боқишга етади. Лекин пулни ҳар қанча аяб сарфламасин, ҳар ойда боласи учун 12 –20 минг рубль, яъни ўртача 500 доллар кетади.

Ўртача маош 700 долларни ташкил этадиган Москва учун бу катта пул. Шу боис, аксар москваликлар бугунги кунда бир бола билан чекланмоқда. Бу эса Россиядаги демографик вазият учун катта муаммо бўлиши мумкин.

Экспертлар фикрича, агар Россияда туғилиш шундай кечса, 2050 йилга бориб аҳоли сони ҳозирги 142 миллиондан 100 миллионгача камайиши мумкин.

Россия раҳбарининг йиллик мурожаатида айни шу масалаларга катта эътибор қаратилган. Туғишни рағбатлантиришни кўзда тутувчи миллий дастур бола парвариши учун ҳар ой бериладиган нафақа миқдорининг икки баравар оширилиши, хусусан, бир болалик оилаларга 1500 рубль, икки болалик оилалар учун 3000 рубль миқдорида нафақа пули берилишини назарда тутади. Шунингдек, иккинчи бола туғилган оилаларга ҳукумат тарафидан 250 минг рубль, тахминан 10 минг доллар миқдорида молиявий ёрдам берилиши ҳам эътиборга олинган. Бу маблағ ваучер кўринишада берилади ва ота-она маблағни болани ўқитиш ёки бошқа харажатлар учун сарфлаши мумкин.

“Бу дастур иккинчи болани туғсамми-туғмасамми, деб иккиланиб турганлар учун туртки бўлишига ишонаман”, - дейди Светлана.

Нелья эса миллий дастур кутилган натижани беришига иккиланиб қарашини ва иккинчи боласини банкда ишлайдиган эри топадиган пулга ишониб туққанини айтади.

32 ёшли Ирина ва унинг эри учун эса бир болани парваришлаш ҳам катта муаммо. Руҳшунос бўлиб ишлайдиган Иринанинг уч яшар қизчаси бор. Яна фарзанд кўришни хоҳлайди-ю, лекин имконияти йўқ.

“Уйим бўлганда бошқа гап эди. Масалан, биз учовимиз 17 квадрат метрлик хонадонда яшаймиз. Болани ўқитиш ҳам муаммо. Болани боғчадан олтида олишим керак. Ишимнинг ўзи олтида тугайди. Қизимни ҳаммадан кейин оламан. Шунинг учун ишлайдиган оналар учун иш вақти бешда тугайдиган қилинса, яхши бўларди”, - дейди Ирина.

Агар Ирина иккинчи фарзандни туғса, ҳукуматдан 250 минг рубль ёрдам пули олиши мумкин. Лекин барибир бу пул уй-жой муаммосини ҳал эта олмайди. Москвадек қиммат шаҳарда бу маблағ шаҳар чеккасидаги коммунал квартирага зўрға етади.
XS
SM
MD
LG