Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:18

Россия Европа Кенгашига раҳбарлик қилишга киришди


19 май куни Европанинг демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича мутасадди ташкилоти ҳисобланган Европа Кенгаши раислигини олти ой муддатга Россия қабул қилди.

Страсбург шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва ташкилотга раҳбарлиги даврида “бўлиниш чизиқларисиз яхлит Европа” тамойиши асосида иш юритишини билдирди. Шунингдек, у Россия ҳукумати Европа Кенгаши раҳбарлиги ваколатларини суиистеъмол қилмай, ундан самарали фойдаланишини айтди.

“Биз раислик равозимини суиистеъмол қилиш ниятида эмасмиз. Бу вазифани масъулият билан бажарамиз. Биз Европа Кенгаши ўз ваколатлари доирасида маълум вазифаларни ҳал этиши йўлида ишлашга ҳаракат қиламиз”, – деди С.Лавров.

Матбуот анжуманида анчадан бери халқаро ҳамжамият хавотирига сабаб бўлаётган Эроннинг ядровий дастури масаласида ҳам гап борди. Сергей Лавров бу масалада юзага келган бўҳронни тинч йўллар орқали ҳал этиш мумкинлигига ишонишини маълум қилди.

“Биз аввалдан ҳеч қандай шарт қўяётганимиз йўқ. Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган бўҳронни музокаралар – тўғридан-тўғри музокара ўтказиш орқали ҳал этиш мумкинлигига ишонамиз”, – деди Россия ташқи ишлар вазири.

Шу билан бирга, С.Лавров Теҳрон расмийлари ҳам халқаро ҳамжамиятни ташвишга солаётган бу муаммони ҳал этиш учун ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади.

“Эрон биз ҳаммамиз бу мамлакатни изоляция қилиш ниятида эмаслигимизни, бу мамлакатга ўз иродамизни ўтказишни хоҳламаслигимизни тушуниши керак. Эрон томони биз бу мамлакатни халқаро қонунлар доирасида, жумладан, Атом энергияси халқаро агентлиги олдидаги ўз мажбуриятларини бажариши кераклиги доирасида ҳамкорлик қилишга чақираётганимизни англаб етиши лозим”, – деди Россия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.
XS
SM
MD
LG