Линклар

Черногорияда мустақиллик референдум ўтказилди

  • Ҳасанжон

Черногорияда Сербиядан мустақил бўлиш ёки федерация таркибида қолиш учун референдум ўтказилди. Черногория мустақил давлат деб эълон қилиниши учун иккита шарт бажарилиши лозим. Биринчидан, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 485 минг фуқаронинг камида ярми референдумда қатнашиши керак. Иккинчидан, берилган овозларнинг камида 55 фоизи мустақиллик учун “Ҳа”, дея жавоб бериши талаб этилади. Мустақиллик референдуми натижалари душанба куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Черногорияликлар Европада янги мустақил давлат барпо этиш учун референдумда овоз бердилар. Давлат мустақиллиги масаласида референдум ўтказиш осон бўлмади. Пойтахт Подгорицадаги Озодлик радиоси мухбири Петар Комненич Черногория мустақиллиги тарафдорлари ва унга қарши бўлганлар турли тоифага мансуб фуқаролар эканини айтади:

“Жамият бўлинган. Зиёлилар, маданият арбоблари, актёрлар, қўшиқчилар, таниқли футбол ўйинчилари суверенлик тарафдори. Сербия билан федерация таркибида қолишни хоҳловчилар эса оддий одамлар”, - дейди Озодлик мухбири.

Черногория мустақиллиги учун олиб борилган кампанияга Бош вазир Мило Дюканович раҳбарлик қилди. Унинг фикрича, агар мустақилликка эришилса, Черногориянинг Европага интеграциялашиши ва мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш суръати тезлашади.

Референдум арафасида Подрогицада минглаб фуқаролар олдида чиқиш қилган Дюканович:

“Мен Черногориянинг барча фуқаролари жумладан, турли сабабларга кўра ўз келажаги, ўз давлати келажаги, ушбу тарихий фурсат масулиятини хис қила олмаётган черногорияликларни ҳам тинч, европача усулда, демократик йўл орқали ўз хоҳиш-иродаларини билдириш учун овоз беришда қатнашишга чақираман. Бу Черногориянинг ҳозирги авлоди учун улкан демократик ғалаба бўлади”, – дея баёнот берди Черногория Бош вазири.

Мило Дюкановичга кўра, агар Черногория мустақилликка эришса, Сербия билан ҳозиргига қараганда яхшироқ муносабат ўрнатиш имконияти пайдо бўлади. Сербия билан федерация таркибида қолиш тарафдори бўлганлар фикрича, атиги 620 минг аҳолига эга бўлган Черногориянинг мустақил давлат сифатида сиёсат юритиши амри маҳол. Уларга кўра, Черногориянинг Сербия билан бўлган тарихий алоқаларнини узиш имконсиз.

Мухолифатдаги Социалистик халқ партияси ва Сербия билан иттифоқ блоки раҳбари Предраг Булатович иттифоқ сақланиб қолишига умид билдирди:

“Мен халқ иродаси Сербия ва Черногория иттифоқини сақлаб қолишига ишонаман. Черногория мустақиллиги учун ўтказилаётган референдум ўз мақсадига эришмайди”, – дея баёнот берди мухолифат раҳбари.

Черногория аҳолисининг 32 фоизини ташкил этувчи серблар мамлакат мустақиллигига қарши овоз бериши кутилмоқда.

Айни пайтда, Белград расмийлари Черногорияда мустақиллик референдуми ўтказилаётганидан хурсанд эмас. Сербия ҳукумати мамлакатда яшаётган черногорияликлар референдумда овоз бериб яна ортга қайтишлари учун уларга бепул темир йўл ва автобус чипталари таклиф қилди. Черногориядаги мустақиллик референдумини уч минг 400га яқин хорижий ва маҳаллий мутахассислар кузатмоқда. Мустақиллик референдуми натижалари душанба куни эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG