Линклар

Тожикистонда ОИТСдан 33 киши ўлди


Ҳабибулло Ботиров Май ойининг ҳар учинчи якшанбасида жаҳонда ОИТС касаллигидан вафот этганлар халқаро кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтади. Тожикистонда ҳам айни шу касалликдан ўлган 33 киши хотирланди.

Мазкур сана муносабати билан Душанбедаги Абу Али ибн Сино номидаги майдонда “Гули сурх” ва ОИТСнинг олдини олишга қаратилган лойиҳалар бўйича ишлаётган ноҳукумат ҳамда халқаро ташкилотлар бир неча тадбирлар ўтказди. Тадбир якунида ОИТСдан вафот этганлар хотираси бир дақиқа сукут сақлаб ёдга олинди.

Тожикистон ОИТСга қарши кураш маркази директори Аъзамжон Мирзоев ОИТВни юқтирган кишилар сони бўйича Душанбе шаҳри бошқа минтақалардагига қараганда биринчи ўринда туришини, шунинг учун бу касалликдан ўлганларнинг аксарияти пойтахтдан эканини билдирди.

“ОИТВ ва ОИТС биринчи марта аниқланган 1991 йилдан бери ўтган давр мобайнида Тожикистонда 33 киши вафот этди. Бу касалликка чалинганларнинг 70 фоизи наркотик моддаларни қон томирига юбориш орқали истъмол қилган. Шу туфайли улар орасида ўлим ҳолатлари кўп учрамоқда. Аслида шу вақтгача икки бемор ОИТСдан ўлгани факти расман тасдиқланган. Балки бундай ҳолатлар кўпроқдир, лекин улар ташхисдан ўтказилмагани учун аниқ маълумотга эга эмасмиз”, - деди А.Мирзоев.

ОИТВдан ўлганларнинг кўплари сил касаллигига чалинган бўлиб, уларда бу хасталикка нисбатан иммунитет сусайган.

А.Мирзоев тадбирга тўпланган ёшларга ОИТВга чалиниш сабаблари ва унинг оқибати ҳақида гапириб, шу вақтгача бу вирусни кўпроқ гиёҳвандлар юқтирган бўлса, кейинги пайтларда жинсий алоқа орқали орттираётганлар кўпайиб бораётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Душанбе шаҳрининг ўзида 190 киши ОИТВни юқтирган. Кейинги тўрт ой ичида пойтахтнинг ўзида 19 кишидан шундай вирус топилган.

А.Мирзоевнинг айтишича, Россияга мардикорликка бориб келганлар орасида турли юқумли касалликлар, жумладан, ОИТВга чалинганлар кўпаймокда.

Тожикистонда жорий йил январдан буён ОИТВ ва ОИТСга чалинган 38 киши аниқланди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 баравар кўпдир. ОИТСга қарши кураш маркази маълумотларига кўра, ҳозир мамлакатда мазкур хасталикни юқтирган 544 бемор расман рўйхатга олинган. Бироқ норасмий ҳисоб-китобларга бўйича республикада ОИТВга чалинган беморлар сони 7 минг экани айтилади.

ОИТСдан ўлганлар хотираси учун ўтказилган тадбир ташкилотчиларидан бири “Гули сурх” ноҳукумат ташкилоти раиси Севара Комилованинг билдиришича, шу сана муносабати билан ўтказилган тадбирда ўтган йили вафот этган 26 ёшли жувон ва 24 ёшли йигит хотираси учун иккита кабутар ва пуфаклар учирилган. “Тамға ва камситиш” номли саҳна асари намойиш этилган.

Хотира кунида иштирок этган ёшлар ана шундай тадбирларнинг тарбиявий аҳамияти катта экани, бундай саҳна кўринишлари бошқа жойларда ҳам намойиш этилиши мақсадга мувофиқлигини айтди.

ОИТСдан ўлганлар хотираси халқаро куни 1983 йилдан бери нишонланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозир дунёда қирқ миллион киши ОИТВ билан яшамоқда. 20 йилдан кўпроқ вақт ичида 22 миллион киши, жумладан, бир ярим миллион бола шу касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмган.
XS
SM
MD
LG