Линклар

Кеча Черногорияда бўлиб ўтган референдум дастлабки натижаларига кўра¸ республиканинг мустақил давлатга айланишини ëқлаб 55.4 фоиз сайловчи овоз берган.


Бу эса¸ Европа Иттифоқи Черногория мустақиллигини тан олиш учун қўйган 55 фоизлик талабдан салгина кўпдир.
Расмийларга кўра¸ референдумда овоз бериш ҳуқуқига эга аҳолининг 86.3 фоизи иштирок этган.
Европа комиссияси матбуот котиби Амадеу Тардио¸ иттифоқ референдумнинг тинч ўтганини олқишлашини билдирди.
” Европа комиссияси Черногориядаги референдумнинг тинчлик билан ўтгани ва унинг легитимлиги учун муҳим бўлган сайловчилар иштироки баланд бўлганини мамнуният билан қайд этади”¸ - деди Брюссел расмийси.
ЕХҲТ ташкилоти ҳам мустақиллик референдумининг демократик қоидалар асосида ўтганини билдирди.
Референдум дастлабки натижасига биринчилардан бўлиб муносабат билдирган Хорватия президенти Стипе Месич¸ черногорияликларни мустақиллик билан табриклади. Қолган Болқон давлатлари раҳбарлари ҳам Черногориянинг тинч йўл билан Сербиядан ажраши Югославия бўлинишини мантиқан ниҳоясига еткизиши ва минтақадаги тинчликка хизмат қилажагини таъкидламоқдалар.
Ҳозирча референдум якуний расмий натижасининг қачон эълон қилиниши номаълум.
XS
SM
MD
LG