Линклар

logo-print

Тарқалиш навбати қирғиз парламентига келди...ми?


Абдуллоҳ Эргаш Қирғизистон парламентининг 22 май куни ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғилиши мамлакат жамоатчилиги ва журналистларда катта қизиқиш уйғотди. Депутатлар Қирғизистондаги бугунги сиёсий вазиятни муҳокама қилинишини билдирган эди.

Бироқ норасмий манбалар бу йиғилишда парламент мамлакатда етилиб келаётган сиёсий бўҳроннинг олдини олиш учун ўзини–ўзи тарқатиши масаласини муҳокама қилганини таъкидламоқда. Зеро, Қирғизистондаги “рангли инқилоб” бешиги бўлмиш жанубий вилоятларда парламентни тарқатиш талаби билан бир қанча йиғилиш бўлиб ўтганди.

Жумладан, 20 май куни Жалолобод шаҳрида парламентни тарқатиш талаби билан халқ қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой ташкилотчиларининг айтишича, унда Ўш, Жалолобод, Талас, Боткен вилоятларидан 4-5 мингга яқин, бошқа манбаларга кўра эса мингдан ортиқ одам иштирок этган.

Бундан аввал эса Қирғизистон жанубидаги бир неча туманда шундай талаб билан халқ йиғилишлари ўтказилган эди.

Хўш, нега энди Қирғизистонда бирданига парламентни тарқатиш масаласи бу қадар кўндаланг қўйилмоқда?

“Парламентни тарқатиш талабларини Қирғизистонда инқилоб деб аталаётган воқеаларнинг узвий давоми сифатида тушуниш керак.Зеро, инқилобнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи парламентга, порахўрлик ва адолатсизликка асосланган сайлов тизимига қарши бўлганди. Лекин янги ҳукумат эски даврни, эски тузумни қайта тиклашга ҳаракат қилди ва бу талабни вақтинчаликка унутди”, - дейди ўшлик сиёсий шарҳловчи Ғанижон Холматов.

Бишкеклик сиёсатшунос Иқбол Мирсаитов эса бу ҳаракатлар аслида мухолифат раҳбари, депутат Умурбек Текебоевга қаратилганини билдиради.

”Бундай чиқишлар кўпроқ У.Текебоевга қарши бўлмоқда. Чунки у мухолифат лидерларидан бири. Президентни эса, асосан, жанубликлар қўллаб-қувватлайди”, - дейди И.Мирсаитов.

22 май куни ёпиқ эшиклар ортида ўтган парламент йиғилишидан кейин бир неча депутат баёнот берди.

Депутат Мелис Эшимкановнинг таъкидлашича, мамлакатда сиёсий бўҳрон пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида парламентнинг ўз-ўзини тарқатишига 10 депутат тайёр эканини билдирган. Бироқ депутатларнинг асосий қисми президент билан мулоқат орқали муросага келиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Депутат У.Текебоев эса: “Парламентнинг тарқатилиши ва янги сайлов ўтказилиши мамлакатда янги ва узоқ давом этадиган сиёсий инқирозни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳукуматнинг парламентни тарқатиш борасида олиб бораётган сиёсати масъулиятсиз ва хавфли сиёсатдир”, - деб баёнот берди.

Бироқ сиёсатшунос Иқбол Мирсаитов парламент ижро ҳокимияти билан муроса қилишга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, тарқатиб юборилиши мумкинлигини айтади.

“Бугунги парламент таркиби давлат сиёсатига тўғри келмаяпти. Шунинг учун парламент тарқатилиши мумкин. Лекин ҳозир эмас. Бу иш кузга бориб амалга ошади. Кузда Конституциянинг янги лойиҳаси бўйича референдум ўтказилади. Парламентни тарқатиш масаласи ҳам мана шу референдумда ҳал этилади”, - деди сиёсатшунос.

Унинг сўзларига кўра, парламент депутатларининг асосий қисми мухолифатчилардир. Улар ҳукумат ишига тўсқинлик қилмоқда.

“Парламентнинг бир –бир ярим йил ичида ислоҳотлар ўтказиш талаби аслида нотўғри. Ислоҳотлар ўтказиш учун янги ҳукуматга имкон ва вақт берилиши керак. Икки-икки ярим йилдан сўнг эса ислоҳотлар ўтказилмаган тақдирда бундай талаблар қўйилса, бошқа гап. Лекин ҳозир ҳам ҳукумат ислоҳотлар қилишга уриняпти”, - дейди И.Мирсаитов.

Ўшлик сиёсатшунос Ғанижон Холматов фикрича, собиқ президент Асқар Ақаев даврида шаклланган парламентнинг янги ҳукуматга тўсқинлик қилиши ҳаммага маълум ҳақиқат эди.

Шундоқ экан, нега энди 2005 йил 24 мартдаги инқилобдан сўнг парламент тарқатилмади?

“Чунки инқилобдан сўнг Қирғизистондаги ягона легитим орган парламент бўлиб қолди. Парламентдан янги ҳукуматни ташкил этиб олиш, президент маъмуриятини шакллантириш мақсадида фойдаланиш эҳтиёжи бор эди. Менимча, бугунги кунда президент парламентдан тўла фойдаланиб бўлди. Энди эса парламентни президентга тўла бўйсундириш жараёни бошланди. Парламент ижро ҳокимиятига тўла қарам ҳолга етмагунича бу каби сиёсий кураш давом этаверади”, - дейди Ғанижон Холматов.
XS
SM
MD
LG