Линклар

Каримов қандай ўзгаришларга тайёр?

  • Озодлик

Россияда чиқадиган “Независимая газета”нинг 22 май кунги сонида журналист Виктория Панфилованинг “Каримов ўзгаришга тайëр” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Журналист ўз мақоласида Россия-Ўзбекистон ўртасида ривожланиб бораëтган ҳозирги алоқаларга тўхталади. Муаллиф фикрича, 13 май воқеаларидан сўнг АҚШ ва Европа Иттифоқи босимига учраëтган Ислом Каримов уни ўз ҳимоясига олган Россияга Ўзбекистоннинг табиий бойликларини таклиф қилишга тайëр.

“Россия билан стратегик иттифоқчилик Ўзбекистонга қимматга тушиши мумкин”, - сўзлари билан бошланади мақола.

В.Панфилованинг ёзишича, иттифоқчилик муносабатлари эвазига Тошкент Россияга давлатга тегишли корхоналар, шунингдек, нефть ва газ конларини таклиф қилган.

Бу ҳақда Ислом Каримов Сочида Кремл раҳбари Владимир Путин билан Андижон воқеаларининг бир йиллиги куни ўтказган учрашувида ҳам айтган эди.

Хўш, Ўзбекистон дарвозаларининг Россия учун каттароқ очилиши фақатгина Ислом Каримовнинг ташаббуси билан амалга оширилмоқдами ëки бунда парламентнинг ҳам роли борми?

“Ўзбекистон давлатни президент бошқарадиган мамлакат ҳисоблангани учун бу Ислом Каримовнинг ташаббусидир. Парламент эса президент назоратида. Шундай экан, у президент чизган чизиқдан чиқа олмайди. Бунинг устига, келаси йил Ўзбекистонда президент сайлови бўлиб ўтади. Ҳозирча ҳукуматни ўзгартириш ëки президент вориси ҳақида ҳеч қандай гап-сўз кетмаяпти”, - дейди В.Панфилова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Унинг таъкидлашича, Кремлнинг Ўзбекистондаги ëнилғи объектларига бўлган қизиқиши катта ва Вашингтон билан айни соҳада давом этаëтган баҳсда Москва етакчи ролни эгаллашни истайди. Шунинг учун ҳам Россия ҳукумати Марказий Осиë республикаларидан олаëтган қазилма бойликлар эвазига мазкур республикалар раҳбарларининг хавфсизлигини таъминлашга кафолат беради.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова ҳам Ўзбекистон-Россия муносабатларининг тезликда ривожланаëтганини айтади, аммо бунинг сабабларини бошқача изоҳлайди.

“Гап Путин ëки Каримов ҳақида кетмаяпди. Чунки раҳбарлар келади-кетади. 2008 йили Россияда янги президент сайланишини кутаяпмиз. Келаси йили эса Ўзбекистонда ҳам вазият ўзгариши мумкин. Айни пайтда Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятидаги сиëсий ва иқтисодий ўзгаришлар шундай мантиқ, шундай тусда давом этяптики, Ўзбекистоннинг нафақат Россия, балки ëн қўшнилари билан яқин алоқа қилмасликдан бошқа иложи қолмаяпти”, - дейди С.Шерматова.

Сўнгги вақтларда АҚШ ҳукуматининг айрим вакиллари Ислом Каримов билан алоқани қайта йўлга қўйиш ташаббуси билан чиқаëтгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

С.Шерматованинг фикрича, бу ҳолат Ўзбекистон-Россия алоқаларида катта ўзгариш ясамайди. Чунки И.Каримов билан алоқаларни 2001 йилдан бошлаган АҚШ Ўзбекистонга ҳарбий базасини жойлаштиришдан ташқари ҳеч қандай жиддий сармоя ётқизмаган. Чунки Ўзбекистондаги иқтисодий вазият АҚШ сармояси учун ноқулай эди. Россия сармояси эса, аксинча, Ўзбекистонга катта миқдорда кириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG