Линклар

logo-print

Ҳужумларга ТИҲни айблаш кимга керак?

  • Сарвар Усмон

“Туркистон исломий ҳаракати Андижон шаҳрида юз берган ҳукуматга қарши исённинг бир йиллиги муносабати билан террорчилик хуружлари сериясини тайёрлаган”.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги 21 май куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Вячеслав Қосимовнинг мана шу баёнотини тарқатди. В.Қосимов Туркистон исломий ҳаракати собиқ Ўзбекистон исломий ҳаракати эканини ҳам қўшимча қилди.

У бу гапни 12 май куни Тожикистон ва Қирғизистон чегарачиларига қилинган ҳужумни назарда тутиб айтган.

Аксилтеррор ташкилот раҳбарининг бу баёнотига ишониш учун, баъзи таҳлилчилар фикрича, етарли асослар йўқ.

“Фарғона водийсида сиёсий исломнинг ўзгачаликлари” мавзуини яқиндан ўрганиб келаётган олим, сиёсатшунослик фанлари номзоди Иқбол Мирсаидов В.Қосимовнинг баёнотига ишониш қийинлигини таъкидлади. У тожик-қирғиз чегарасига ҳужум қилганлар ўзлари ва мақсадлари тўғрисида ҳеч қандай баёнот бермаганига эътиборни қаратди.

Шу ўринда қирғизистонлик ва тожикистонлик расмийларнинг воқеадан бир–икки кун ўтиб берган баёнотлари ёдга тушади.

Боткен вилояти маъмуриятининг хавфсизлик ва мудофаа бўлими мудири Тоштемир Эшалиев: “12 май куни чегара ҳужум қилганлар 6 ойдан буён Ўзбекистон ва Тожикистон хавфсизлик хизматлари томонидан қидиралаётган шахслар эди”, - деган эди.

Сўғд вилояти ички ишлар бошқармаси ташкилий бўлими мудири Мирзонаим Муртазоев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда 12 май кунги воқеани тасвирлар экан, чегарачиларга ҳужум қилганларни "жиноятчилар гуруҳи", деб атаган, бироқ бу гуруҳни бирон бир исломий гуруҳ билан боғламаганди.

Сиёсатшунос Иқбол Мирсаидовнинг фикрича, 12 май куни тожик ва қирғиз чегарачиларига қарши уюштирилган ҳужум минтақада олиб борилаётган сиёсий ўйиннинг бир кўриниши бўлиши мумкин.

“Айни пайтда бу катта давлатларнинг сиёсий ўйинлари бўлиши мумкин, деб ўйлайман. Менимча, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ўз аскарларини Фарғона водийсига киритмоқчи ва бу ҳужум шунга тайёгарлик бўлиши мумкин. Бундан балки Россия, балки Шанхай ҳамкорлик ташкилоти манфаатдордир”, - дейди И.Мирсаидов.

И.Мирсаидовнинг таъкидлашича, ҳужумни Туркистон исломий ҳаракати зиммасига юклаш у ёқда турсин, бундай ташкилотнинг мавжудлиги тўғрисида ҳам бугунги кунда аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки бундай ташкилот мавжуд дейиш учун асос бўла оладиган далиллар йўқ.
XS
SM
MD
LG