Линклар

Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланган 6 киши 5 йилдан 19 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилди

  • Садриддин Ашур

22 май куни Тожикистон шимолидаги Сўғд вилояти жиноят ишлари суди Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланган 6 кишини 5 йилдан 19 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этди.

Қамалганларнинг бештаси Тожикистон, бири Россия фуқаросидир. Ёши 22 дан 35 гача бўлган бу кишилар конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартириш, қурол-яроғни ноқонуний сақлаш, терроризм, ноқонуний гуруҳлар тузиш каби жиноятларда айбланди. Айблов хулосасига кўра, судланган шахслар Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбарлари билан алоқада бўлган, Тожикистон ҳудудида жанговар ҳаракат олиб боришга тайёргарлик кўрган.

Аммо судланганларнинг яқинлари бу айбловларнинг ҳаммаси туҳмат эканини айтмоқда.

“Бу кишилар 19 йил тугул, 19 кун ҳам қамоқ жазосига лойиқ эмасди. Суд жараёнида уларнинг бирорта ҳам гуноҳи исботланмади. Улар ҳатто бир-бирини танимайди ҳам. Улар ҳеч қаерни портлатмаган, қуроллари бўлмаган. Айбловлар эса дастлабки тергов давомида қаттиқ қийноқлар натижасида қўлга киритилган”, - дейди судланувчиларнинг яқинларидан бири.

Адвокатларнинг айтишича, суд давомида судланувчилар уларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақида кўрсатма берган. Улар бир-бирига қарши гувоҳлик беришга мажбур қилинган. Лекин суд ҳайъати бу кўрсатмаларнинг бирортасини ҳам инобатга олмаган.

“Судланаётган йигитлар уларга жисмоний азоб берган одамларнинг фамилияларигача айтди. Уларни тинмай калтаклашган, ҳатто электр токи билан қийноққа солишган. Лекин бу гапларнинг бирортаси суд томонидан инобатга олинмади”, - дейди судда қатнашган йигитлардан бири.

Судланувчиларнинг яқинлари айбланувчилар Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо экани тўғрисидаги гапларни инкор қилди. Судда уларга қўйилган бу айблар ҳатто гувоҳлар томонидан ҳам тасдиқланмаган. Дастлабки терговда эса уларга адвокат берилмаган.

Судланувчилар, шунингдек, ноқонуний равишда қурол сақлашда ҳам айбланди. Аммо судланган Бахтиёр Жалоловнинг хотини бу айбловни рад этади.

“Уйимдан на автомат, на бошқа нарса чиқди. Чиққан нарса битта Эрон паспорти. Эрим туҳмат билан қамалди. Суд тўртта ёш боламиз борлигини ҳам инобатга олмади ва 19 йил берди”, - дейди аёл.
XS
SM
MD
LG