Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:51

Панжакентга бўри оралади


Ҳабибулло Ботиров Тожикистон шимолидаги Панжакент туманининг тоғли қишлоқларидан бирида ёлғиз бўри тўққиз кишига ҳамла қилиб, уларни жароҳатлади. Жабрдийдалар ҳозир шифокорлар назоратида даволанмоқда.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролар мудофааси вазирлиги матбуот маркази ходими Назокатшо Сайёрабековнинг “Озодлик” радиосига айтишича, воқеа туманнинг Даштиқози қишлоғида юз берган. Бўрининг ҳамласига учраганлар орасида уч аёл ва бир бола ҳам бор. Одамларга ҳужум қилган бўрини тутиш ёки отиб ташлаш ҳақида овчиларга кўрсатма берилган.

Бўри тишлаган Баҳора Ҳазратқулованинг сўзларига кўра, тоғ этагида мол боқиб юрган болалари кечикканидан хавотир олиб, уларни қидириб борганида бўри ҳужумига учраган.

“Менга бирданига нимадир ҳужум қилиб, тишлай бошлади, аввал нималигини билмадим, қарасам бўри экан, дод солдим, қўшнимиз келиб, ажратмоқчи бўлди. Бўри унга ҳам ташланди. Ҳозир шифохонада даволаняпмиз”, - деди жабрдийда.

Панжакент тумани марказий шифохонаси шифокори Бахтиёр Қудратхоновнинг таъкидлашича, кишилар текширилганда ҳамла қилган бўрининг қутургани маълум бўлган. Ҳозир бу кишилар ўз ҳисобидан даволанмоқда.

“Шифохонага етти ёшли бола, уч аёл ва тўрт эркак мурожаат қилиб, ўзларини бўри тишлаганини айтди. Ҳозир улар қутуришга қарши вакциналар билан даволанмоқда”, - деди шифокор.

Б.Қудратхоновнинг билдиришича, қутурган бўрининг қишлоқларга кириб келиши ва одамларга ҳужум қилиши биринчи марта рўй бераётгани йўқ. Шу йил февраль ойида туманнинг Шашкати боло қишлоғида ҳам қутурган бўри ўн етти кишини тишлаган. Улардан бири бироздан сўнг ақлдан озиб, вафот этган.
XS
SM
MD
LG