Линклар

logo-print

Нодира Ҳидоятова: “Озодликда эканимга ишонгим келмайди”

  • Озодлик

http://gdb.rferl.org/DA772D33-A036-41C3-BF22-CE112C29CD84_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/DA772D33-A036-41C3-BF22-CE112C29CD84_mw800_mh600.jpg Куни-кеча Ўзбекистон қамоқхонасидан бўшатилган “Серқуёш Ўзбекистоним” коалицияси мувофиқлаштирувчиси Нодира Ҳидоятова эркинликка чиққандан кейин биринчи бўлиб “Озодлик” радиосига интервью берди.

Мухбир: Ассалому алайкум! Ўзбек тилида гаплашамизми ëки рус тилида?

Н.Ҳидоятова: Мен қамоқда ўзбек тилини ўрганишни бошлаган эдим. Аммо ҳозирча кулгили эшитилади. Келинг, яхшиси рус тилида суҳбатлашайлик.

Мухбир: Уйингиздан тантана овози келяпти. Ёнингизда юрган ўғлингизнинг овози ҳам эшитиляпти, шекилли. Ҳозирги ҳолатингизни тасвирлаб бера оласизми?

Н.Ҳидоятова: Эндиликда мен “бахт” сўзининг асл маъносини англаб етдим. Бахт бу яқинларинг билан учрашиш, озодлик, бахт бу шу қадар даҳшатни бошдан кечирганимдан кейин озодликка чиққанимдир.

Мухбир: Куни-кеча сизни суд залидан озод қилиб юборишларига ишонганмидингиз?

Н.Ҳидоятова: Биласизми, мен жуда эътиқодли одамман. Масалан, мен у ëки бу ишларга ишонаман, деб айта олмайман. Бироқ мен Худога қаттиқ ишонаман. Мен адолат қарор топишига ишонаман.

Мухбир: Оммавий ахборот воситаларида сизни 100 минг АҚШ доллари эвзига сотиб олишди, деган ибора ишлатиляпти. Умуман шунча пул тўлангани ростми? Агар сир бўлмаса, бу пул қаердан олингани ҳақида айтиб бера оласизми?

Н.Ҳидоятова: Ҳозир ҳаммасини айтаман. Яхши биласиз, мени давлатга тегишли пулни ўзлаштириш ва иқтисодий жиноятларда айблашганди. Аммо мен бу айбларга иқрор бўлмасдан, бор кучим билан буни исботлашга ҳаракат қилдим. Бироқ суд менинг даъволаримни қабул қилмади ва иқтисодий жиноятлар ҳақидаги моддани ўз кучида қолдирди. Сизга ҳозир суд тўғри ëки нотўғри иш тутди, деб айта олмайман. Чунки бу суд ва унга нисбатан ўз ҳурматимизни билдиришимиз лозим. Хуллас, суд агар “ўзлаштирилган” пулларни қайтарсам, мени озодликка чиқариши мумкинлигига ишора қилганида, барча дўстларим имконияти ва шароити қандай бўлишидан қатъий назар, пул йиғишни бошлади. Улар бир сония ҳам ўйламасдан, керакли суммани тўплаб, прокуратура ҳисоб рақамига ўтказди.

Мухбир: Панжара ортида ўтирган кунларингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз?

Н.Ҳидоятова: Биринчи навбатда, бу менинг руҳим, эътиқодим учун катта синов бўлди. Шахс сифатида ўзимни ҳам ўрганишга муваффақ бўлдим. Чунки панжара ортида ўтирганингизда одамнинг ҳақиқий юзи аён бўларкан. Масалан, хушмуомала одам бўлсанг, у ердагилар ҳам сенга яқинлашади ва сен уларни яхши томонга ўзгартиришинг мумкин. Агар сен заиф ва носамимий инсон бўлсанг, унда сен ҳам бошқалар каби ҳаракат қила бошлайсан. Мен панжара ортида ўтирганимда инсонийлик сифатларимни сақлаб қолишга муваффақ бўлдим. Бунинг устига, бу давр менинг атрофимдаги одамларни ўрганишга, ким дўсту ким душман эканини билиб олишимга ëрдам берди. Тўғрисини айтсам, одамлардан мени шу даражада қўллаб-қувватлашларини ва бахтим учун хурсанд бўлишларини кутмаган эдим.

Мухбир: Қамоқхонада сизга бўлган муносабат ҳақида ҳам тўхталсангиз.

Н.Ҳидоятова: Аслида одамлар менга яхши муносабатда бўлди. Буни объектив айтишим керак. Улар менга ҳурмат билан қаради. Албатта, қандайдир майда ва нохуш вазиятлар ҳам бўлиб турди. Масалан, менга сиëсий маҳбуслигим ҳақида айтишди. Бирмунча ëқимсиз туюлди менга бу. Қамоқдан суд залига олиб кетишаëтган пайтларда менга 3-4 та машина ҳамроҳлик қилар эди. Буларни кўриб, мен нима бўлаëтганини англаб ета олмас эдим. Наҳотки, шунчалар хавфли одам бўлсам, деган савол берардим ўзимга ўзим. Аммо нима бўлганда ҳам менга нисбатан бўлган инсонийлик ўтмишдаги барча нохушликларни эсимдан чиқариб юборди.

Мухбир: Сиз “Серқуëш Ўзбекистоним” коалициясида олиб борган фаолиятингиз учун қамоққа олинган эдингиз. Ҳозир ушбу коалициянинг раҳбари Санжар Умаров ҳам панжара ортида ўтирибди. Сиз ҳам қамоқда бўлганингизда алоқага чиқиб турдингларми? Умуман унинг тақдири, қаердалигидан хабарингиз борми?

Н.Ҳидоятова: Кеча Санжар Умаровни Бухородаги қамоқхоналардан бирига жўнатишганини эшитдим. Бу тасдиқланмаган маълумот. Албатта, мен унинг соғлиғидан хавотирдаман. Унинг аҳволи яхши эмаслиги ҳақида бир неча бор эшитдим. Биз у билан алоқага чиқишга ҳаракат қиламиз. Унинг жазосини янада енгиллаштиришни сўраб, тегишли идораларга мурожаат қиламиз. Тўғрисини айтсам, ҳозир бу борада бирон нарса дейишим қийин.

Мухбир: Сизни озодликка чиқаришаётганида қандайдир шартлар қўйилдими?

Н.Ҳидоятова: Йўқ, мен бундан жуда хурсандман. Аммо тўғрисини айтсам, ўзим олдимга айрим шартлар қўйдим. Агар мен жамоат иши билан шуғулланадиган бўлсам, мен эса албатта шуғулланаман, у ҳолда ўз ишимга профессионал ëндашаман. Иккинчидан, ҳар доим инсонийлик хусусиятлари билан иш юритиш керак. Чунки агрессия яна бир агрессия пайдо бўлишига сабаб бўлади. Учинчидан, бизда музокаралар столига ўтириш ҳеч қачон кеч эмас.

Мухбир: Бу гапларингиздан “Серқуëш Ўзбекистоним” коалициясида юритган фаолиятингизда айрим хатоликларга йўл қўйилгани ва бундан афсусланаëтганингизни тан олаëтган кўринасиз...

Н.Ҳидоятова: Мен ҳам бир неча бор ушбу масалада ўзимга мурожаат қилдим. Доимо шу саволларга жавоб изладим. Биласизми, ҳар бир ишга профессионал ëндашиш керак. Биз қайси давлатда фаолият юритмайлик, ундаги қонун ва қоидалар билан ҳисоблашишимиз керак.

Мухбир: Бозорга чиқиб, ўзбекнинг шириндан шакар меваларини татиб кўришга, ëқимли таом пиширишга улгургандирсиз? Ҳар ҳолда палов, шўрва деганларидек...

Н.Ҳидоятова: Ростини айтсам, қариндошларим кеча мени суд залидан озодликка чиқаришларини кутмаган эди. Чунки бундан олдин суд 7 мартача бошқа кунга қолдирилган эди. Айнан кеча улар ҳеч қандай таом пиширмаган экан. Бироқ биз кеча уйга келиб, ҳаммамиз турли ноз-неъматлар тайëрладик. Телефон табрикларидан бошим осомонга етди. Ишонасизми, саҳар соат 5 га қадар ухлай олмадим. Чунки озодликда эканимга ишонгим келмайди.
XS
SM
MD
LG