Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:09

“Қора курси”даги собиқ генераллар шикоят қилмоқда


Ҳабибулло Ботиров Тожикистон президенти ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш агентлигининг собиқ директори генерал-лейтенант Ғаффор Мирзоев ва унинг шериклари устидан суд жараёни жорий йилнинг 11 январидан буён давом этмоқда.

Ғ.Мирзоевга қуролли исён чиқариш, ноқонуний равишда қурол-яроқ сақлаш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш каби ўнлаб айблар қўйилган. Лекин Ғ.Мирзоев ва бошқа айбланувчилар ўзларига қўйилган айбловларни рад этмоқда.

Ғ.Мирзоев ва унга шерикликда гумонланиб, аввалроқ турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган генерал А.Бегматов, полковниклар О.Икромов, С.Ҳомидов, С.Усмонов, жами ўн беш киши Бош прокурор Бобожон Бобохонов номига очиқ хат билан мурожаат қилди. Мактубда қўлга олиниш, тергов қилиниш жараёнида уларга турли қийноқ усуллари қўлланилгани, жумладан, ухлашга, ўтиришга рухсат этилмагани, жисмоний куч ишлатилгани таъкидланади. Шунингдек, айбланувчилар содир этмаган жиноятларни бўйнига олишга мажбур этилган.

Ғ.Мирзоевнинг адвокати Қаюм Юсуповнинг “Озодлик” радиосига айтишича, судланувчилар ўзларини ҳибсга олган ва тергов қилган шахсларни гувоҳ сифатида судга чақиришни талаб қилган эди. Суд улар талабини қондирган, лекин судга бирор терговчи гувоҳ сифатида келмаган.

Айбланувчилар ўз мактубида Бош прокурордан терговчиларнинг судга гувоҳ сифатида иштирок этишини таъминлашни талаб қилган.

“Айбланувчиларнинг барчаси кўрсатмаларни қийноқлар остида бергани ва содир этмаган жиноятларни ўз зиммаларига олишга мажбур бўлганини айтмоқда. Шу боис, улар терговчиларнинг судда гувоҳ сифатида иштирок этишини ва ғайриқонуний амаллари учун жавоб беришини талаб қилмоқда”, - дейди адвокат Қ.Юсупов.

Лекин Тожикистон Бош ҳарбий прокуратурасининг махсус ишлар бўйича терговчиси Манучеҳр Нуров “терговчилар ўз вазифасини ижро этиб бўлгани, энди судланувчиларнинг қай даражада айбдор ёки айбдор эмаслигини аниқлаш суднинг иши” эканини билдирди.

Наркотикларни назорат қилиш агентлиги собиқ директори, президент гвардиясининг собиқ қўмондони генерал-лейтенант Ғаффор Мирзоев 2004 йил 6 августда ҳибсга олинган эди. У Хавфсизлик вазирлиги қамоқхонасида ёпиқ эшиклар ортида суд қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG