Линклар

logo-print

Кеча “ёмон” бўлганнинг бугун “яхши” бўлишига сабаб не?


Ҳабибулло Ботиров Душанбеда МДҲга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси якунланди. Учрашувда муҳокамага қўйилган 22 масала юзасидан 17 ҳужжат қабул қилинди.

Украина бу ҳужжатларнинг иккитасига қўл қўймади. Грузия бирорта ҳужжатни имзоламади. МДҲни кўп йиллар давомида “мўрт ташкилот”, дея қоралаб келган Ўзбекистон эса барча ҳужжатларга имзо чекди.

Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов ўз мамлакати МДҲни сақлаб қолиш тарафдори эканини, Душанбе учрашувининг асосий мавзулари ҳам мазкур ташкилот органлари тузилмасини такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини оширишдан иборат бўлганини билдирди.

“Жуда кўп муаммолар мавжудлигига қарамай, МДҲ ишлаши зарур. Чунки унинг доирасида давлатлараро ҳамкорлик юзасидан катта тажриба тўпланган ва биз МДҲ имкониятлари ҳали тугамаганига ишонамиз”, - деди О.Оқилов.

МДҲ ижроия қўмитаси бошлиғи Владимир Рушайло ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида иқтисодий интеграциялашув, барқарорлик ва хавфсизлик муаммолари ҳамда гуманитар ҳамкорлик каби уч устивор йўналиш белгилаб олинганини ва Душанбедаги мажлисда ана шу йўналишлар бўйича масалалар муҳокама этилганини маълум қилди.

В.Рушайло журналистларнинг Украина ва Грузиянинг МДҲ таркибидан чиқиши эҳтимоли тўғрисидаги саволига ҳам жавоб қайтарди.

“Бирор давлатнинг МДҲ таркибига кириши ва ундан чиқиши масаласини муҳокама қилиш ҳукуматлар раҳбарлари кенгаши эмас, давлатлар бошлиқлари кенгаши ваколатига киради”, - деди В.Рушайло ва бирор давлатнинг МДҲдан чиқиши ҳақида ҳужжат олинмаганини қўшимча қилди.

Грузия бош вазири ўринбосари Георгий Барамидзе ўз мамлакати делегацияси Душанбеда МДҲ вакиллари қабул қилган бирорта ҳужжатга имзо чекмаганига изоҳ беришга уринди.

“Грузия томони можароларни тинч йўл билан ҳал этиш, ўз фуқароларининг МДҲ мамлакатларида эркин юриши ва иқтисодий алоқалар яхшиланишига катта умидлар билдириб келган эди. Амалда ҳамма нарса, ҳарқалай Грузияга нисбатан, чаппасига айланиб кетди. Бошқа давлатлар ҳақида бир нарса дея олмаймиз. Лекин биз учун МДҲ таркибида бўлишнинг ҳеч қандай маъниси қолмади”, - деди Г.Барамидзе.

Шунингдек, у Грузиянинг асл мақсади НАТОга аъзо бўлиш эканини билдирди.

Мустақил таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов Грузия вакилининг МДҲ келажаги йўқлиги тўғрисидаги фикрига қўшилар экан, бундан бир қанча вақт илгари Ўзбекистон раҳбарияти ҳам МДҲ фаолиятидан норози бўлиб юрганини эслайди.

“Ўзбекистоннинг кейинги пайтларда МДҲ йўналишидаги ишларни кучайтираётганини тушунса бўлади, - дейди у. - Чунки Андижон воқеаларидан кейин инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, шунингдек, АҚШ ва Европа давлатларининг қаттиқ танқидига учраган Ўзбекистоннинг Россияга, МДҲ ва бошқа минтақавий тизимларга яқинлашишдан бошқа иложи қолмади”.

МДҲга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари бошлиқлари кенгашининг Душанбе мажлисида келаси йилгача кенгашга раислик қилиш ваколати Тожикистонга юклатилди.
XS
SM
MD
LG