Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:03

“Коунтерпарт интернешнл” ходимлари устидан жиноят иши очилди


Тошкент шаҳри прокуратураси АҚШга қарашли “Коунтерпарт интернешнл” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида ишловчи айрим мансабдор шахслар устидан жиноят иши қўзғатди.

Яқинда Ўзбекистонда фаолият кўрсатиши тақиқланган ушбу ташкилот ходимлари ваколатхона лицензиясиз ноширлик фаолияти билан шуғуллангани факти юзасидан айбланмоқда.

Лекин бу ҳақда прокуратура тарқатган баёнотда устидан жиноят иши қўзғатилган шахслар номи келтирилмаган.

“Коунтерпарт интернешнл” президенти ЛеЛаулу Тошкентдаги ходимлар устидан жиноят иши очилгани ҳақидаги хабарлардан ҳайрон бўлганини билдирди.

“Нима бўлганини тушуна олмаяпмиз. Афсуски, бу юзадан изоҳ бера олмайман, чунки гап қандай жиноят ҳақида бораётганини ҳам билмайман. Эртага ташкилотимиз вакиллари Ўзбекистон Адлия вазирлиги расмийлари билан учрашади. Лекин бу ерда бюрократик англашилмовчилик бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас”, - деди ЛеЛаулу.

Шу ой бошларида Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди Адлия вазирлигининг даъво аризаси асосида “Коунтерпарт интернешнл”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпиш тўғрисида қарор чиқарган ва ташкилотни маҳаллий қонунлар ва ўз низомини бузиш, ноҳукумат ташкилотларини таъсис этиш баробарида уларни бошқариш, лицензиясиз адабиёт тарқатиш ҳамда ташкилотнинг молиявий аҳволи юзасидан тегишли идораларга маълумот бермасликда айблаганди.

Бироқ Ўзбекистонда, асосан, инсонпарварлик фаолияти билан шуғулланган “Коунтерпарт интернешнл” шаффоф тарзда иш олиб боргани ҳамда Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан бир неча бор ўтказилган текширувлар давомида ўз фаолиятида ҳеч қандай қонунбузарлик аниқланмаганини билдирганди. Шунга қарамай, ташкилот суд ҳукми юзасидан шикоят аризаси бермаслигини ҳам таъкидлаган ва мазкур ҳаракатини бундай қилишга ҳожат йўқлиги билан изоҳлаган.

“Коунтерпарт интернешнл” Ўзбекистонда фаолияти тўхтатилган ягона хорижий ташкилот эмас. Ўтган йил давомида БМТнинг қочқинлар идораси билан бир қаторда АҚШнинг “Интерньюс нетуорк”, “Фридом ҳауз”, “Айрекс” каби ташкилотлари Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган.

Кузатувчиларнинг айтишича, Андижон воқеалари ортидан ҳукумат мазкур ташкилотларни мамлакатнинг ички ишларига аралашишда айбланган.

“Коунтерпарт интернешнл” Ўзбекистондаги фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ мамлакатнинг миллий тараққиёт дастурини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш йўлида ҳукумат билан биргаликда иш олиб боришга ҳаракат қилганини айтиб келади.

“Биз Ўзбекистонда 1995 йилдан буёнги фаолиятимиз давомида 108 миллион доллардан ортиқроқ миқдорда инсонпарварлик ёрдами кўрсатдик. Фуқаровий жамият ташкилотлари ҳамда ҳукумат идоралари билан қанча дастурларни амалга оширдик. Бундан буён ўзбек халқи ва ҳукуматига ёрдам бера олмаслигимиздан афсусдамиз”, - деган эди ташкилот расмийлари “Озодлик”ка илгарироқ берган интервьюсида.
XS
SM
MD
LG