Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:01

Покистон Эроннинг энергия манбаларидан фойдаланишга умидвор


Исломободда Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий билан учрашган Покистон бош вазири Шавкат Азиз ўз мамлакати Теҳроннинг ядровий дастурини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Эроннинг мунозарали ядровий дастури мазкур давлатлар муносабатларини мураккаблаштирмоқда. Покистон ядро дастури “отаси” ҳисобланган Абдул Қодир Хон Эронга уранни бойитиш технологияси етказиб бергани ошкор бўлганидан сўнг АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг Покистон ҳукуматига босими анча кучайди.

Шунга қарамай, пайшанба куни Ш.Азиз М.Муттақий билан учрашувдан сўнг Эрон фақат “тинч мақсадни кўзлагани”, Атом энергияси халқаро агентлиги доирасида ядро технологиясидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини айтди. У Эроннинг ядровий дастури борасида юзага келган бўҳрон ҳарбий эмас, дипломатик йўллар орқали ҳал этилиши кераклигини таъкидлади.

Эрон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Манучеҳр Муттақий эса Покистонга икки кунлик сафаридан мақсад икки томонлама алоқаларни, айниқса, савдо алоқаларини яхшилашдан иборат эканини маълум қилди.

“Биз қонуний нуқтаи назардан барча тўсиқлар, жумладан, икки давлат ўртасидаги муносабат шаффофлигига халал бераётган ҳар қандай тўсиқни олиб ташлашимиз керак”, – деди М.Муттақий.

Эрон ташқи ишлар вазири ва Покистон раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғидан кўп миллиард долларлик Эрон-Покистон газ қувурини қуриш лойиҳаси муҳокама этилди.

Маълумотларга кўра, мазкур қувур Ҳиндистонгача узайтирилиши мумкин. Эроннинг газ захиралари 25 йил давомида Ҳиндистон саноати учун кунига 150 миллион куб метр табиий газ етказиб беришга имкон яратади. Эрон, Покистон ва Ҳиндистонинг энергетика соҳаси мутасаддилари шу ҳафта бошида Исломободда учрашиб, мазкур газ қувури қурилиши лойиҳасини муҳокама қилган эди.

АҚШ бу лойиҳага қарши эканини айтмоқда. Аммо Покистон Энергетика вазирлиги расмийси Аҳмад Вақар Исломобод расмийлари бу масалани мамлакат эҳтиёжи ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиши кераклигини таъкидлади.

“Бизга энергия керак. Эрон эса энергия манбаларидан бири. Бу борада ҳар қандай қарор, яна қайтариб айтаман, мамлакат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилиниши лозим”, – деди А.Вақар.
XS
SM
MD
LG