Линклар

logo-print

Таниқли имом нега ҳибсга олинди?


Абдуллоҳ Эргаш Қирғизистондаги таниқли диний уламо Муҳаммадрафиқ Камолов мамлакат Миллий хавфсизлик хизматига чақирилиб, вақтинча ҳибсга олинди, аммо халқ талаби билан озодликка чиқарилди.

М.Камолов 12 май куни Тожикистон ва Қирғизистон чегарачиларига ҳужум уюштирган қуролли гуруҳга аъзоликда шубҳа қилингани айтилмоқда.

М.Камолов Қирғизистондаги энг таниқли уламолардан бири. Бир вақтнинг ўзида олти минг киши намоз ўқийдиган катта масжиднинг имоми. У диний мавзудаги бир неча илмий китоблар муаллифидир. М.Камолов халқаро оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида Ўзбекистонда диндорларга нисбатан юритилаётган сиёсатни танқид қилиб чиққан.

Имом 23 май куни Қирғизистон МХХнинг Қорасув тумани бўлимига суҳбат учун чақирилиб, ўша ерда ҳибсга олинди ва Ўш шаҳрига олиб кетилди.

“МХХ ходимлари мени жангариларга алоқадорликда айблади. Ўшдан МХХнинг 20 га яқин ходими келиб, уйимни тинтув қилди. Юзга яқин турли видеокассета ва компакт дисклар, ҳужжатларимни олиб кетди. Ўғлимни ҳам мен билан бирга қамоққа олмоқчи эдилар. Бироқ ўғлим учун кафилликни бўйнимга олганимдан сўнг у қўйиб юборилди”, - дейди М.Камолов.

12 май куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарачиларига ҳужум қилган қуролли гуруҳнинг ўлдирилган аъзолари ёнидан Муҳаммадрафиқ Камоловнинг диний китоблари ва телефон рақамлари топилган. Шу сабабли МХХ ходимлари уни қуролли гуруҳга мансубликда гумон қилиб ҳибсга олган.

М.Камоловнинг айтишича, МХХ терговчилари унинг “Ҳизб ут-таҳрир”чилар, ваҳҳобийлар ва Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдошев билан алоқаларига қизиққан.

“Тоҳир Йўлдошев авваллари даъватчи эди. У билан даъват қилиб юрган пайтларимизда учрашганмиз. Буни, албатта, тан оламан. 1992 йилдами, 1991 йилдами, аниқ эсимда йўқ, президент Каримов Наманганга борганда у (Т.Йўлдош) бир неча талабларни билдирган эди. Ўшанда И.Каримов Тоҳир Йўлдошнинг елкасига қоқиб: “Баракалла, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш учун сиздай йигитлар керак бизга”,- деганди. Аммо И.Каримов бу талабларни бажармади ва ҳукумат билан Тоҳир Йўлдош ташкилоти ўртасидаги зиддият кучайиб борди. Охир-оқибат Ўзбекистон исломий ҳаракати тузилди. Бу, энг аввало, сиёсатнинг айбидир. Терговда шуларни айтдим”, - деди М.Камолов.

Қорасувлик диндорлар агар М.Камолов озод этилмаса, 26 май куни Қорасув шаҳри марказий майдонида жума намозини ўқишини ва 6 мингдан ортиқроқ одам митинг ўтказишини билдиргандан сўнг уламо 25 май куни кечқурун озод этилди.

М.Камолов митингни тўхтатиш учунгина озод қилиндими ёки бутунлайми, буни билмайди.

“Менга жумани тинчгина ўтказинг, дедилар. Бундан кейин қандай муносабат бўлади, билмадим. Тинтувда олинган нарсаларим ва ҳужжатларим қайтарилмади”, - дейди М.Камолов.
XS
SM
MD
LG