Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:29

“Доллар” деганнинг тилига чипқон чиқадими?


Россия Давлат думаси биринчи ўқишда қабул қилган қонун лойиҳаси мамлакат ҳукумати аъзоларини “доллар” ва “евро” сўзлари ўрнига фақат “рубль” сўзларини ишлатишга мажбур қилади.

Қонун қабул қилингач, ошхонаю ресторанлар, бозорлару магазинлар, умуман, олди-сотди билан шуғулланувчи ҳар қандай муассасада нархларни доллар ёки еврода ёзиш тақиқланади. Тақиқни бузганларга катта миқдорда жарима солинади.

Нархларни доллар ёки еврода нафақат ёзиш, балки омма олдида қилинадиган чиқишларда айтиш ҳам тақиқланади.

Қонун лойиҳаси муаллифлари фикрича, бундай чора рублнинг қадрини кўтаришга, россияликларнинг ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, Давлат думасининг “Ягона Россия” партиясидан сайланган депутати Валерий Гребенников: “Россияда яшаяпсанми, миллий валютангнинг номини ишлат. Асосий мақсад миллий ифтихор туйғусини шакллантиришдир. Агар ўз байроғингга ғурур билан қарамасанг, ўз миллий валютангни ҳурмат қилмасанг, миллий ифтихор тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас”, - деди.

“Ватан” (“Родина”) партиясидан сайланган депутат Иван Харченко эса Россиядаги аксарият ўрта қатлам вакиллари қашшоқлик чизиғидан пастда яшаётган ҳозирги вазиятда “доллар” ва “евро” сўзларини ишлатишнинг ўзиёқ одамларнинг асабига тегишини таъкидлади.

“Айниқса, бу сўзлар расмийлар тилидан чиқса, одамларда хўш улар кимнинг фойдасига, қайси давлатлар фойдасига ишлаётир, деган иштибоҳлар пайдо бўлади. Нутқимизда қайси валюта ишлатилса, демак ўша валютанинг эгаси бўлган давлат манфаатига ишлаётган бўлиб чиқамиз”, - деди И.Харченко.

Қонун лойиҳаси муаллифлари фикрича, “доллар” ва “евро” атамаларини тилга олишни тақиқлаб қўйиш иқтисодиётнинг ривожланиши гарови ҳамдир.
Аммо айни пайтда мазкур қонунни мийиғида кулиб қарши олаётганлар ҳам йўқ эмас.

“Агар бирор амалдорга пора бермоқчи бўлсангиз, у доллар ёки еврода олишни маъқул кўради. Дўстларимнинг иш ҳақини долларга ўгириб ҳисоблаб кўришим мумкин. Хўш, ким буни тақиқлай олади? Хуллас, бу қонун иқтисодиётнинг ривожланишига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди. Бу иқтисодиёт масаласида қўлидан бир иш келмайдиган одамларнинг вайсақилигидан бошқа нарса эмас”, - дейди Россиянинг собиқ иқтисодиёт вазири Евгений Ясин.
XS
SM
MD
LG