Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:31

Отаси ишини давом эттирган ўғил ҳибсга олинди


Андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов қамоққа олинганидан бир йил ўтиб, унинг ўғли Илҳом ҳам милиция ходимлари томонидан ҳибс этилди.

Онаси Гавҳархон аянинг айтишича, ўғли Қаршидаги қамоқхонада ётган отасини кўра олмай қайтиб келганидан кейин ҳибсга олинган. Шундан сўнг ички ишлар ходимлари Илҳомнинг уйида икки марта тинтув ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов ўтган йили Андижонда юз берган 13 май қирғини юзасидан “нотўғри ахборот тарқатиш ва ва конституциявий тузумга тажовуз қилиш” айблари билан қамалганди.

Айрим манбаъларда Илҳом Зайнобиддинов кейинги пайтларда отасининг ишларини давом эттиргани ва отасининг эски танишлари билан алоқа ўрнатгани учун ҳибсга олингани айтилади. Лекин Гавҳархон ая “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўғли нега ҳибсга олинганини билмаслигини маълум қилди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакили Рейчал Денбер агар Илҳом Зайнобиддинов отасининг ишларини давом эттиргани ва отасининг эски танишлари билан алоқа ўрнатгани учун қамоққа олингани ҳақиқат бўлса, бу жиноят эмас, балки ҳар бир кишининг ҳуқуқи ва ҳатто бурчи эканини таъкидлади.

Илҳомнинг отаси Саиджаҳон Зайнобиддинов ҳозир Қарши шаҳрида қамоқ жазосини ўтамоқда. Қамалишидан олдин С.Зайнобиддинов журналистларга Андижонда тинч намойишчилар ҳукумат кучлари тарафидан ўққа тутилгани ҳақида маълум қилган эди.

“Бу ҳақиқий халқ қўзғолони бўлди. Одамлар сиёсий талаб билан чиқмаган. Булар ҳукуматнинг нотўғри олиб бораётган сиёсати оқибатида қашшоқлик даражасига тушиб қолган одамлар эди”, - деганди ҳуқуқ ҳимоячиси.

У Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Андижон воқеаларининг эртаси куни қилган баёнотига ҳам муносабат билдириб: “Матбуот анжуманида ўзини оқлаб гапириш осон. Қани, президент ўзининг айбсиз эканини жўяли далиллар билан исботлаб берсинчи. Агар биз бунга эришмасак, оммавий қамашлар, халқни қириш давом этаверади”, - деган эди.

“Ҳьюман райт уотч” ташкилоти С.Зайнобиддиновнинг ўғли ҳам ҳибсга олинганидан хавотирини билдирди.

“Илҳом Зайнобиддинов тақдири бизни жиддий хавотирга солмоқда. Чунки Ўзбекистон қамоқхонасида экан, унинг ҳаёти хавф остида, унга қийноқ қўлланиши мумкин. Ташкилотимиз Ўзбекистон ҳукуматидан Илҳом Зайнобиддиновнинг ва бир йил аввал қамоққа олинган отаси Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг зудликда озод этилишини талаб қилади”, - деди ташкилот вакили Рейчал Денбер.
XS
SM
MD
LG