Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:37

Ўзбек деҳқони ва қозоқ харидори катта зарар кўрмоқда


Ўзбекистон ҳукумати сабзавот маҳсулотларини Қозоғистонга ўтказишни чеклагани, кейинчалик икки давлат мутасаддилари бу муаммони ҳал қилгани ҳақида хабарлар тарқатилганига анча бўлган эса-да, аслида муаммо шу кунларда ҳам ечимини топмаётир.

Чимкентлик Санобар Насибова “Бекжон” бозорида сабзавотлар савдоси билан шуғулланади. Чимкентнинг бошқа бозорларидаги каби бу ерга ҳам сабзавот маҳсулотлари Ўзбекистондан келтирилади. Санобар опа кейинги пайтда савдоси юришмаётганидан шикоят қилади.

”Помидор, бодринг, карам каби маҳсулотларни Ўзбекистондан ўзимиз бориб олиб келамиз. Кейинги пайтда божхона орқали бу маҳсулотлар ўтмаётгани сабабли нархлар жуда ошди. Олиб келган қулупнайларимиз ёмон бўлиб, сифати бузилиб кетди. Қанча иқтисодий зарар кўряпмиз. Кўп савдогарлар инқирозга учраяпти”, - дейди С.Насибова.

Маълум бўлишича, божхона постлари орқали сабзавот маҳсулотларини ўтказишнинг иложи бўлмаган, айланма йўллар орқали олиб ўтишга анча вақт кетади. Бу эса маҳсулотларнинг сифати бузилишига сабаб бўлмоқда. Маҳсулотлар нархи қимматлигидан харидорлар сони ҳам камайган. Савдогарлар нархнинг қимматлашига харажатлар кўпайганини сабаб қилиб кўрсатади.

”Товаримизнинг барчаси қиммат келяпти. Божхона ёпиқ. Айланма йўллар орқали ўтиш учун икки кунлаб вақтимиз кетади. Етиб келгунча, айрим маҳсулотларимиз бузилиб, айниб кетяпти. Божхона ёпиқ, дейишгани билан барибир товарлар ўтяпти-ку. Нега ёпишган, ҳайронман. Барча йўлини қилиб, олиб ўтади. Биз ҳам айланма йўллар орқали ўтамиз. Бундай йўллардан ўтиш кўпроқ харажат талаб қилади. Маҳсулотлар Чимкент бозорларида 2-3 баробар қиммат нархда сотиляпти. Масалан, 1 килограмм помидорнинг нархи 100-150 танга. Йўл очиқ бўлганда, унинг нархи анча арзон бўларди. Ўтган йили айни шу пайтлари бир килограмм помидорни 30-50 тангадан сотгандик”, - дейди савдогарлар.

Сабзавот билан боғлиқ можароларни дастлаб Қозоғистон ҳукумати бошлаганди. Ўзбекистонда етиштирилган сабзавот маҳсулотлари Қозоғистонга контрабанда йўли билан ўтишининг олдини олиш мақсадида 10 апрелдан бошлаб “Сабзавот-2006” махсус тадбири ташкил қилинди. Тадбир натижасида Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудларидаги барча чегара постлари ёпилиб, келтириладиган мева ва сабзавот маҳсулотлари фақатгина божхона масканлари орқали ўтиши маълум қилинди.

18 апрелдан бошлаб эса Ўзбекистон сабзавот маҳсулотларини Қозоғистонга олиб ўтишни чеклаб қўйгани ҳақида хабар тарқалди. Орадан маълум вақт ўтгач, икки мамлакатнинг мутасадди раҳбарлари учрашиб, вазият барқарорлашгани айтилганди.

23 май куни Жанубий Қозоғистон божхона назорати департаментининг маълум қилишича, бугунги кунда ҳам Ўзбекистондан Қозоғистонга сабзавот маҳсулотлари ўтказилмаяпти.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати сабзавотларни ўтказишга расман чеклов жорий этмаган. Қозоғистонга маҳсулот ўтмаётгани Ўзбекистон бозорларидаги тақчиллик билан изоҳланмоқда.

Бироқ чимкентлик савдогарлар Ўзбекистон бозорларида маҳсулотлар етарли, ҳатто ортиқчалигини таъкидлаяпти.

“Ачиб ётибди. Чирчиқ дарёсида оқиб ётибди-ку. Ўзбекистонда барча маҳсулотлар учун харидор йўқ. Ўзбек деҳқонларига қийин бўляпти. Қозоғистонликлар улар маҳсулотларининг асосий харидоридир. Биз маҳсулот олсак, уларнинг ҳам иши юришади-ку”, - дейди чимкентлик савдогарлар.

Қозоғистонлик мутасаддиларнинг билдиришича, вазият қачон ўзгариши ҳозирча номаълум.

24 май куни эса Қозоғистон томони қозоқ-ўзбек чегарасида янги махсус тадбир бошлади. Бу тадбир чегарадан ноқонуний юклар ўтиши олдини олиш мақсадида ташкил этилган.

Жанубий Қозоғистон божхона назорати департаменти маълумотига кўра, божхоначилар, чегарачилар ва полиция ходимларидан иборат 20 та гуруҳ чегарада кечаю кундуз кучайтирилган назорат ўрнатади.

Маҳаллий кузатувчилар фикрича, махсус тадбир натижасида айланма йўллар орқали келтирилаётган сабзавот маҳсулотлари ҳам тўхтатилиши мумкин. Бу эса яқин орада Чимкентда сабзавот маҳсулотлари янада қимматлашига олиб келади.
XS
SM
MD
LG