Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:24

“Оқ олтин” етиштирувчилар қарзга ботмоқда


Ҳабибулло Ботиров Бир неча йилдирки, Тожикистондаги пахтакор хўжаликлар етиштирган ҳосил учун пул олмайди. Боз устига, улар фьючерс компаниялардан жуда катта миқдорда қарз бўлиб қолган.

Тожикистонда пахта етиштирадиган 11 минг хўжаликдан 90 фоизининг сармоядорлар олдидаги қарзи тахминан 300 миллион долларни ташкил этади.

Пахтакор хўжаликлар қарзларини ўрганиш учун тузилган экспертлар гуруҳи хулосасига кўра, ҳар бир хўжалик сармоядорлардан, тўғрироғи, деҳқонлар билан хорижий кредиторлар ўртасида воситачилик қилган фьючерс компаниялар ва фирмалардан 50 минг доллар атрофида қарздор. Бу қарз миқдори эса тобора ўсиб бормоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар институти бош мутахассиси, профессор Хўжамуҳаммад Умаровнинг сўзларига кўра, фьючерс компаниялар хорижий сармоядорлардан ўз вақтида катта миқдорда кредит олган, сўнгра деҳқон хўжаликларига пул эмас, етиштириладиган пахта эвазига уруғлик, минерал ўғит, эҳтиёт қисмлар, ёнилғи-мойлаш материалларини 2,5 баробаргача қиммат нархда етказиб берган. Лекин хўжаликлар моддий-техник ресурслардан самарали фойдалана олмаган.

Пахтакор хўжаликлар қарзларини ўрганиш учун ташкил этилган экспертлар гуруҳи бошлиғи Шавкат Бозоровнинг таъкидлашича, пахтакорларнинг қарздор бўлиб қолишига хорижий сармоядорлар ва деҳқонларни айблаб бўлмайди. Қарз бўлиб қолишнинг асосий сабаби хўжаликларга сотилган ёнилғи-мойлаш материаллари нархининг қимматлиги, пахтани ўз вақтида қайта ишламаслик, сармоядорлар маблағларидан мақсадли фойдаланмасликдир.

“Деҳқонларнинг сармоядорлардан қарз бўлиб қолиши қишлоқ хўжалиги ривожланишига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, мамлакат миллий хавфсизлиги учун ҳам хатарли бўлиб бормоқда”, - деди Ш.Бозоров.

Деҳқонларнинг аксарияти беихтиёр кўпайиб бораётган қарзларидан қутулишига кўзи етмаяпти. Шунинг учун улар қарзларни музлатиб қўйишни сўрамоқда.

“Ҳозир ҳамма барча айбни деҳқонларга юкламоқда. Қарзлар устамаси эса кўпайиб боряпти. Қарзнинг фоизини тўлашга улгуриб бўлмаяпти. Шунинг учун қарзларни 20-25 йилга музлатиб қўйиш лозим”, - дейди Ёвон туманидаги деҳқон хўжалиги бошлиғи Муҳаммад Усмонов.

Унинг айтишича, кўплаб тадбиркорлар қарздан қутулиш йўлини қила олмай, ерни ташлаб кетмоқда. Иш излаб бошқа мамлакатларга кетаётганлар сони деҳқонлар ҳисобига кўпайиб боряпти.

Шуни айтиш керакки, Тожикистон ҳукумати халқаро молия ташкилотларига мурожаат қилиб, пахтакор хўжаликлар қарзларини ёпишда кўмаклашишни сўради. Тожикистон президенти шу муаммо юзасидан Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки вакиллари билан музокара олиб борди.

Жаҳон банки вакили Юрген Вёгел Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки республикада пахтачиликни ривожлантириш лойиҳасига бу йил 12 миллион доллар ажратишини маълум қилди. Лекин бу банклар ҳукумат олдига бир неча шартлар қўйди.

“Хомашё етказиб беришда ҳам, фермерларнинг пахта сотишида ҳам рақобат бўлиши керак. Ўз маҳсулотини кимга ва қаерга сотиш пахтакор ихтиёрида бўлиши лозим”, - деди Ю.Вёгел шартлардан бири ҳақида гапириб.

Мутахассислар фикрича, ислоҳотлар тезроқ ўтказилмаса, Тожикистон қишлоқ хўжалиги батамом инқирозга юз тутиши мумкин. Чунки ер давлат тасарруфида бўлган мамлакатда маҳаллий ҳокимият деҳқон хўжаликларига пахта тайёрлаш учун буюртма беради. Режани бажармагани учун ери тортиб олинишидан ҳайиққан деҳқон пахта етиштиргани учун фойда кўриш ўрнига қарз бўлиб бормоқда.

Профессор Х.Усмоновнинг фикрича, вазиятдан чиқиш учун пахтакорлар қарзларидан умуман кечиб юбориш керак. Шу билан бирга, жамоатчилик бу қарзлар қандай пайдо бўлганини, хорижий сармоядорлар пуллари нега моддий-техника воситаларига айланиб, бу воситалар 2-2,5 баробар қимматга сотилаётгани ва бунга ким айбдор эканини очиқ билиши лозим.
XS
SM
MD
LG