Линклар

Қирғизистонлик ўзбеклар ўз тили расмий тил бўлишини талаб қиляпти


Абдуллоҳ Эргаш 27 май куни Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида маҳаллий ўзбеклар митинг ўтказиб, ҳукумат олдига 12 талаб қўйди. Улардан энг асосийси ўзбек тилига расмий тил мақомини бериш талаби бўлди.

Шунингдек, Жалолободдаги марказий универмаг олдига йиғилган мингга яқин ўзбек давлат бошқарувида ўз миллатдошларига квоталар ажратилиши, давлатни парламент бошқарувига ўтказиш ва судларни бевосита умумхалқ сайловида тўғридан-тўғри сайлаш талабларини илгари сурди.

“Дунёда 10-15 талаб расмий тилга эга бўлган давлатлар бор. Шундай экан, ўзбек тилига расмий мақом берилиши тўғрисидаги талабимиз замирида ҳеч қандай миллатчилик йўқ. Қирғизистон катта кема бўлса, биз ҳали кеманинг бу тарафига, ҳали у тарафига ўтиб, мувозанатини бузганимиз йўқ. Қирғизистонда барқарорликни сақлаб турган халқ ўзбеклардир. Шунинг учун бизнинг талабларимиз конституциявий тарзда қабул қилиниши шарт”, - деди митингда сўзга чиққанлар.

Митингда иштирок этган Жалолобод вилояти губернатори Искандар Айдаралиев ўзбекларнинг фақат бир талабини қўллаб-қувватлади.

“Судлар ҳатто президентга ҳам бош эгмай қўйди. Шунинг учун суд тизимида бебошлик ҳукм сурмоқда. Судларни халқ томонидан сайлаш талаби адолатлидир. Шундай қилинса, судлар масъулиятни ҳис қила бошлайди”, - деди губернатор.

Бироқ у намойишчиларнинг бошқа талаблари асоссиз эканини таъкидлади.

Жалолобод шаҳри мэри Дуйшен Мамасолиевнинг айтишича, ўзбекларнинг митинг ўтказишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ эди. Бу талаблар митингсиз ҳам ҳукумат расмийларига топширилса, масала музокаралар йўли билан ҳал қилинса, яхшироқ бўларди.

“Ўзбекчани қирғизлар юз фоиз тушунади, қирғизчани ўзбеклар тушунади. Қунда-анда бўлиб кетганмиз. Шунинг учун бу масалани глобал ҳисобламайман”, - деди Д.Мамасолиев.

“Халқ бирдамлиги” партияси республика қўмитаси раиси Аъзамжон Акбаровнинг билдиришича, Қирғизистон мустақилликка эришгандан буён ўтган 15 йил мобайнида мамлакатдаги ўзбек жамоатчилиги ҳукуматга жуда кўп марта ўнлаб таклиф киритган. Бироқ ҳукумат бу таклифларни ўрганиш у ёқда турсин, ҳатто жавоб ҳам қайтармаган.

“Шунинг учун ҳам жалолободлик ўзбеклар бугун митингга чиқишга мажбур бўлди. Мамлакатимизда қирғизлар ва ўзбеклар ягона туб халқдир ва улар Қирғизистон тараққиёти учун хизмат қилиши шарт, қабилида миллий дастур ишлаб чиқилиши ўта зарур. Бугунги кунда бундай мафкуравий дастур йўқ”, - дейди А.Акбаров.

Митинг якунига етаётганда майдонга қирғиз миллатига мансуб бўлган бир гуруҳ аёллар ва ёш йигитлар кириб келди. Улар митингни бузишга ҳаракат қилди. Вилоят раҳбарлари бунга йўл қўймади. Лекин митинг якунланиб, шаҳар ва вилоят раҳбарлари жўнаб кетгач, бир гуруҳ аёллар Жалолобод вилояти ўзбеклар жамияти раиси, Қирғизистон парламенти депутати Қодиржон Ботировга ҳужум қилмоқчи бўлди.

“Қирғизистонда қирғиз тилидан бошқа тил давлат ва расмий тил бўлмайди”, - деб қичқира бошлади аёллар.

Қ.Ботировни қўриқчилари ва милиция ходимлари кутилаётган ҳужумдан асраб қолди.

Унинг маълум қилишича, митингда 25 минг киши қатнашиши режалаштирилган эди.

“Бироқ милиция, миллий хавфсизлик, прокуратура ходимлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари бунга қаттиқ қаршилик кўрсатиб, уларнинг йўлларини тўсиб қўйди. Натижада митингга жуда кам одам етиб кела олди”, - деди Қ.Ботиров.

Жалолобод вилояти расмийлари митинг ўтказилишига тўсқинлик қилинмаганини билдирди ва намойишга келаётган кишиларнинг йўллари тўсиб қўйилгани ҳақидаги ахборотни рад этди.
XS
SM
MD
LG