Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:07

Индонезияда яна кучли зилзила рўй берди


Индонезиянинг Ява оролида кучи 6,2 баллни ташкил этган кучли зилзила рўй бергани оқибатида 3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди, минглаб одам яраланди. Икки юз минг одам хавфсиз жойларга эвакуация қилинди.

Тонгги олтига яқин кучли зилзила содир бўлганида ҳали кўпчилик ширин уйқуда эди. Табиий офат туфайли кўп қаватли бинолар қулади, автомобиль йўллари ва кўприклар бузилди. Саросимага тушган одамлар ўз уйларини ташлаб, кўчаларга қочиб чиқди.

Зилзиладан кейин кўпчилик Ҳинд океанида 2004 йил рўй берганга ўхшаш цунами бўлиши мумкинлигидан хавотирланиб, хавфсиз жойларга қоча бошлади. Аммо бу гал денгиз тўфони кузатилмади.

Ҳозиргача зилзила қурбонлари сони 3 мингдан ортгани айтилаётган бўлса-да, талофат янада кўпайиши мумкин.

“Қулаган бинолар остида қанча одам қолиб кетгани ёки деворлар орасида қамалиб қолганини ҳеч ким билмайди. Бундай эҳтимол мавжуд. Қидириш ва қутқариш ишлари давом этмоқда. Қоронғи тушгани учун қутқариш ишлари яна қанча давом этишини билмайман. Туманларда электр ва сув йўқ. Алоқа ҳам узилган. Аммо тушдан кейин биз мингта оилага етадиган чодирлар, кўрпа-тўшак, дори-дармон, озиқ-овқат, тоза ичимлик сув ва жасадлар солиш учун махсус қоплар тарқатдик”, – дейди Индонезиядаги Халқаро қизил хоч ва Халқаро қизил ярим ой жамияти вакили Лутифер Раҳмон.

Индонезиянинг кучли зилзила рўй берган минтақасида яшовчи минглаб аҳоли масжидлар ва черковлардан бошпана топди. Айни пайтда зилзила эпицентридаги Ёгякарта шаҳри шифохоналари жароҳатланган одамлар билан тўлиб тошган. Баъзи жойларда шифокор ва дори-дармонлар етишмаётгани айтилмоқда.

Л.Раҳмоннинг билдиришича, Халқаро қизил хоч ташкилоти шифокорлардан иборат ўнта гуруҳ тузиб, уларни шифохоналарга жўнатган. Шунингдек, норвегиялик шифокорлар гуруҳи ҳам Индонезиянинг табиий офат рўй берган минтақаси томон йўлга чиққан.

Зилзила рўй берган минтақани бориб кўрган Индонезия президенти Сусило Юдхоёно қутқарувчиларни куну тун ишлашга чақирди.
XS
SM
MD
LG