Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:58

Питер Пайот: “Марказий Осиё халқаро ҳамжамият эътиборидан четда қолмоқда”


Шу ҳафта охирида Нью-Йоркда ОИТС ва ОИТВ га қарши кураш бўйича БМТнинг олий даражадаги халқаро анжумани бошланади. Анжуман олдидан “Озодлик” мухбири БМТнинг ОИТС ва ОИТВ бўйича дастури раҳбари доктор Питер Пайот билан суҳбатлашди.

- Доктор Пайот, сиз куни-кеча Москва сафаридан қайтдингиз. Россия ҳукумати ОИТС ва ОИТВнинг олдини олиш борасида ҳукумат даражасида янги чора-тадбирлар қабул қилди. Шу ҳақда ўз фикрингизни билдирсангиз.

- Президент Путин, ҳақиқатда ҳам, ОИТСга қарши курашда минтақада етакчилик қилмоқда. Яқинда Давлат кенгашининг махсус йиғилиши тўлалигича ОИТСга қарши кураш мавзуига бағишланди ва бюжет ҳисобидан катта маблағ ажратилди, кўплаб янги чоралар белгиланди. Эндиликда Россия бу муаммони ҳал қилиш учун бюджет ҳисобидан 10-12 баробар кўпроқ маблағ ажаратадиган бўлди. Биз буни жуда қувватлаймиз. Чунки Россия, Украина ва Марказий Осиё мамлакатларида касаллик хавфи кескин ортяпти. Афсуски, шу вақтга қадар ҳудудда касалликка қарши курашга етарли эътибор берилмай келди. Бу ерда ҳали ҳам кўпчилик эътибор қилмаётган бир муаммо бор. Бу касалликнинг гиёҳвандлик моддаларини томирга юбориш воситалари - шприц орқали юқишидир. Биз бунинг олдини олиш чорасини, яъни методан препаратидан фойдаланишни таклиф қилганмиз. Афсус, ҳозир энг самарали ҳисобланаётган бу усул Шарқий Европа ва Марказий Осиёда деярли қўлланилмаяпти. Бу усулга ўтмагунча, қўрқаманки, ОИТСнинг шприц орқали юқиши кескин кўпайишда давом этаверади, чунки бу ҳудудларда шприцдан фойдаланувчи гиёҳвандлар кўп.

- ОИТС ва ОИТВ касаллигига оид бугунги умумий вазият Шарқий Европада қай аҳволда-ю, Марказий Осиёда қандай?

- Украина ва Россияда ОИТВ эпидемия даражасига яқинлашиб қолган. Яъни россияликларнинг 1 миллионга яқини орттирилган иммун танқислиги вирусига чалинган. Украинада эса катта ёшли ҳар 60 кишининг бири шу вирусни юқтирган. Аввалига бу ҳудудларда касаллик фақат шприцлар орқали юқаётган эди. Эндиликда эса жинсий алоқа орқали юқиш ҳоллари ҳам қайд этилмоқда. Асосан, Украинда бу ҳол кўпайди. Марказий Осиёга келадиган бўлсак, бу мамлакатлар касаллик тарқалишининг дастлабки босқичида турибди. ОИТВ эпидемиясининг шу ҳолати ҳам бу мамлакатлар Афғонистон орқали келадиган героиннинг транзит йўлида жойлашгани учун юзага келди. Яъни бу мамлакатлар транзит ҳудудидан истеъмолчилар ҳудудига айланяпти. Бу эса ОИТС ва ОИТВ тарқалишининг биринчи поғонасидир.

- ОИТС ва ОИТВга нисбатан одамларнинг ҳушёрлиги қандай? Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги ўзаро фарқли жиҳатлар ҳақида ҳам тўхталасангиз.

- Бошданоқ айтиш керак, касалликка чалинган беморларни камситувчи муносабат ҳар икки ҳудудда ҳам жуда кучли. Шундай нафрат бесоқолбозларга ҳам қаратилган. Марказий Осиёда эса аҳолининг кўпи ОИТС касаллиги ҳақида, ҳатто билмайди ҳам. Агар ўтган асрнинг 80-йилларига назар ташлайдиган бўлсак, АҚШ ва бошқа ривожланган мамлакатларда ҳам бу офатга жиддий қаралмаган. Масалан, Роналд Рейган умрининг охирги кунларига қадар ҳам бу касаллик ҳақида умуман гапирмаган. Шундан кўринадики, ўша вақтларда гомосексуализм ва шу каби кўринишлар билан уйғун бўлгани учун ОИТС ҳақида оммавий тарзда гапиришга жуда тортинилган. Ғарбий Европада ҳам худди шундай муносабат бўлган. Ҳозирга келиб бутун дунё бўйича вазият анча ўзгарди. Тегишли ҳуқуқий нормалар пайдо бўлди. Мисол учун, Украинада касалликни орттирган одамларга ишлаш, жамоатчилик орасида бўлиш имкони яратиляпти. Бу эса касалликнинг олдини олишда жуда муҳим. Бундан ташқари, касалликни орттирган беморларнинг ўзлари бирлашиб, бунга қарши курашяпти. Мактабларда учрашувлар ўтказиляпти. Яъни ОИТСни юқтирганлар ҳам сиз ва биз қатори одам эканини болалар кўряпти. Ҳозир касаллик энг кўп тарқалган Иркутск шаҳрида шундай тадбирлар ташкил қилинди. Бу шаҳарда катта ёшли аҳолининг тўрт фоизга яқини ОИТСга чалинган. Умид қиламизки, яқин йилларда бу ҳудудларда касалликнинг олдини олиш бўйича яхши натижаларга эришилади.

- Шу ўринда Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг айни касалликка қарши курашишга қанчалик тайёрлиги ҳақида ҳам ўз фикрингизни айтиб ўтсангиз.

- Марказий Осиёда нефть захиралари кўп мамлакатлар бор, бироқ бу мамлакатларнинг ўзи камбағал. Улар ОИТСга қарши курашда хориждан келадиган моддий ёрдамга муҳтож. Афсуски, халқаро ҳамжамият ҳали бу ҳудудга керакли эътибор қаратаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG