Линклар

Ислом Каримов умрбод президент бўладими?

  • Сарвар Усмон

Интернетдаги баъзи сайтлар андижонлик бир гуруҳ оқсоқолларнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга хат йўллагани тўғрисида хабар тарқатди.

"Ўзбекистон президенти Каримов амалда умрбод қолсин, Андижон вилояти ҳокими Бегалиев ишдан кетсин”. Хатнинг мухтасар мазмуни, унда битилган талаб мана шу.

"Андижонда қон дарё бўлиб оққанига, одамларни юк машиналарига ахлат каби ортиб, номаълум томонга олиб кетганларига ўзимиз гувоҳмиз. Буни яширишга не ҳожат? Бу ҳоким жаҳолат тимсолидир, у келдию, андижонлик ўғлонларнинг қони тўкилди", - дейилади андижонлик оқсоқолларнинг президентга йўллаган мактубидан парча келтирган сайтларда.

Хабар муаллифининг ёзишича, андижонлик оқсоқоллар "агар Бегалиев ишдан олинса, 2007 йилги сайловда И.Каримовнинг президентликда умрбод қолишига овоз бериши”ни билдирган.

Хабар муаллифи оқсоқоллар вилоят ҳокимидан қўрқиб, хатни имзоламаганини ёзади. Шунинг учун уни эътиборсиз қолдирса ҳам бўлаверарди.

Бироқ бу хабар бундан икки ярим ой муқаддам, 12 мартда пайдо бўлган бошқа бир хабарни ёдга солди. Ўшанда Ўзбекистон Сенати мажлисида сенаторлардан бири худди шу масалани, яъни И.Каримовни президентликда умрбод қолдириш масаласини кўтаргани тўғрисида айтилганди.

Демократик Ўзбекистон конгресси раиси Жаҳонгир Маматов ўша хабар пайдо бўлган кунларни назарда тутиб: “Айтаётганингиз хабар чиқишидан бир неча кун олдин Тошкентдаги ишончли манбадан Ислом Каримовнинг ваколатлари ҳақида гўёки бир ҳужжат тайёрлангани тўғрисида маълумот олган эдим. Ўша ҳужжат юзасидан Ислом Каримов: "Конституциявий суддагилар ва бошқалар билан бу масаланинг бошқа жиҳатлари тўғрисида маслаҳат қилинглар, балки Конституциядаги шароитлардан келиб чиқиб, бир нарса қилиш мумкиндир, бундай имконият бўлмаган тақдирда қонун лойиҳасини кўриб чиқамиз",- деган маънода ўша ҳужжатни Эркин Халилов ва Шавкат Мирзиёевга қайтиб бергани ҳақида маълумот олгандим. Ҳар ҳолда шундан кейин сиз айтаётган маълумот пайдо бўлди. Ҳақиқатан ҳам Тошкентда шу йўналишда жиддий иш кетяпти”, - деди.

Андижонлик оқсоқолларнинг мактуби ана ўша “жиддий иш” жараёнидаги бир босқичми ёки уларнинг қалб амри ифодасими?

Бу саволни андижонликларнинг ўзларига бердик.

Ўзини Ҳалимахон опа, деб таништирган опанинг гапларини эшитинг: “Андижонликларнинг бундай хат ёзиши мумкин эмас. Лекин чиндан ҳам кўпчилик Бегалиевдан норози. Афтидан, у вилоят амалдорларига ҳам ёқмаяпти. Бироқ умрбод қолинг, деб президентга хат ёзишларини ақлимга сиғдира олмайман”.

Ҳалима опанинг билдиришича, ўтган йилги воқеалардан кейин андижонликларнинг кўп нарсадан ҳафсаласи совуган, иқтисодий аҳволи эса йилдан-йилга оғирлашиб бормоқда. Ана шундай шароитда президент ваколатларининг умрбод узайтирилишини сўраб хат ёзилиши мумкин эмас.

“Эрк” демократик партиясининг Андижон вилояти кенгаши раиси, шу кунларда муҳожиратда яшаётган Исроилжон Холдоров шундай хат ёзилган бўлиши эҳтимолдан холи эмаслиги, лекин мактуб оддий андижонликларнинг қалб амри ифодаси эмас, балки ҳокимият эски советча услубда уюштирган иш экани ҳақида фикр билдирди.

Ж.Маматов эса хат уюштирилган ёки уюштирилмаганидан қатъи назар, амалдаги ҳукумат ҳокимиятда қолишга қарор қилса, бунинг иложини топишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG