Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:55

М.Тожибоевага чиқарилган ҳукм кучида қолди


Тошкент вилояти жиноят ишлари суди апелляция коллегияси фарғоналик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева устидан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди.

30 май куни ишини якунлаган аппеляция суди аввалида М.Тожибоева ўзига қўйилган айбнинг бирортасига иқрор эмаслигини айтган ва суд ҳайъатига 18 та сўров билан илтимоснома киритган эди. Шунингдек, М.Тожибоеванинг ҳимоячиси Ҳусан Маҳбубов ҳам иккита сўровнома киритиб, ҳуқуқ ҳимоячиси устидан олиб борилган тергов материалида исбот тариқасида келтирилаётган асосий далиллардан бири – судланувчининг Мамадаминов исмли шахс билан суҳбатидан ёзиб олинган аудиоёзувни экспертиза қилишни талаб қилган эди.

30 май куни ажрим чиқарган Тошкент вилояти суди бу сўровномаларни асоссиз топиб, М.Тожибоевага нисбатан эълон қилинган аввалги суд ҳукмини ўз кучида қолдирди.

“Тошкент вилояти прокурорининг М.Тожибоевага нисбатан чиқарилган ҳукмни енгиллаштириш ҳақидаги протест ҳамда менинг ҳукм ва суд жараёнида қабул қилинган ажримларга нисбатан ёзган барча турдаги апелляция шикоятларим оқибатсиз қолдирилди. Дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида ажрим қабул қилинди. Келгусида шу ажрим нусхасини олгандан кейин назорат тартибида Ўзбекистон Олий судига ёзиш режаси бор”, - деди адвокат Ҳ.Маҳбубов.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотларнинг аксарияти М.Тожибоевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши ва судловлар сиёсий сабабларга кўра уюштирилгани, унинг ўзи эса айбсиз эканини айтиб келмоқда.

Ўзбекистондаги “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғунов М.Тожибоева устидан ўтказилган барча суд жараёнларини кузатиб келмоқда. Унинг сўзларига кўра, апелляция судида кўпгина қонунбузарликлар кузатилган.

“М.Тожибоева иши уюштирилгани аниқ кўриниб турибди. Кўпгина илтимосномалар эътиборга олинмади. Чақирилиши сўралган гувоҳлар чақирилмади. Ёдингизда бўлса, М.Тожибоева ўтган йили 13 апрелда ИИВ ўтказган матбуот анжуманида қатнашиш учун келаётганда ўғирлаб кетилган. Уни милиция ёллаган 20га яқин жиноятчи овлоққа олиб бориб, роса қўрқитган, зўрлаган экан. Бировга гапирсанг, қизингнинг аҳволи ҳам шундай бўлади, деб қўрқитган экан. У шу вақтгача буни айтмаган эди. Апелляция суди йиғилишида буни ҳам айтди. Лекин унинг кўпгина фактларидан бирортасига суд эътибор қилмади. М.Тожибоева ҳам ўзининг озодликка чиқарилмаслиги билгани ва ҳақиқатни билиб қўйишлари учун бу гапларни айтганини билдирди”, - дейди А.Турғунов.

Унинг таъкидлашича, кейинги вақтда ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан ҳукумат томонидан қилинаётган тазйиқда бир умумий ҳолат кузатилмоқда. Бу уларнинг ҳаммасини товламачиликда айблаб, ҳибсга олишга уринишдир. Аксар ҳолларда бу уриниш натижали бўлаётгани табиий.

“Уларга қўйилаётган айбловларнинг аксарияти товламачиликдир. Шу вақтга қадар ҳуқуқ ҳимоячиларининг олтитаси - Аъзамжон Фармонов, Алишер Кароматов, Самарқандаги ҳуқуқ ҳимоячилари, бизнинг Каттақўрғондаги вакилимиз Бобомурод Мавлоновга шундай айб қўйилди. Бунинг ҳаммаси битта сценарий асосида бўлмоқда. Ҳар доимгидай сайлов олдидан демократик кучлар ва мухолифатга қарши репрессия бошланди. Ҳозир очиқда қолган ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакилларига ҳам осон бўлаётгани йўқ. Нима бўлганда ҳам биз М.Тожибоева ишини кассация тартибида Олий судга бермоқчимиз”, - деди А.Турғунов.

Эслатиб ўтамиз, М.Тожибоева 2005 йил 7 октябрда Дублинда бўладиган халқаро анжуманга кетиш олдидан ҳибсга олинган. У Жиноят кодексининг 20 га яқин моддаси, жумладан, туҳматчилик, порахўрлик, ердан ноқонуний фойдаланиш, шунингдек, сиёсий характердаги жиноятларда айбдор топилган. Айнан шу характердаги модда туфайли 2005 йилда эълон қилинган амнистия унга нисбатан қўлланилмади. Дастлабки судда у 8 йилга озодликдан маҳрум этилганди.
XS
SM
MD
LG