Линклар

logo-print

Абдураҳмоновлар фожеаси

  • Барно Анвар

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи Отабек Абдураҳмонов асоссиз ҳибсга олингани тўғрисидаги хабарларни инкор этди.

Вазирликнинг “Press-uz.info” сайтига берган маълумотига кўра, 2006 йилнинг 6 апрелида ҳибсга олинган О.Абдураҳмоновга нисбатан Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси тергов бўлими Жиноят кодексининг 244-2- моддаси (диний, экстремистик ва айирмачилик ташкилотлари тузиш, улар фаолиятда қатнашиш ва раҳбарлик қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатган, яъни у “Ҳизб ут-таҳрир” партиясига аъзоликда айбланган ва ҳозирги вақтда унинг айби исботланган.

О.Абдураҳмонов унинг оиласида ҳибсга олинган иккинчи фарзанд. Акаси Достон Абдураҳмонов ҳам худди шу айблов билан 1999 йилнинг декабрида ҳисбга олинган ва 9 йилга қамалган. Асли беш ака-ука бўлган Абдураҳмоновларнинг яна икки нафари 1999 йилдан бери қувғинда. Фақат бир ўғли ва тўрт қизи билан қолган она – Назира Абдураҳмонова ўшандан буён ўғиллари ҳуқуқи учун курашиб юрибди. Аммо бесамар.

Ички ишлар вазирлиги вакили Алишер Шарипов “Озодлик” радиоси мурожаатига жавобан “Press-uz.info” сайтига берган маълумотларини тасдиқлаб, тафсилотлар юзасидан Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасига боғланиш кераклигини айтди. Тошкент вилояти ИИБга мурожаатлар эса жавобсиз қолди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига кўра, О.Абдураҳмонов 2006 йилнинг 6 апрелида ҳибсга олинган. Шу куни саҳарлаб Абдураҳмоновлар эшигини қоққан тўрт нафар милиция ходимидан бирининг қўлида автомат бўлган ва уйда тинтув ўтказиб, ҳеч нарса топа олмагач, кечга қадар қўйиб юборишни ваъда қилиб, Отабекни олиб кетган.

“Аммо Отабек қўйиб юборилмаган. Бизга маълум бўлишича, у 24 кун давомида Тошкент вилояти ИИБнинг тергов изоляторида сақланган. Ҳозир эса Тоштурмага ўтказилган. О.Абдураҳмонов “Ҳизб ут-таҳрир” партиясига аъзоликда айбланмоқда”, - деди С.Икромов.

С.Икромов Отабекнинг 1999 йил 16 декабрда “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган акаси Достон қамоқхонада анча тазйиққа учрагани ва ҳозир аҳволи жуда оғирлигини билдирди.

“Д.Абдураҳмонов Бухоро вилоятидаги Когон шаҳри қамоқхонасида сақланяпти. Бизга маълум бўлишича, у қийноқларга солинган, сил касалига чалинган. Абдураҳмоновларнинг онаси ташкилотимизга мурожаат қилди. У 9 фарзанднинг онаси экан. Шундан бештаси ўғил. Ҳозир беш ўғилдан биттаси уйида қолган. Яна иккитаси 1999 йилдан бери милициядан қочиб юрибди”, - деди С.Икромов.

Шу ўринда маълумот тариқасида айтиш мумкин, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ва яна бир неча халқаро ташкилотларнинг 2005 йил якунлари юзасидан маълумотига кўра, шу кунга қадар турли айбловлар билан айбланган, аммо аслида диний эътиқоди учун таъқиб қилиниб, Ўзбекистон қамоқхоналарига ташланган маҳбуслар сони 7 мингга етган.
XS
SM
MD
LG