Линклар

Қирғизистонда ўзбек тилига расмий мақом бериш масаласи қандай пайдо бўлганди?


Тўлқин 30 май куни Қирғизистон парламентининг навбатдаги йиғилиши кун тартиби доирасида мамлакатда ўзбек тилига расмий тил мақоми бериш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Бу масала парламентнинг ўзбек миллатига мансуб депутати, Жалолободдаги ўзбек миллий маркази раҳбари Қодиржон Ботиров томонидан кун тартибига киритилди.

“Биз 27 май куни Жалолобод вилоятининг барча туманларидан келган ўзбеклар иштирокида митинг ўтказдик. Қирғизистонда бир миллиондан ортиқ (мамлакат аҳолисининг бешдан бир қисми) ўзбек яшайди. Улар Қирғизистонда ўзбек тилига расмий тил мақоми берилишини истайди. Конституциявий ислоҳот масаласи кўтарилаётган бир пайтда одамлар ушбу масала ҳам Конституцияда акс этишини хоҳлайди”, - деди Қ.Ботиров.

Бироқ депутатларнинг кўпчилиги бунга қарши чиқди. Жумладан, депутат Суронбой Жиянбеков Қ.Ботировга “қирғиз мамлакати қийналиб турган пайтда бу масалани кўтариши тўғри эмас”лигини айтди.

“Тушунаман, ўзбек депутатлари кейинги сайловда овоз олишда ўзбек сайловчиларига ёқиш учун шундай қиляпти. Биз бир эл, бир юртмиз, бир-биримизнинг тилимизни тушунамиз. Шундай экан, ўзбек тили расмий тил бўлишининг кераги йўқ”, - деди С.Жиянбеков.

Қирғизистон парламентининг 7 депутати - Даврон Собиров, Алишер Собиров, Қодиржон Ботиров, Абдураҳмон Абдуллаев, Муҳаммаджон Мамасаидов, Абдумуталлиб Ҳакимов ва Иномжон Абдуллаев ўзбек миллатига мансуб. Сессияда улар ўзбек тилига расмий мақом бериш масаласини Қирғизистонда ҳар йили бир марта ўтказиладиган Конституциявий кенгаш йиғилишида муҳокамага қўйишни таклиф қилди.

Аммо бошқа депутатлар 1990 йилда содир бўлган Ўш воқеасини эсга олиб, бу масалани кўтармасликни илтимос қилди.

Қолаверса, депутат Қамчибек Ташиев ўзбек тилига расмий мақом бериш зарурати йўқлигини таъкидлаб, Ўзбекистонда яшовчи қирғизлар “ҳеч қандай имтиёзга эга эмас”лигини иддао қилди.

Йиғилишда бу масала юзасидан ҳеч қандай қарор қабул қилинмади.

Хўш, Қирғизистонда ўзбек тилига расмий мақом бериш таклифи қаердан пайдо бўлди? Йиғилишдан сўнг “Озодлик” мухбири худди шу савол билан Қ.Ботировга мурожаат қилди.

Қ.Ботировнинг сўзларига кўра, 20 май куни бир йиғинда “Эркиндик” партияси етакчиси Тўпчибек Турғуналиев “Қўқон хонлиги даврида ҳам хонликни қирғизлар бошқарган”ини иддао қилиб, ўзбекларнинг иззат-нафсига теккан. Шундан сўнг ўзбекларнинг аксарияти йиғилишни тарк этган. Шу сўз муносабати билан 24 май куни Жалолободдаги ўзбеклар марказида 500 киши иштирокида қурултой ўтказилиб, ўзбек тилига расмий тил мақомини бериш масаласини кўтаришга келишилган. Лекин бу режа ҳукумат идораларининг кескин қаршилигига учраган.

Қ.Ботиров мустақилликдан кейин қабул қилинган Конституция ўзбек тили расмий тил мақомини олишига изн беришини таъкидлаб, бу масалани қонун доирасида ҳал этиш учун ҳаракатлар давом этишини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG