Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:01

“Маҳмуд Худойбердиев” қартаси яна ўйинга киряпти...ми?


“Исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев жангариларининг ҳарбий тайёргарликдан ўтиши учун Ўзбекистон ҳудудида барча шароитлар яратиб берилган, улар қулай фурсатда Тожикистонга ҳужум қилиш ниятида”.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳукуматида 30 май куни ўтказилган матбуот анжуманида шундай иддао янгради.

Вилоят прокурори бош ёрдамчиси Фатҳиддин Зуҳуровнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Ўзбекистондаги ва Тожикистондаги аъзолари ҳамда М.Худойбердиев жангарилари Тожикистоннинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётини беқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Асли Наманган вилоятидан бўлган, ЎИҲ раҳнамоларидан бири Жума Намангонийнинг яқин одамларидан Расул Охунов сўнгги йилларда Сўғд вилоятида яшаб, тожикистонлик ёшларни ЎИҲга жалб қилинган.

“Тожикистоннинг Чкаловск шаҳридаги у турган уй тинтув қилинганда иккита сунъий йўлдош телефони топилди. У Покистон, Эрон, Буюк Британия, Норвегия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Янги Зелландиядаги ҳомийлари билан алоқа қилган”, - деди Ф.Зуҳуров.

Ф.Зуҳуров Р.Охунов билан ҳамкорлик қилган тожикистонлик бир неча фуқаро ҳибсга олиниб, 9 йилдан 19 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилганини билдирди.

Унинг айтишича, январь ойида Қайроққум ИИБнинг вақтинча сақлаш изоляторига ҳамда Исфарадаги чегара заставасига қуролли ҳужум қилганлар ҳам ЎИҲ аъзолари бўлган. 2005 йилдан буён бу ҳаракатнинг 12 аъзоси ҳибсга олинган, 17 нафари эса қидирувда.

Лекин, эслатиб ўтиш керак, ЎИҲга аъзоликда айбланиб, судланганларнинг яқинлари бу айбловларни рад этади. Жумладан, 19 йилга қамалган Аббос Мираҳмедовнинг яқинларидан бири: “Гўёки Ўзбекистондан Жума Намангонийнинг икки вакили келиб, булар билан суҳбатлашган, бирга фаолият юргизган эмиш. Лекин бу гапларни тасдиқлайдиган бирорта факт йўқ. Ҳатто гувоҳлар ҳам буни тасдиқламади. Дастлабки тергов давомида эса айбланувчиларга адвокат берилмаган. Демак ҳамма кўрсатмалар қийноқлар воситасида олинган”, - деди.

Прокурор ёрдамчисининг маълум қилишича, М.Худойбердиевнинг жангарилари 1998 йилда Сўғд вилоятига ҳужум қилганида 120 киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг жангариларнинг қолганлари “қўшни Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтиб, ўша ердан паноҳ топган”.

Ф.Зуҳуров қўлга олинган жангарилардан Ўзбекистон ҳудудида М.Худойбердиев одамлари яшайдиган ва жанговар тайёргарлик ўтайдиган ўндан ортиқ база, бу базаларнинг ҳар бирида 60-100 одам борлиги ҳақида маълум олинганини қўшимча қилди. Жумладан, бу жангарилар базаларга “Зевар”, “Занбек”, “Тамшум”, “Киштут”, “Юлдузча”, “Шоҳимардон” каби шартли номлар берилгани, уларнинг бир қисми Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашганини ҳам айтган.

“Озодлик” мухбирининг М.Худойбердиев жангариларининг Ўзбекистон ҳудудида экани ҳақида аниқ далиллар борми, деган саволига Ф.Зуҳуров: “Биз 8 кишилик гуруҳни қўлга олганимизда уларнинг ёнидан 98 та сурат топилди. Бу суратларда ўша базалар, машқлар ўтказилаётган ҳолатлар, қаерда жойлашгани акс этган. Бундан ташқари, улар доим ўша ерда бўлмайди. Базадан ташқарига чиққанда Ўзбекистон махсус хизматлари вакилларидан бир киши уларни кузатиб, қўриқлаб юради”, - дея жавоб қайтарди.

У тожикистонлик ёшлар Ўзбекистонга олиб ўтилиб, М.Худойбердиев жангарилари сафига ёлланаётганини ҳам билдирди.

“90-йилларда Хўжанддаги “Санно” қўшма корхонасига раҳбарлик қилган Абдуазиз Ғафуров ҳозир Тошкентда яшамоқда. У М.Худойбердиевнинг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари. У ҳамшаҳри Жўра Убайдуллаев воситачилигида тожикистонлик Баҳром Ҳалимов, Бахтиёр Самадов, Муҳсинжон Султонов ва бошқаларни Ўзбекистонга яширинча йўллар билан олиб ўтиб, жангарилар сафига қўшган. Уларга ойига 50 АҚШ доллари миқдорида маош тайинлаган”, - деди Ф.Зуҳуров.

Шу пайтгача Тожикистонда М.Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланиб, 100 дан ортиқ тожикистонлик фуқаро турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди.
XS
SM
MD
LG